Ўзбекистон: Инглиз ҳуқуқи ва рус капитали - ўзбек иқтисоди Россия назоратига ўтмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kun.uz
Image caption Россия фуқароси бўлган Ҳабиб Абдуллаев шу йил январида "Навоий" Эркин иқтисодий зонаси директори этиб тайинланган.

Ўзбекистон "Навоий" Эркин иқтисодий зонасида "инглиз ҳуқуқи"ни жорий этишни режаламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов Британияга ташрифи чоғида Би-би-сига маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, британиялик ҳамкорлар Ўзбекистонга бу борада кўмак бериш, жумладан, Адлия вазирлиги мутахассисларини трейнингдан ўтказишда ёрдам беришга тайёрликларини изҳор қилишган. Инглиз ҳуқуқи прецедентга асосланган ва судлар томонидан яратилади. Суд тинглови жараёнида ҳакамлар ҳар бир ҳолат ва факт бўйича ҳуқуқий прецедентларни қўллайдилар. Халқаро бизнес кўпинча қайишқоқлиги боис инглиз ҳуқуқига мурожаат қилади. Англашилгани, Ўзбекистон шу йўл билан янада кўпроқ инвесторларни жалб қилмоқчи. Би-би-си "Навоий" Эркин иқтисодий зонаси директори Ҳабиб Абдуллаев билан инглиз ҳуқуқи, Россия Жиззахда қуришни режалаётган АЭС ва Ўзбекистондаги айрим стратегик иншоотларнинг рус ширкатлари бошқарувига ўтиши билан боғлиқ хавотирлар ҳақида суҳбатлашди.

Ҳабиб Абдуллаев: Хорижлик инвесторлар бизнинг маҳаллий қонунларни ҳар доим ҳам яхши тушунавермайдилар. Тушунмагандан кейин хавотирлар ҳам кўп бўлади. Инглиз ҳуқуқи ана шу хавотирларни аритиш мақсадида жорий қилинмоқда. Албатта, зарур бўлган ҳолатларда. Умумиятла, Эркин иқтисодий зонада Ўзбекистон Республикаси қонунлари амал қилади. Аммо инвестор талаб қилган ҳолатларда унга инглиз ҳуқуқи асосида мурожаат қилиш имкони кафолатланади. Албатта, бунинг ташкилий жиҳатлари ҳам бор. Яъни инвестор талаб қилган ҳолатда инглиз ҳуқуқини қўллаш учун бизда етарли сондаги мутахассислар ҳам бўлиши керак. Умид қиламанки, бу янгилик амалда кўп қўлланмайди. Яъни биз ўз томонимиздан инвестор судга мурожаат қиладиган ҳолатлар юзага келмаслиги учун барча чораларни кўрамиз.

Ўзбекистон ва атом: Россия қураётган станция нақадар хавфсиз?

Ўзбекистон-Россия: АЭС қанчага тушиши йил охирида маълум бўлиши мумкин

Путин Тошкентда: АЭС ёки Мирзиёев "Россия таҳдидидан қўрқмайди"ми?

Би-би-си: Яъни бу инвесторга бир нави кафолат, шундайми?

Ҳабиб Абдуллаев: Ҳа, бунга айнан инвесторнинг манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ёндашиш керак. Айнан шу жиҳатдан инвесторларга қўшимча кафолат тақдим этилмоқда. Инвестор ўзи тушунган ҳуқуқ нуқтаи назаридан ўзини янада яхшироқ ҳимояланган ҳис қилади. Бизда чиқаётган турли-туман қонун, қарор ва фармонлар инвестор учун ҳар доим ҳам тушунарли бўлавермаслиги мумкин.

Би-би-си: Бу инвесторлар Ўзбекистон ҳуқуқи ёки қонунчилигига ишонмайди, деганини англатадими?

Ҳабиб Абдуллаев: Қонунчилик нуқтаи назаридан гап бу ерда ишонмасликда эмас. Шундай бўлса қулайроқ. Ишониш, ишонмасликка келсак, бу ҳуқуқ соҳасига эмас, балки амалиётга кўпроқ тегишли. Чунки ҳуқуқнинг қоғозда борлиги бир нарса, амалиётда қўлланиши бутунлай бошқа нарса. Амалдаги рискларга келганда, афтидан, ҳали ҳам инвесторларни тўхтатиб турган хавотирлар бор. Чунки биз кундалик режимда, хусусан, ғарблик инвесторлар билан мулоқотда бунга дуч келаяпиз. Ғарблик инвесторлар унча кўпмас, улар атиги бир неча фоизни ташкил этади. Асосий инвестолар ҳали ҳам Россия, Хитой ва яқин қўшниларимиздан. Америка ва европалик инвесторларга келсак, назаримда, улар ҳали инвестиция олиб киришга тайёр эмас.

Би-би-си: Ўша Россия ёки хитойлик инвесторлар инглиз ҳуқуқи масаласини қўядими? Улар учун бу қанчалик муҳим?

Ҳабиб Абдуллаев: Ҳозиргача келган инвесторлар инглиз ҳуқуқи масаласини кўтаришгани йўқ. Бу инновация назаримда, ҳали тўлиқ салоҳияти ишга туширилмаган ва келажакда келиши кутилаётган инвесторларга мўлжалланган. Яқинда Америка-Канада бизнес форуми бўлиб ўтди, у ерда кўтарилди бу масала. Америка ва канадалик инвесторлар қарор қабул қилишлари учун назаримда, ҳуқуқнинг ушбу жиҳати муҳим.

Би-би-си: Сиз "Навоий" ЭИЗ сига директор этиб тайинланганингиздан буён биронта инвестор билан судга мурожаат қиладиган ҳолат юзага келдими?

Ҳабиб Абдуллаев: Йўқ. Бундай ҳолат бўлмади. Гап шундаки, ўзгаришлар шунчалик ортга қайтмайдиган бир нуқтага етдики, ҳеч кимнинг инвестор ҳуқуқини поймол қилишга иштаҳаси қолмади, ҳисоб. Инвестор қачон судга мурожаат қилади? Қачонки, ҳуқуқи бузилса. Мен ҳаммаси зўр, ҳеч қандай муаммо йўқ, демоқчи эмасман. Албатта, эътибор талаб қиладиган, тартибга солинадаган вазиятлар бор. Нималарнидир тузатишга, тўғрилашга тўғри келади. Эркин иқтисодий зона ишига жуда кўп вазирлик, идоралар жалб этилган. Улар билан масалаларни муҳокама қиламиз. Аммо судгача борган ҳолат йўқ.

Би-би-си: Яқинда Марказий Банк инвестициялар бўйича ҳисоботни эълон қилди. Унда айтилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробарга камайган. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳабиб Абдуллаев: Мен Марказбанкнинг ҳисоботини ҳурмат қиламан. Аммо айтишим жоизки, улар инвестиция ҳажмини ҳисоблашда асосан, нақд пул оқимига таянишган. Яъни инвестор ўзи билан пул олиб келмаган бўлса, ҳисобга олинмайди. Аммо инвестицияларни ҳисоблашнинг турли усуллари бор. Масалан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги юритадиган ҳисоб ҳақиқатга яқинроқ. Инвестор фақат пул эмас, технология ва жиҳозлар ҳам олиб киради. Яъни у ўзининг ҳисобига бир миллион пул ўтказиб, айни пайтда икки ё уч миллионлик технологияни ҳам олиб кириши мумкин. Мен Марказий Банкни тушунаман, аммо биз фақат нақд пулдаги инвестициялар эмас, балки умумий инвестициялар ҳақида гапираяпмиз. Аслида мамлакатнинг ривожланишида пул эмас, балки айнан технология кўринишидаги инвестициялар катта рол ўйнайди. Шу маънода, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тайёрлаган муқобил ҳисоботга назар ташласангиз, у ерда бутунлай бошқа манзарани кўрасиз. Аниқ рақамлар эсимда йўқ, аммо у ерда бир неча фоиз эмас, балки бир неча марталик ўсиш бўлганини кўришингиз мумкин.

Би-би-си: Инвестициялар йўлидаги учта асосий тўсиқни айта оласизми?

Ҳабиб Абдуллаев: Бюрократия, коррупция ва маълумот етишмаслиги. Албатта, вазият олдингидан анча ўзгарган. Аммо тубдан ўзгариши учун маълум вақт керак. Маълумот етишмаслиги муаммосини биз ҳозир ечаяпмиз. "Навоий" эркин иқтиқодий зонасининг геоинформацион харитасини яратиш устида ишлаяпмиз. У ерга барча маълумотлар, жумладан, ҳуқуқий маълумотлар ҳам жойлаштирилади. Эҳтимолий инвестор зонага қадам қўйганидан ўзига керакли маълумотларни олиш имконига эга бўлади.

Би-би-си: Биласиз, Ўзбекистоннинг энг катта муаммоси, бу ишсизлик. Сиз "Навоий" ЭИЗ га раҳбар этиб тайинланганингизга яқинда олти ой бўлади. Бу муддат ичида аниқ қанча иш ўрни яратилди?

Ҳабиб Абдуллаев: Биласизми, биринчидан энг катта муаммо ишсизлик, деган фикрга қўшилмайман. Бу фақат сон эмас, балки сифат масаласи ҳам. Жуда кўп жойларда қайтага, малакали мутахассислар етишмаслиги кузатилмоқда. Ишсизлик, бу албатта иш йўқлигини англатмайди. Эҳтимол, малакаси етишмайдиган одамларга иш етишмаслиги ҳақида гапириш тўғрироқ бўлар. Бу жойда, албатта, ишчи кучи ортиқчалиги бор. Аммо гап фақат ишчи ўрни яратиш ҳақида эмас, балки инсон капитали, малакали ишчи ўрни яратиш ҳақида ҳам. Яъни иш ўрнининг даражаси муҳим. Бу маънода биз ҳозиргача 400га яқин иш ўринларини яратдик. Албатта, бу денгиздан томчи, холос. Аммо бу ерда қанча ўринлиги эмас, балки қандай ўринлиги муҳим. Яъни бир корхонада 500та иш ўрни яратилиши мумкин, аммо бу фақат, айтайлик, картошкани саралайдиган ишчилар бўлиши мумкин. Бошқа корхонада эса ўн бешта, лекин юксак технологик иш ўринлари яратиш ҳам мумкин. Бу иккаласи битта нарса эмас. Бир томондан, бу қуруқ статистика. Яъни ҳаммага кўплаб иш ўринлари яратилди, деган ҳисобот керак. Аммо бу қуруқ статистикада иш ўринларининг сифати, даражаси ҳисобга олинмайди. Эркин иқтисодий зона учун эса, айнан иккинчиси муҳимрок. Бу ерда қўпол қилиб айтганда, картошка сараланмайди, балки қўшимча қиймат яратилади, малака яратилади ва бу малакани ошириш имконияти берилади. Эркин иқтиқодий зоналарнинг вазифаси унинг ичида юз минглаб иш ўринлари яратиш эмас, балки иқтисодиётнинг ривожланишига туртки бериш, инсон капиталини шакллантиришдир. Мен Ўзбекистонга келгунимча узоқ йиллар Москвадаги "Ўзбек маданий автономияси"га раҳбарлик қилганман ва меҳнат миграциясини яқиндан кузатганман. Охирги кузатишларимдан айтишим мумкинки, ҳозир Россияда айнан ўзбекистонлик мигрантларнинг етишмаслиги кузатиляпти. Бу нима дегани? Бу Ўзбекистоннинг ўзида иш кучига талаб ортяпти, дегани. Мамлакатда, айниқса, малакали мутахассисларга талаб ниҳоятда юқори. Албатта, қандайдир рақамлар бор ва мигрантлар оқими драматик тарзда тушиб кетмаган бўлиши мумкин. Аммо сифат жиҳатидан қандайдир ўзгариш содир бўлганини сезиш қийин эмас.

Би-би-си: Сиз Россиядан келгансиз. Ва раҳбар лавозимда ўтирибсиз. Сўнгги пайтларда ўзбекистонликлар орасида мамлакатнинг айрим йирик корхоналари, стратегик иншоотлар россиялик "ишончли бошқарувчилар" қўлига ўтиб кетаётганидан хавотирлар бор. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Ҳабиб Абдуллаев: Тўғрисини айтганда, "Навоий" ЭИЗ бошлиғи сифатида мен бу саволга жавоб беришим қийин. Чунки бу менинг ваколатимга кирмайди. Аммо шахсий фикримни сўрайдиган бўлсангиз, мен бунда ҳеч қандай ёмон нарсани кўрмаяпман. Мен буни ўзим Россия фуқароси бўлганим учун айтмаяпман. Мен Ўзбекистон ўз сиёсатида минтақавий афзалликдан келиб чиқаётганини кўрмаяпман. Бу бизнес. Агар Россия ширкати Ўзбекистонга сармоя киритишга қарор қилган бўлса ва Америка ёки бошқа давлатнинг ширкати сармоя киритмасликка қарор қилган бўлса, бу бизнесга алоқадор бир қарор. Бу ерда сиёсат йўқ. Россиянинг Ўзбекистондаги фаоллигига келсак, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо бунинг сабаблари тушунарли. Бу менталитет масаласи. Бизнес тажрибаси Россия ва Ўзбекистонда бир-бирига яқин. Шунинг учун россиялик инвесторга Ўзбекистонга сармоя киритиш ҳақидаги қарорни олиш осонроқ. Чунки Ўзбекистон россиялик инвестор учун тушунарли. Россиялик инвесторга бу борада қарор қабул қилиш учун икки-уч ой етарли. Америка ёки европалик инвестор учун бу узоқ жараён, биласиз. Икки - уч йил вақт кетиши мумкин. Ғарб ширкатлари Ўзбекистонга сармоя киритишни истамайди эмас,истайди. Аммо уларга бунинг учун кўпроқ вақт керак бўлади.

Би-би-си: Ўзбекистон Россиянинг Атом электр станциясини қурмаса, ривожлана олмайдими?

Ҳабиб Абдуллаев: Нима десам экан. Қарор қабул қилинган. Мен буни шарҳлашим тўғри бўлмайди. Мен гарча ҳукумат мулозими бўлмасам ҳам, давлатга ишлайман. Агар қарор қабул қилинган бўлса, мен унга шарҳ беришим ўринсиз бўлади. Агар бу масалада менинг шахсий фикримни сўрайдиган бўлсангиз, Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги тарихий босқичида, афтидан АЭС керак, деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистон раҳбарияти амалга оширмоқчи бўлаётган иқтисодий сакраш катта, жуда катта энергетика сарфини талаб қилади. Ҳозирги босқичда АЭС энергия олишнинг энг самарали йўли бўлиб қолмоқда. Хавфсизлик масаласига келсак, бу борада бир томондан, профессионалларнинг фикри, иккинчи томондан эса, шубҳа қилувчи одамларнинг фикрлари бор. АЭС шундай масалаки, ҳеч қачон бир фикрга келиб бўлмайди. Унга қарши одамлар албатта бўлади. Менинг назаримда, Ўзбекистонда бу масалада баҳслар бўлаётганининг ўзи эътиборга лойиқ. Бу каби муҳокамаларнинг борлиги яна бир марта ўзгаришлардан далолат беради. Бир неча йил аввал буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.