Ўзбекистон: Рашитжон Қодиров ўн йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи GENPROC.GOV.RU
Image caption Рашитжон Қодиров устидан ёпиқ суд жараёни қийноқ иддаолари манзарасида ўтган

Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Р. Кадиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинган.

Собиқ Бош прокурор ўн йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Президент Мирзиёев: Абдуллаев ҳам, бошқаси ҳам катта срок олади ҳали

Бош прокурор Отабек Муродов нима сабабдан ишдан олингани айтилмаяпти, унинг қаердалиги номаълум

Ўзбекистон: Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров халқаро ҳимояга муҳтожми?

Рашитжон Қодиров билан бирга маҳкамага тортилган жами 13 кишига нисбатан жазо тайинланган.

Image caption Ўтган ҳафта ишдан олинган Отабек Муродов ҳам ўтмишдоши сингари коррупцияда айбланади

Мулозимлар ниҳоий ҳукм эълон қилинадиган суд мажлисига журналистларни қўймаслик ҳақидаги қарорни жараённинг ёпиқлиги ва "махфийлик" грифи остида ўтиши билан тушунтирганлар.

15 йил мобайнида Ўзбекистоннинг бош прокурори лавозимида ишлаган Рашитжон Қодиров ўтган йил февралида ҳибсга олинганди.

Суд жараёни шу йил январида бошланган.

Рашитжон Қодиров ўзи бош прокурор бўлган 2000-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланади.

Мирзиёев: 'Катта срок олади'

Рашитжон Қодиров устидан суд жараёнини ниҳоясига етгани ҳақидаги баёнот ўтган ҳафта ишдан олинган яна бир собиқ бош прокурор Отабек Муродовнинг устидан тергов бораётгани ҳақидаги хабар манзарасида янграган.

20 июнь куни идан олинган Муродовнинг терговга жалб қилинганини Президент Шавкат Мирзиёев 21 июнь куни Сенатнинг ялпи мажлисида маълум қилган.

Президентнинг сўзларидан англашилишича, собиқ бош прокурор ҳам ўзининг ўтмишдоши каби коррупцияда айбланмоқда.

«Мана иккинчи прокурорни лавозимидан олиб, жиноий иш очдик. Вилоят ҳокимидан $100 минг, туман ҳокимидан $50 минг пора олган,» деб айтган Мирзиёев.

У Отабек Муродов ва унинг бошқа ўтмишдоши, ДХХнинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг узоқ муддатга панжара ортига ташланиши эҳтимолига ишора қилган.

"Абдуллаеви ҳам, бошқаси ҳам катта срок олади ҳали," - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Янги бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев олдига "тизимни коррупциядан тозалаш" вазифаси қўйилган

Президент ўтган йили Рашитжон Қодиров иши бўйича ҳам шунга ўхшаш баёнот берган, Қодировни "икки ойда телевизорга чиқариб, гапиртириши"ни айтганди.

Аммо Қодиров телевизорга чиқиб гапирмаган ва унинг суди кутилганидан узоқроққа чўзилган.

Ўтган ҳафта Шавкат Мирзиёев ўзи ҳокимиятга келган 2016 йил сентябридан буён учинчи бош прокурорни тайинлаган.

Ушбу лавозимга Ислом Каримов ўлими ортидан Президент вазифасини бажаришдан ихтиёрий равишда воз кечган Сенатнинг собиқ раиси Ниғматилла Йўлдошев тайинланган.

Президент Мирзиёев янги бош прокурор олдига "тизимни коррупциядан тозалаш" вазифасини қўйган.

Қийноқ иддаолари

Шу йил апрелида Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия (Аmnesty International) ташкилоти Рашитжон Қодировнинг қийноққа солингани юзасидан баёнот тарқатган.

Нуфузли инсон ҳақлари ташкилоти 67 яшар собиқ бош прокурорнинг қийноқларга солинаётгани юзасидан тезкор акция бошлаганини айтган.

Халқаро Амнистия жамоатчиликни Ўзбекистон президенти ва бошқа расмийларига Рашитжон Қодировни қийноқлардан ҳимоя қилишни сўраб, мактуб ёзишга чақирган.

Ташкилотга кўра, собиқ бош прокурор жисмоний қийноқлар, уйқу бермаслик, ўлим таҳдидлари ва яқинларига нисбатан таҳдидларга юз тутган ва ўзи ҳамда бошқаларга қарши гувоҳлик беришга мажбурланган.

Ўзбекистон бош прокуратураси қийноқ даъволарини рад этган.

Бош прокуратура Рашитжон Қодировнинг "соғлиги унинг қамоқда қолишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаслиги, баданида ҳеч қандай жароҳат бўлмаганлиги"ни айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek