Дин ва дунё: Нега Араблар ўз динидан воз кечмоқда?

Illustration

Сўнгги йилларда ўтказилган энг йирик ижтимоий сўров натижаларига кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада "мен динсизман" деб айтадиган Арабларнинг сони ортмоқда.

Сўровнома ортидан арабларнинг аёллар ҳуқуқлари, миграция, хавфсизлик ва жинсга доир масалалар бўйича қандай қарашда экани ҳам анчайин ойдинлашган.

Arab Barometer тадқиқот тармоғи томонидан Би-би-си Араб Хизмати учун ўтказилган сўровномада 2018 йил охири ва 2019 йил баҳорига қадар 10 мамлакат ва Фаластин ҳудудларидан 25 мингдан зиёд одам қатнашган.

Сўровдаги айрим натижалар қуйидагилар:

2013 йилдан буён сўровнома ўтказилган минтақа бўйлаб ўзини «диндор эмас» дея ҳисобловчилар сони 8 фоиздан 13 фоизга қадар ўсган.

Тадқиқот, айниқса, 30 ёшдан кичик бўлганлар орасида динсизлик кучайганини аниқлаган.

Уларнинг 18 фоизи ўзини диндор ҳисобламайди.

Фақатгина Яманда ушбу ёш категориясига мансублар орасида динсизлик даражаси пасайгани кузатилган.

Минтақадаги аксар одамлар (Жазоир бундан мустасно) аёл кишининг бош вазир ёки президент бўлиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаган.

Жазоирликларнинг 50 фоиздан камроғи аёл кишининг давлат раҳбари бўлишига тоқат қилишини билдирган.

Бироқ оилавий масалаларга келганда иштирокчиларнинг кўпчилиги - аёлларнинг катта қисми ҳам - эркак киши муҳим қарорларни олиши лозимлигига ишонишини айтган.

Фақат Марокашда аҳолининг ярмидан камроғи эркакнинг сўнгги қарор олиш ҳуқуқини дастаклаган.

Гомосексуалликни қабул қилиш эса бутун минтақа бўйлаб паст ёки ўта паст даражада эканини аён бўлган.

Қўшниларига нисбатан либералроқ экани билан ажралиб турадиган Ливанда ҳам аҳолининг 6 фоизигина гейларга тоқат қилишини билдирган.

Яқинларига иснод келтирган оила аъзоси, айниқса, ёш аёлларни ўлдиришга асосланган "номус қотиллиги" гомосексуалликдан кўра кўпроқ қабул қилиниши ойдинлашган.

Сўровномада, шунингдек, давлатлар раҳбарларининг сиёсатига нисбатан муносабатлар ҳам ўрганилган.

Иштирокчиларнинг жуда кам қисми Доналд Трампнинг Яқин Шарқ сиёсатини дастаклашини айтган.

Сўровнома ўтказилган 11 ҳудуддан еттитасидаги аҳолининг ярми ёки ундан кўпроғи Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон сиёсатини кўпроқ ёқлашини таъкидлаган.

Ливан, Ливия ва Мисрда Президент Эрдўғондан кўра Владимир Путин сиёсати кўпроқ маъқулланиши аён бўлган.

Юқоридаги рақамлар 100 фоиз аҳолининг 79% ёки 63% деб қабул қилинмайди. Чунки "Билмайман" ва "Жавоб бермайман" деган жавоблар сўров натижаларига киритилмаган.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африка яшовчиларининг катта қисми хавфсизликни энг долзарб масалалардан бири сифатида кўрсатган.

Қайси мамлакат минтақа ва миллий хавфсизликка энг кўп таҳдид солади, деган саволга берилган жавобларда, мос кетма-кетликда, Исроил, АҚШ ва Эрон кўрсатилган.

Сўровнома олиб борилган ҳар бир ҳудуддаги беш одамнинг камида бир нафари хорижга бош олиб кетишни ўйлаётганини маълум қилган. Суданда эса аҳолининг ярим қисми ўз ватанидан чиқиб кетиш истагини билдирган.

Эмиграцияга сабаб бўлаётган энг катта омил сифатида иқтисодий қийинчиликлар кўрсатилган.

Лойиҳа устида ишлаганлар - Беки Дейл, Ирэне де ла ТорреАренас, Клара Гуиборг, Том де Кастелла.

Би-би-си Араб хизмати Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларидаги ижтимоий сўров натижаларига бағишланган қатор ТВ ва радио дастурлар, онлайн мақолалар тайёрлаган. Ушбу мавзудаги материаллар билан Твиттер, Фейсбук ва Инстграмда #BBCARABICSURVEY ҳештеги орқали танишишингиз мумкин.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Араблар ўз динидан воз кечмоқдаларми?

Методология

Сўровнома Arab Barometer тадқиқот тармоғи томонидан амалга оширилган.

Принстон Университетида жойлашган тармоқ 2006 йилдан бери ўхшаш тадқиқотларни ўтказиб келади.

25407 нафар инсон иштирок этган 45 дақиқали суҳбатлар тадқиқотчилар ва қатнашчилар ўртасида ёпиқ хоналарда олиб борилган.

Араб дунёсидаги қарашлар ўрганилгани учун сўровномада Эрон ёки Исроил фуқаролари қатнашмаган.

Форс Кўрфазидаги айрим давлатлар ҳукуматлари сўровномани ўтказиш учун тўлиқ имкон беришдан бош тортган.

Кириш қийин бўлганидан Сурия сўровномага қўшилмаган.

Қонунчилик ва маданият билан боғлиқ сабаблар туфайли баъзи мамлакатлар сўровномадан айрим саволларни олиб ташлашни сўраган.

Бундай ҳолатлар натижаларни ишлаб чиқишда ҳисобга олинган ва аниқ қайд этилган.

Arab Barometer методологияси ҳақида веб-сайтидан маълумот олиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek