Туркия: Истанбулни бой берган Эрдўғон даври тугамоқдами?

Президент Эрдўғон Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Истанбулдаги сайлов натижаси Президент Эрдўғон учун кучли зарба бўлди.

Истанбул учун ўтган қайта сайловда яна ғолиб чиққан Акрам Имомўғлу тарафдорлари қатор тизилиб турган камералар томон шодликдан қичқирар эдилар. Жараённи ёритаётганлар ичида давлатга қарашли ва президент Ражаб Таййип Эрдўғоннинг измидаги TRT канали ҳам бор эди.

Қўлида Туркия байроғини тутиб, юзига жаноб Имомўғлу юзини эслатувчи ниқоб тақиб олган бир аёл TRT тасвирчиси томон кела бошлади: «Бизни суратга оляпсанми?» қичқирар эди аёл. «Биз шу ердамиз. Биз қаердалигимизни кўрсат!»

Алоқадор мавзулар:

Туркия: Эрдўғон нега қайта сайлов ўтказмоқчи?

Турклар не боис президентга қўшимча ваколат беришди?

Шу тариқа узоқ йиллар бир инсон ҳукмида яшаб келган Туркиянинг бир қисми ўзини енгил ҳис эта бошлади.

Туркияда маҳаллий сайловлар камдан-кам бундай йирик аҳамиятга эга бўлади. Бироқ жорий сайлов 25 йил давомида фақат сиёсий музаффарлик билан олға қадам босиб келаётган жаноб Эрдўғонга жиддий зарба бериши билан яққол ажралди.

2003 йилдан бери қудратда бўлган жаноб Эрдўғон даврида мухолифат умидсизларча парчаланиб кетган эди. У эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ғолиб қўл билан олға қадам босар эди.

Ўзининг диндор ва анъанадор қарашли тарафдорлари қўллови орқали янада кўпроқ қудратга эришган жаноб Эрдўғон мамлакат ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзига содиқ, аммо бу садоқатдан манфаат кўзлаган шахслар билан тўлдириб ташлаган эди.

Қимматга тушган нотўғри ҳисоблаш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бу сайловчилар Президент Эрдўғон эмас, унга рақиб тараф номзоди - Имомўғлуни қўллашмоқда.

Таҳлилчилар президент Эрдўғон ва унинг AK партияси Истанбул учун сайловни қайта ўтказиш билан ўз кучини ортиқча баҳолаб юборганини айтмоқдалар.

«Ким Истанбулни эгалласа, Туркияни эгаллайди,» дея таъкидлаган президент Эрдўғон ўз қудратини нотўғри ҳисоблагани тўғрисида сўзламоқдалар.

Жаноб Имомўғлуни, ҳаттоки, шаҳарнинг энг консерватив ҳудудлари - Фотиҳ (Истанбулнинг диндор маркази), Тузла (AKP номзоди Бенали Йилдиримнинг сайлов округи) ва Ускудар (президент Эрдўғон яшайдиган ҳудуд) - ҳам қўллаб-қувватлади. Бир савол туғилади: Нега?

Жавоб эса шаҳар бўйлаб ёпиштириб чиқилган бир сўздан иборат: umut (умид).

AKP жаноб Имомўғлу обрўсини тўкиш учун уни ҳар қандай ном билан атаб кўрди: террорчи, давлат тўнтариши тарафдори, фирибгар, юнон. Ҳатто, уни жаноб Эрдўғоннинг энг ашаддий рақибларидан бири бўлмиш Миср президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сисига ҳам тенглаштирдилар. Бироқ жаноб Имомўғлу бундай туҳматларни юзда табассум билан рад эта олди.

У Туркия аҳлига Истанбулни 25 йил давомида консерватив ҳукмдорлик юзага келтирган коррупция ва непотизм илдизларидан тозалай олишини исботлади.

Март ойидаги биринчи сайловдан то қайта сайлов эълон қилингунга қадар ўтган 18 кунлик ҳокимлик даврида президент Эрдўғон оиласига алоқадор давлат тендерлари туфайли Истанбул бюджетида $4 миллиардлик камомад пайдо бўлганини фош этган эди.

Бу - Эрдўғон даври интиҳоси аломатими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жаноб Имомўғлу ўз ғалабаси Истанбул учун янги саҳифа очишини айтмоқда.

Мухолифат, ниҳоят, ўзининг ғолиб келишга қурби етишини англади. Эндиликда, мухолиф кучлар миллий сайловларда ҳам бўш келмаслиги тайин. Туркияда кейинги ялпи сайловлар 2023 йилда бўлиб ўтиши белгиланган, аммо AKP'нинг бундай аламли мағлубияти ортидан сайловларни эрта ўтказишга талаблар ортиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Жаноб Эрдўғоннинг авторитар бошқаруви кучайган сари унинг атрофидаги ишончли одамлар ҳалқаси ҳам қисқара борди. Айни вақтда президент Эрдўғоннинг ҳеч қандай арзирли вориси мавжуд эмас - молия вазири ўлароқ хизмат қилаётган куёви эса одамларни ўз ортидан эргаштира олиш қобилиятига эга эмас. Ўзи ташкил этган AK партияси жаноб Эрдўғонсиз фалажланиб қолиши турган гап.

Президент Эрдўғон ҳукмдорлиги интиҳосининг ибтидоси бошлангани борасида гап-сўзлар урчимоқда.

Ўтган йиллар давомида Туркия жамияти турли қутбларга ажраб кетди, мамлакатнинг ўзи эса матбуот эркинлиги, суд тизими ва инсон ҳуқуқлари рейтингларида пастга қулади. Мухолифат умид қилган ягона нажот эса эркин сайловлар бўлди.

Мухолифат, кеч бўлсада, ғалабага эриша олди - аммо бундан чиқарилган энг муҳим хулоса шуки, Туркия демократиясида ҳали ҳамон ҳаёт сақланиб қолган экан.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM

Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.