Ислом ва мусулмонлар: Муслима актриса эътиқоди туфайли Болливудни тарк этди

Актриса Зайра Восимнинг айтишича, "Узоқ вақт руҳияти билан кураш олиб боришдан чарчаган". Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

18 ёшли Болливуд актрисаси Зайра Восим ўз касбий фаолияти эътиқоди билан муносабатига «таҳдид солиши» ортидан ортиқ фильмларда роль ижро этмаслигини билдирган.

«Узоқ вақт руҳиятим билан кураш олиб бориш мени чарчатди,» таъкидлаган Восим хоним Facebook'да қолдирган узун постида.

Ҳиндистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари зудлик билан бу янгиликка муносабат билдиришга киришиб, уларнинг аксарияти Восим хоним келтирган сабабларни танқид остига олган.

Зайра Восим 2016 йилда намойиш этилган «Дангал» фильмидан сўнг машҳурлик чўққисига чиққан эди.

Ҳиндистон: Болливуд, тўй изқуварлари ва 'Маҳатма Гандилар'

Болливуд афсонаси Амитабх Баччан Ҳолливудга текинга кинога тушиб бермоқчи

Ўзбекистон, Ҳиндистон ва мусулмонлар: Акбаршоҳнинг Аллоҳободини Праягражга ўзгартиришди

Болливудда гап: 'Амир Темур исмини қўйиб, хато қилишган...'

Асли Кашмирнинг Ҳиндистон назорати остидаги қисмидан бўлган ёш актриса Facebook'да қолдирган постида кино саноатининг ўз эътиқодига жиддий салбий таъсир кўрсатганини батафсил тушунтирган.

Ёзилганига атиги уч кун бўлган эсада, пост 15 минг мартадан зиёд улашилган, унинг остида қарийб 20 минг изоҳ қолдирилган.

Актриса бир вақтлар ўзи орзу қилган кино саноатига кириб келгандан беш йил ўтиб, ўзининг ўрни бу ерда эмаслигини англагани ҳақида ёзади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи @ZAIRAWASIM_/INSTAGRAM

«Бу соҳа менга, ҳақиқатан, муҳаббат, дастак ва олқишлар олиб келди, аммо мени аста-секин ва ўзим англамаган ҳолда иймондан айрилиш йўли томон ҳам етаклади. Кўп ҳолларда иймонимга зид келувчи муҳитда ишлашда давом этганим сайин эътиқодим билан муносабатим хавф остида қолди,» маълум қилади Восим хоним.

Шунингдек, у актрисалик фаолияти ўзини «қалтис» вазиятда қолдирганини ҳам қўшимча қилади.

«Хотиржамлигим, иймоним ва Аллоҳ билан муносабатимга таҳдид солувчи муҳитга кўникиб қолишим жуда осон эди.»

Унинг динни актрисаликдан воз кечиш йўлида важ қилиб кўрсатгани Twitter тармоғида кескин муносабатлар билан қарши олинган.

Таниқли журналист Фаридун Шаҳриёр шундай ёзади: "Қадрли Зайра Восим, кино саноатини тарк этиш борасидаги қарорингизни ҳурмат қиламан. Мен келтирган сабабларингизга қўшилмайман. Ўйлашимча, сиз ажойиб актрисасиз ва бу соҳада кўп нарсаларни амалга ошира оласиз."

"Зайра Восимнинг фильмларда роль ўйнашдан воз кечиш қарорини ҳурмат қилиш лозим, лекин у буни оқлашга дин ва эътиқодни важ қилиб кўрсата олмайди. Бу соҳадаги бошқа инсонлар гуноҳкорми? Бу воқелик унинг ўз ҳақиқати ва диний талқини бўлиши лозим. Бошқаларнинг муносабатини кутамиз," дея ёзиб қолдирган Кашмирда машҳур полиция зобити Имтиёз Ҳусайн.

"Дин ҳеч қачон маданият, санъат ва кўнгилочар соҳаларга қарши чиқмайди. У буларнинг дастакчисидир. Дин ҳозир бу хабардан кулаётган бўлса керак. Худди мен каби," ёзади актриса Атика Фаруқий.

Бироқ Восим хоним ҳимоясига отланганлар ҳам учраган. Шулардан бири бўлмиш Жамму ва Кашмир ҳудуди собиқ бош вазири Омар Абдуллоҳ қолдирган изоҳда қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин:

"Биз киммизки, Зайра Восимнинг танловларини савол остига оламиз? У ҳаётини ўзи истагандек ўтказади. Қўлимдан келадиган ягона нарса - бу унга омонлик ва умид, нимаики қилмасин, бахтли бўлишни тилаш."

Журналист Садананд Дум дейди: "18 яшар қиз ўз эътиқоди ва касби юзасидан шахсий қарор олди. Бу сиз ўзингиз қўл урмайдиган ёки ундан кутмаган қарор бўлиши мумкин. Бироқ бу унинг ўз қарори. Келинг, Зайра Восимга фаолияти учун шунчаки ташаккур билдирайлик ва унга омад тилайлик. Масала ёпилди."

"Зайра Восим вояга етган хоним ва нима қилаётганини билади. У ўзи истаган йўлни эркин танлайди. Унинг қарори ҳурмат қилиниши лозим. Бироқ бу актриса ёки модель сифатида ишлашни орзу қилаётган аёлларни мазах қилиш ёки ҳақоратлаш учун баҳона бўлиб қолмаслиги зарур," ёзади яна бир фойдаланувчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

«Осмон пушти» Восим хоним роль ижросидаги сўнгги фильмга айланиши мумкин. Машҳур Болливуд актрисаси Приянка Чопра ҳам иштирок этган ушбу фильм жорий йилнинг сўнгги қисмида экранларга чиқиши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek