Ўзбекистон: "Маҳалла" телеканалидаги Фикрлар чорраҳасига қизил чироқни ким ёқди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи SCREENSHOT

4 июль куни Маҳалла телеканали орқали соат 20:00 да намойиши бошланган «Фикрлар чорраҳаси» кўрсатуви эфир вақти узилиб қолди.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, кўрсатувни зудлик билан тўхтатиш талаби «юқоридан» келган.

Кўрсатувга таклиф қилинган блогерлар Ёшлар Иттифоқининг мамлакат ёшлари тақдиридаги роли ва у билан боғлиқ муаммоларни танқидий муҳокама этаётган эдилар.

Бироқ кўрсатув якунига бир неча дақиқа қолганда, эфир узилиб қолган.

Ўзбекистон: Сериаллар устидаги сериалга айланиб кетган тортишувлар ибтидосида ҳукумат мулозими турибдими?

Ўзбекистон матбуоти ростдан ҳам эркин бўладими ёки ҳаммаси рейтинг учунми?

'Қаҳрамон Қуронбоев ҳоким бўлиши керак'

Қаҳрамон Қуронбоев ўйлаб топган "Фидойи ёшлар" ким?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Мирзиёев маслаҳатчиси Қуронбоевнинг қайси гапи рост?

Ҳолатнинг илк соатларидаёқ қатор номи чиққан маҳаллий Telegram каналлари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кўрсатувнинг "шахсан Ёшлар Иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг ўз таркибига Маҳалла телеканалини ҳам олувчи Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси (МТРК) раҳбариятига қўнғироғи ортидан эфирдан ўчирилгани"га ишора қилувчи фаразлари тарқай бошлади.

Жумладан, таниқли журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг Telegram каналида шундай ёзади:

"Маҳалла телеканалидаги «Фикрлар чорраҳаси» кўрсатувининг 4 июль куни соат 20:00 дан эфирга узатилган, ёшлар сиёсати ва Ёшлар Иттифоқига бағишланган (ва асосан танқидий фикрлардан иборат бўлган) сони охирига етмай, тугашига 7 дақиқача қолганида узиб қўйилибди.

Бу нима, цензурами? Ҳа, цензура, ундан бошқа нарса эмас. Менимча. Шу цензуранинг бошида турганлар — уят сизларга. Уч марта уят."

"Кўрсатув ярмида эфир тўхтатилди. Заставка қўйилиб давом этмади. Қизиқ. Бу кўрсатувни нега эфирдан кестириб ташлашди. Ва буни ким амалга оширди? Агар дедукцияни ишга солсак катта эҳтимол билан Ёшлар Иттифоқи раиси жаноб Қуронбоев административ ричагларни ишга солиб кўрсатувни энг қизиқ жойида кесиб ташлаган. Чунки бошқа одамга бу нарса керак эмас. Манфаатлар қаричи билан ҳисобласа бу теорияда мантиқ йўқ эмас," дея фикр билдирди блогер Нозим Сафаров.

'Техник носозлик'

Бу каби фикр ва тахминлар ижтимоий медианинг ўзбек сегментида кенг тарқалиши ортидан Ёшлар Иттифоқи ярим туннинг ўзида баёнот беришга мажбур бўлди.

«Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши оммавий ахборот воситаларининг холис фаолиятини тўла қўллаб-қувватлайди,» дея бошланган баёнотда ташкилотнинг «Фикрлар чорраҳаси» кўрсатуви ижодкорлари фаолиятига таъсир ўтказмагани ва ўтказмаслиги таъкидланади.

Шунингдек, Ёшлар Иттифоқи журналист ва блогерларга далилларни ўрганиш, техник носозликнинг асл сабабини аниқлаш учун Маҳалла каналига мурожаат қилишларини тавсия этган ҳамда «фактларга таяниб, ахборот тарқатиш зарурлиги»ни эслатиб ўтган.

Аммо МТРК тизимида ишловчи ва исмини ошкор этмасликни сўраган бир манба кўрсатувнинг эфирдан олиниши ортида «99 фоиз эҳтимол билан» Қаҳрамон Қуронбоев тургани ва 5 июль тонгига қадар МТРКга кўрсатувнинг «ўчиб қолгани» сабаби техник носозлик ўлароқ хаспўшлансин, қабилидаги босим бўлганини айтади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати блогерларнинг фаразлари ва турли иддаоларга ойдинлик киритиши мақсадида Маҳалла телеканали директори биринчи ўринбосари Азиз Нуруллаев билан боғланди.

Директор ўринбосарининг сўзларига кўра, «Фикрлар чорраҳаси»да бундан аввал ҳам коррупция каби кенг қамровли муаммолар кескин танқидий руҳда муҳокама қилинган ва кўрсатув сонлари шу пайтга қадар бирор марта цензура остида узиб қўйилмаган.

«Демак, узилиш сабаби - техник носозлик,» деган саволга Азиз Нуруллаев «Ҳа,» жавобини берди.

У кўрсатув 5 июль куни эрталаб қайта ва тўлиқ ҳолда эфирга узатилгани, шунинг ўзи эса «Фикрлар чорраҳаси»нинг цензурага учрамагани, балки шунчаки техник носозлик юз берганини англатишини билдирди.

Шундан сўнг Би-би-си Ўзбек Хизмати муносабат олиш мақсадида Ёшлар Иттифоқи матбуот хизмати билан боғланишга уриниб кўрди, бироқ қўнғироқлар жавобсиз қолди.

'Менга шундай дейишди'

5 июль куни эълон қилинган ўз мақоласида Repost.uz нашри раис Қаҳрамон Қуронбоевнинг шахсан ўзи билан боғланишга муваффақ бўлгани, аммо Тошкент вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган Қуронбоев нашр томонидан берилган саволга жавоб бермагани ҳақида ёзади.

Ўзбек телевидениесидаги энг демократик ва очиқ руҳдаги кўрсатувларидан бири сифатида кўриладиган «Фикрлар чорраҳаси» бошловчиси Адҳам Арслонов ўзининг Facebook саҳифасида бўлиб ўтган воқеага шундай муносабат билдирган (сўзлар таҳрирсиз келтирилмоқда - таҳр):

"Азизлар, кеча 4 июль куни 20:00да эфирга узатилган «Фикрлар чорраҳаси» кўрсатувининг юртимиз ёшлари, Ёшлар иттифоқи ташкилотига бағишланган сони техник сабабларга кўра (менга шундай дейишди) эфирдан узилиб қолган. Бу ноқулайлик учун барчадан узр сўраймиз. Кўрсатувни YouTube га тезроқ юклашга ҳаракат қиламиз. Кўрсатувнинг кейинги сонларида бундай техник носозликлар бўлмайди деб умид қилиб қоламиз. Ёшлар иттипоқи буюк ташкилот. Давлат раҳбари томонидан катта имкониятлар, административ куч, маблағ берилган. Улар бу имкониятдан жуда ўринли фойдаланишяпти. Бундан кейин ҳам мана шундай жуда ўринли фойдаланишади, ҳаммамизга фойдаси тегади деб яна бир карра умид қилиб қоламиз."

«Фикрлар чорраҳаси»нинг тўлиқ ҳолича қайта эфирга узатилгани блогерлар ва ижтимоий фикрнинг навбатдаги ғалабаси ўлароқ талқин қилинмоқда.

48 ёшли Қаҳрамон Қуронбоев Президент Мирзиёевнинг маслаҳатчиси ва Сенат аъзоси ҳамдир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek