Дунё: Британ сураткаш ва колумбиялик ёлланма қотил муҳаббати (+18)

18+

Жейсон Хау ва Марилин Фото муаллифлик ҳуқуқи Jason P. Howe y Marilyn
Image caption Жейсон Хау ва Марилин

Британиялик фотосуратчининг Марилин исмли колумбиялик ёлланма қотил аёл билан оташин ишқ қиссаси бўлган. Аёл унга биринчи кундан бўлмаса-да, ҳаётда нима билан кун кўришини очиқ тан олган. Йигит бу ҳақда Би-би-си жаҳон хизматининг "Аутлук" (Outlook) радиодастурида сўзлаб берди.


Жейсон Хау Англияда нисбатан камбағал оилада туғилиб ўсган.

Бироқ унинг фотографияда истеъдоди юзага чиқди ва улғайгач, ўз тасвирларини силлиқ муқовали журналларга сота бошлади.

Унинг ҳаёти зерикиш туфайли кескин ўзгарди: чиройли манзараларни ёки унча гўзал бўлмаган моделларни суратга олиш жонига тегди ва имкон қадар ўта қўрқинчли вазиятлар бўлмаган ҳудудда ҳарбий фотомухбир бўлишнинг вақти келди, деган қарорга келди.

Жейсон ўн йиллардан буён фуқаролик уруши бораётган Колумбияни танлади.

У ерда аввал ФАРК гуруҳининг сўл иттифоқчиларига алоқага чиқди, кейин эса мувозанат учун ўнг қанот қуролли кучларига киришга қарор қилди ва мамлакатнинг Экватор билан чегарадош жанубига йўл олди.

Айнан шу ерда унинг ҳаётига ёлланма қотил кириб келди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Жейсон ва Марилин унинг шаҳрига борадиган йўл автобусида учрашиб қолишди. Автобус бир неча соат юрди, улар узоқ суҳбатлашишди. Марилин ундан нима учун у ерга бораётганини сўради, чунки чет элликлар бундай жойларда камдан кам бўлишади.

Маҳаллий жангарилар билан учрашишни истаётганини эшитгач, аёл унга ота-онаси шаробхона эгалари эканлигини, у ерга айнан шу каби одамлар тез-тез кириб туришларини айтади. Бундан ташқари меҳмонхонаси ҳам бўлиб, хона ижарага беришаркан. Йигит учун бу айни муддао эди.

Жейсон ва Марилин бир-бирига ёққанлиги кўриниб турарди. Қизиғи, йигит испан тилида бузиб гапирарди, Марилин эса инглиз тили ҳақида эшитган холос.

Эртаси куни Марилин Жейсонга атрофни кўрсатишга олиб борди. Дарёга боришди. Шу ерда қўл ушлашишди ва қайноқ бўсалар олишди.

Муаммо шунда эдики, Марилин яшаётган ва Жейсон хона ижарага олган уйда қизнинг ота-онаси ва акаси ҳам яшарди. Шу боис, иккиси ҳам ўзларини одоб доирасидан чиқмаган ҳолда тутишларига тўғри келарди.

Жейсон маҳаллий арзон меҳмонхонага кўчди. Марилин шу куниёқ унинг ёнига келди ва тунни бирга ўтказишди. Тонгда эса аёл унга муҳим бир гапни билиши лозимлигини айтди.

Иқрор

"Мен ёлланма қотилман", - оддийгина қилиб айтди қиз унга.

Аниқ бўлишича, у Жейсон ўзининг фоторепортажи учун боғланмоқчи бўлган ўша ўнг жангариларга ишларкан.

Йигитнинг айтишича, Марилин унга нима деганини дарҳол англамаган, испанчада яхшиликни тилаб қўя қолган.

Жейсоннинг янги дўсти бу вақтгача 35 кишини у дунёга равона қилганди.

Колумбия можароси 200 мингдан зиёд кишини ҳаётдан олиб кетди. Фуқаролик уруши кўптомонлама эди. Бир томонда сўл гуруҳ жангарилари, бошқа томонда - ўнг гуруҳ жангарилари. Бундан ташқари Колумбия армияси. Марилин ўнг жангарилар билан ишларди.

Унинг бир неча тўппонча ва пичоқлари бор эди. Тўппончанинг бирини уйда, бошқаларини назорат постларидан эркин ўтиши учун шаҳарнинг турли жойларига бекитганди.

Одатда у одамларни отиб ўлдирарди, аммо баъзида қорнидан чавақларди.

