Ўзбекистон: Ўғирланган, қамалган ва очлик эълон қилган журналистлар

журналистлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, сўнгги вақтларда ҳокимлар ҳақида танқидий хабар ёзган, устидан шикоят қилган ёки шунчаки савол берган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларга тазйиқ кучайган.

Баъзи ҳуқуқ фаоллари ҳокимлар ўзларига берилган ваколатдан фойдаланиб ҳуқуқ тартибот идораларига ўз манфаатлари йўлида босим ўтказаётгани айтишмоқда.

Навоийдан журналист Дилдора Боймуродованинг айтишича, ўзи ва бошқаларнинг муаммоларини Президент виртуал қабулхонасига ёзавергани учун унга нисбатан туҳмат қилганликда айбланиб жиноий иш очиш билан қўрқитишган. Боймуродова ишдан ноҳақ бўшатилгани ва шикоятлари ечимсиз қолаётгани учун ўз норозилигини тинч пикет билан билдириш мақсадида март ойидан бери унга рухсат олишни сўраб мурожаат қилади.

Бироқ бу мурожаатларига ҳам жавоб ололмаган журналист очлик эълон қилган.

Шу йилнинг 11 июн куни эса Эзгулик жамиятининг Бойсун туманидаги фаоли 63 ёшли Абдуҳаким Пўлатов ва фахрий журналист Мажид Абдураимовларни суд туман ҳокими Ўктам Тўраевни ҳақорат қилганликда айблаб беш суткага қамаб қўйди.

Бу икки фаол тумандаги камчиликларни вилоят ҳокими Тўра Боболовга етказмоқчи бўлган.

Эзгулик жамиятининг таъкидлашича, суд филологик экспертиза ўтказмасдан ҳукм чиқарган.

"Боболовнинг олдига бориб ўтирдим. Энди суҳбатни бошлаганимизда, туман ҳокими Ўктам Тўраев орага қўшилиб менинг адресимга ножўя гапларни гапира бошлади. Жаҳлим чиққанидан бефаросат жим ўтир, дедим. Шундай дейишимни биламан, иккита ҳоким ҳам ўрнидан ирғиб туриб кетиб 400-500 га яқин йиғилган фуқароларга кўрмаяпсизларми мана бу одам туман ҳокимини бефаросат деди, прокурор қаерда, милиция қаерда, олинглар, ушланглар буни элтиб тиқиб қўйинглар деди. Шундай дегандан кейин ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ эди, демак, икковиям бефаросат экан, индамасдан туриб кетдим", дейди Мажид Абдуҳакимов.

Ҳодисадан икки кун ўтиб 77 ёшли фахрий журналистнинг уйига 5 милициядан иборат ходимлар келиб уни туман ИИБ бошлиғи Элбек Нуруллаевнинг олдига олиб кетади.

"Борганимдан қамоққа олди. Қамоқдан кейин тўғри маъмурий судга олиб бордилар. Маъмурий суд агар сизни жазоламасам, ҳозир менинг ўзимни жазолайди, юқоридан тазйиқ бўляпти, деди. Мен ҳам нима дейшимни билмадим, майли ихтиёрингиз дедим".

Маъмурий ишлар бўйича Бойсун тумани судяси Собиржон Қодиров Би-би-сига суд борасида изоҳ беролмаслигини ва судланувчи Мажид Абдураимовга ўзига нисбатан юқоридан босим бўлгани ҳақида айтмаганини билдирди.

Би-би-си олдинроқ Зомин туман ҳокими ҳақида танқидий материал чиқаргани учун Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан туҳмат моддаси билан айбланиб Малоҳат Эшонқуловага жиноий иш очилгани ҳақида маълум қилган эди.

Эшонқулова ўзини ўғирлаб кетиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилган. Бироқ ҳали унга жавоб ололмаган. Би-би-сининг ҳам бу борада қилган мурожаати жавобсиз қолмоқда.

Журналистнинг адвокати матераил Тошкентда интернетга жойлангани учун тергов иши Тошкентда олиб борилиши кераклигини, Жиззах вилоят ИИБга қонунни бузаётганини айтмоқда.

Яна ўғирлаб кетилишидан хавотирга тушган журналист эса бир неча ҳафтадан бери Тошкентдаги уйида яшай олмаяпти.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов барча журналистлар, блогерлар, ижодкорлар Агентликнинг ишончли ҳимоясида эканлигини таъкидлаганди.

Алламжоновнинг шахсан аралашуви натижасида телефони ноҳақ олиб қўйилган Инстаграм блогерининг телефони қайтарилди, уни олиб қўйган солиқ идораси ходимларининг ишдан олингани ҳақида хабарлар чиқди.

Шунингдек, у хорижга чиқиш паспортини ололмаётган журналист Тимур Карпов билан учрашиб масаласи ҳал бўлишини оммага билдирган эди.

Ҳокимият, ҳуқуқ тартибот органлари томонидан касбий фаолияти учун босимларга учраётганини айтаётган журналистлар агентлик уларни ҳам ҳимоя қилишини исташини таъкидлашади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek