Дунё, янгиликлар: Сурия ракетаси Кипрдаги Тошкент яқинига қулади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Суриядан отилган ракета Шимолий Кипрдаги Тошкент қишлоғи яқинига келиб тушган.

Шимолий Кипр ташқи ишлар вазири Қудрат Озерсой ракетанинг Исроил ҳарбий ҳаво ҳужумига қарши Сурия ҳаводан мудофаа тизимидан учирилган бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Мўлжалдан адашган ракета душанба куни ярим тунда Сурия қирғоқларидан 225 километр олисдаги Тошкент қишлоғига бориб қолган. Ракета урилиши ортидан маҳаллий ўрмонда ёнғин бошланган.

Мавжуд маълумотларга қараганда, тошкентликлардан ҳеч ким бу ҳодиса туфайли зарар чекмаган.

Трампни олқишлаган Шимолий Корея матбуоти, музга ботган Мексика ва Япония нега яна китларни овламоқчи?

Европада жазирама, чегарадан ошган Эрон ва Россия мудофаа вазирлиги ўйинчоқ қуролни намойиш этдими?

Либерализм эскирдими ва қайси президент самолётида наркотик ташилган?

Маҳаллий аҳоли атмосферада оловли объект кўрингани, сўнг уч бор кучли портлаш овози эшитилгани тўғрисида хабар берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

IAEA: Эрон чекловдан ошиқ уран бойитди

Халқаро Атом Қуввати Агентлиги (IAEA) Эрон ўз бойитилган уран захирасини 2015 йилда имзоланган халқаро шартнома асосидаги чекловдан оширганини тасдиқлади.

Агентлик нозирлари ўрнатилган 300 килограммли чеклов ҳатлаб ўтилганини айтмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп қайта жорий қилган санкцияларга жавобан Эрон май ойидан бойитилган уран ишлаб чиқариш ишларини жадаллаштирган эди.

Буюк Британия ва Германия Эронни ушбу қарордан воз кечишга чақирган, АҚШ эса «имкон қадар кўпроқ босим ўтказиш» стратегиясини давом эттиришини таъкидлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жанубий Америка тўлиқ Қуёш тутилишини кутмоқда

Бугун кечга томон Чили ва Аргентинанинг айрим ҳудудларида истиқомат қилувчилар атиги бир неча дақиқа давомида Қуёшнинг тўлиқ тутилиш ҳодисаси гувоҳи бўлиши мумкин.

Ой Қуёшнинг қаршисидан ўтиб, бир неча дақиқага унинг Ерга келаётган нурларини тўсиб қўяди.

Тинч Уммонининг одам яшамайдиган улкан ҳавзаларидан бошланиб, Аргентина ҳудудида якунига етувчи ушбу ғаройиб табиат ҳодисаси узоғи билан уч дақиқа давом этиши кутилмоқда.

Хабарларга кўра, одамлар тушган кемалар ва самолётлар жараённи томоша қилиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Илм-фан: Чекиш, ҳатто, кўзни ҳам зарарлайди

Янги тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, тамаки нафақат ўпка, балки кўз фаолиятига ҳам ўнгланмас шикаст етказади. Кашандаларнинг кўр бўлиш эҳтимоли чекмайдиганлардан кўра икки баробар юқори экани аниқланган.

Тадқиқотчиларнинг билдиришича, сигарет тутуни таркибидаги қўрғошин ва мис каби оғир металлар кўз қатламларига ўтириб қолиб, катаракта келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, чекиш қандли диабет билан боғлиқ кўриш муаммоларини ҳам оғирлаштиради. Бундан ташқари, кашандалар ёши ўтгани сайин кўз нурининг хиралашиши билан изоҳланувчи марказий кўриш тизими муаммоларига уч баробар кўпроқ дуч келади.

Кўзларга келувчи қон таъминотининг бирдан тўхтаб қолиши ортидан юзага келувчи тўсатдан кўрлик эҳтимоли чекувчиларда 16 марта кўпроқ учраши ҳам маълум бўлган.