Унга бирон-бир кишини ўлдириш буйруғи келарди, у бажарарди. Қотилликдан сўнг жасадни таниб бўлмаслиги учун бўлакларга бўлиб, аъзоларининг ҳар бир қисмини шаҳарнинг турли бурчакларига олиб бориб ташлашарди.

Жейсон ундан нима учун бу иш билан шуғулланишга қарор қилганини сўради. Марилин унга ҳаммаси аввалига ўзида одам ўлдириш учун қатъият етадими-йўқми, шуни тушуниш истагидан бошланганини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jason P. Howe
Image caption Марилин ўзида одам ўлдириш учун қатъият етадими-йўқми, шуни тушуниш истагида одам ўлдиришни бошлаган

Ҳақиқий Голливуд

Би-би-си билан интервьюда Жейсон бир томондан бунга ўхшаш бирон нима кутмаганини, яна бошқа томондан эса аллақачон Колумбияда етарлича зўравонлик ва ўлдирилган одамларни кўрган эдики, қиз шунчаки бу каби ҳаракатлар меъёрдаги ҳаётнинг бир қисми ҳисобланиб кетган муҳитда ўсганлигини айтади

Жейсон унинг касбига қарамай, Марилин билан учрашишда давом этади.

Жейсоннинг айтишича, Голливудда киллерлар ҳақида кўп фильмлар суратга олинади, аммо кам ҳолатларда қаҳрамони ижобий бўлиб чиқади. Бундай фильмлар фавқулодда машҳур бўлиб кетади. Бу ерда эса ҳудди кинодагидек ҳақиқий вазият.

Бунинг устига у ёш ва келгинди, бундай одамлар эса одатда ич-ичидан ишонадики, маҳаллий низолар уларга ҳеч қанақасига таъсир қила олмайди.

Жейсон нима учун Марилин унга буларнинг ҳаммасини гапириб беришга қарор қилганини ўзи ҳам ҳалигача тушунмаслигини айтади. Аммо руҳий ҳолатига кўра, қалбида тўлиб кетганларини кимгадир айтиши, бу одам эса бетараф ва албатта хавфсиз бўлиши керак бўлган, деб ўйлайди.

Эҳтимол. Аммо кейин ҳаммаси орқага кетди.

Жинси ва косметика

Ҳаммаси меъёрида эмаслиги ҳақидаги биринчи ишора маҳаллий ресторандаги ҳодисада бўлди. Жейсон у ерга шаҳарга келган хорижлик журналистларни олиб келганди. Кутилмаганда Марилин кириб келди. Ҳамма официант ва бошқа ходимлар аввалига қотиб қолди, кейин эса тезда қочиб қолишди.

Кейин улар йигитга қизнинг таниқли қотиллигини айтишди.

Улар аввалгидек бир-бирига ёқар ва учрашиб туришарди. Токи Марилин яна баъзи бир нарсаларни йигитга айтгунича.

Маълум бўлишича, у ўз соҳасида фрилансер бўлибди ва энди нафақат ўнг жангарилари, балки шахсий буюртмаларга кўра ҳам одам ўлдиради. Пул эвазига.

Ундан гоҳ эрининг хушторини ўлдиришни сўрашган, гоҳ қарзини қайтармаётган қайсидир бир қариндошини, гоҳида яна кимнидир. Иш шунгача бориб етдики, ўзининг бир неча жиянларини ҳам ўлдирганини қизнинг ўзи айтди.

Шу онда Жейсон ноқис даврадалигини тушунди. Қандай қилиб пул учун шунчаки одам ўлдириш мумкин? Буни у тушуна олмасди.

Яна унинг бу пулларни нима қилиши ҳақидаги саволига Марилиннинг берган жавоби таъсирлантирди. «Жинси, пардоз буюмлари сотиб оламан», - деди қиз.

Шу заҳотиёқ бу «хунар»ни ташлаши ва қанчалик ғалати бўлмасин, ҳамшира бўлишни орзу қилишини айтди.

Марилин қилаётган ишлардан Жейсон даҳшатга тушганини кўзларидан сездириб қўйгач, қиз «Мени ҳукм қилишга журъат қилма!» дея тўппончасини олиб йигитга ўқталди.

Йигитга «Ёки мени ҳозир ўлдир, ёки бошқа менга таҳдид қилма» деган сўзи иш берди. Ундан кейин ҳам тўппончани олиши учун агар кимда ким уни ўлдиришни буюрса, ундан икки баробар кўп тўлашини айтади. Марилин шундан кейин жилмайди ва тўппончани пастга туширди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шундан сўнг Жейсон бир пайтда бир неча ишларни амалга оширди. Биринчидан, пул учун одам ўлдириш - ҳаддан ташқари деган қарорга келиб қиз билан муносабатларини узди.

Иккинчидан, гарчи ҳарбий кучларни тарк этиш учун фақат олдинга қадам ташлаш билан тарк қилиш мумкинлигини иккиси ҳам билса-да, қизга ёрдам беришга ҳаракат қилди.

Бундан ташқари, у вазиятни тасвирлаб берган колумбиялик танишларининг барчаси бу аёл билан бошқа учрашмасликни, бунинг охири ҳеч қандай яхшилик билан тугамаслигини қатъий таъкидлашди.

Учинчидан, у грек телеканали учун Марилин билан телеинтервью ташкиллаштирди. Кўрсатувда Марилин одамларни қачон ва қандай ўлдириши ҳақида ҳеч бир ҳиссиётларсиз, хотиржам ҳикоя қилиб берди. Уни таниб қолмаслик учун бошида ёпинчиқ бор эди.

Шундан сўнг Жейсон Колумбиядан кетди ва шу интервью асосида ҳамда шахсий фотосуратлари асосида Марилин ҳаёти ҳақида шаҳар ва қизнинг номини ўзгартириб хужжатли фильм суратга олди.

Аммо ҳақиқий киллер билан боғлиқ муносабатлар тарихи шу билан тугамади.

Колумбияга қайтиш

Охир-оқибатда Жейсон ҳарбий ҳаракатларнинг ҳақиқий, жиддий ҳудудига боришга қарор қилди ва фотоаппарати билан Бағдодга йўл олди. Айни ўша пайтда у ерда бомбалар тинимсиз портлар, ҳар куни ўнлаб одамлар ҳалок бўларди.

Кутилмаганда унга Марилиндан электрон хат келди. Мактубда қиз ундан туғилиб ўсган шаҳридан кетишида ёрдам беришини сўраганди. Жейсон унга нимадир кескинроқ жавоб ёзди. Аммо кейин яна ўйлаб кўриб, жавоб ёзишини сўраб электрон манзилига хат юбора бошлади.

Жавоблар бўлмади. Жейсон нимадир ноҳушликни гумон қилди ва Колумбияга йўл олди.

Уни кўриб Марилиннинг ота-онаси бор овозда ўкириб йиғлашди. Марилинни ўнг жангарилари хуфиёна хабар ташишда гумонлаб ўлдиришибди.

Ўта ваҳшийлик билан, жони чиққунича тош билан уриб ўлдиришган.

Жейсон қизнинг қабрига борди, гуллар қўйди. Кейин унинг ота-онаси Марилин ҳақидаги хужжатли фильмни нима учун дунё бўйлаб тарқатганини сўрашди.

Гарчи у шаҳар номини ва қизнинг исмини ўзгартирган бўлса-да, маҳаллий аҳоли Марилин деб ҳисоблашган ва келиб ота-онасидан: «мени хотинимни у ўлдирганми, мени эримни, мени жиянимни?», - дея сўрай бошлашган.

Бир неча соатлик оғир суҳбатдан кейин Марилиннинг ота-онаси йигитни тушунишини ва ҳаммасини тушунтириш учун келганлигидан миннатдорликларини билдиришди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jason P. Howe y Marilyn
Image caption Жейсон ва Марилин

Аммо тарих бу билан ҳам тугамади.

Бағдодда ўтган вақт асоратсиз қолмади: Жейсон жароҳатланишдан кейинги асаб бузилиши, руҳий зўриқишдан азоб чека бошлади. Испания жанубидаги тоғдаги мутлақо ёлғиз уйга кетгач, деярли таркидунёчидек яшай бошлади.

Ва кутилмаганда Марилиннинг қизидан электрон хат олди. Қизча улғайган, унда ҳаммаси жойида, университетда ўқиркан. Хатда анча йиллар аввал оламдан ўтган онаси ҳақида гапириб бериши учун Жейсон билан кўришиш истагида эканлигини билдирганди.

Афтидан, қиз онасининг «иши» ҳақида - қандай ва кимларни ўлдирган, чавақлаган ва бошини олганлари каби тафсилотларни билишни истайди, деб ҳисоблайди Жейсон.

Улар яқинда учрашишлари керак. Жейсоннинг руҳияти яхшиланди, бунинг устига у Марилиннинг қизини деб ўзининг таркидунёчилигига чек қўйишга тайёр.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek