Муслима, ҳижобли ва ҳоким: Руқия нега сиёсатга кирди?

Британия мусулмонлари Фото муаллифлик ҳуқуқи ROB STOTHARD

Муслима, ҳижобли ва ҳоким: Руқия нега сиёсатга кирди? - Руқия Исмоил Буюк Британиядаги биринчи ҳижобли ҳоким бўлади.

Қаҳрамонимиз, етти йилдирки, Лондон шимолидаги Ислингтон туманини бошқариб келади.

Руқия Исмоилнинг айтишича, табиатан жуда қизиқувчан, одамларнинг дардларига ҳеч бефарқ қарай олмайди.

Уларнинг муаммолари нега беэътибор қолаётгани саволи доимо ўзини ўйлантиради, қийнайди.

Шу боис ҳам, сиёсатга қадам қўйдим, дейди Руқия Исмоил.

Унинг ота-онаси асли Сомалидан, аммо ўзи Буюк Британияда туғилган.

Руқиянинг айтишича, миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги мавқеини кучайтириш учун ҳам ўзига ўхшаш аёлларнинг сиёсатдаги иштироклари жуда муҳим.

Унга кўра, мамлакат даражасида олинадиган қарорлар энг аввало қуйидан ибтидо олади.

Худди шу боис ҳам аввалбошдан унга таъсир қилиш имкониятига эга бўлиш муҳим, дейди у.

Ислом Буюк Британияда иккинчи йирик дин ҳисобланади.

Британия Германия ва Франциядан кейин Европанинг энг катта сондаги мусулмонлар истиқомат қилувчи учинчи давлати бўлади.

Расмий ҳисоб-китобларда ҳозир Британиядаги мусулмонларнинг сони уч миллионга яқин экани айтилади.

Бу мусулмонларнинг энг катта фоизи Англияда яшашса, улардан катта қисми пойтахт Лондоннинг ҳиссасига тўғри келади.

Дин ва Дунё: Исломдан завқланиш - Британиянинг биринчи мусулмонлари

Британия: Экстремистларни қоралаган мусулмонлар хавотирдалар

Ислом ва мусулмонлар: Салмон Рушдий бутун бошли авлодни радикаллаштириб юборди

Ўзга дин вакилларига: Масжидимизга келинг

Британия ва мусулмонлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи ROB STOTHARD

Британияда мазҳаби ва оқимига қараб фарқланса-да, мусулмонларнинг ўнлаб кенгаш, уюшма, жамият ва форумлари амал қилади.

Мусулмонлар мамлакат сиёсатида ўз ўрнига эга, британ парламентида улар сонининг йил сайин ортиб бораётгани кузатилади.

Дейлик, 2017 йилги сайловларда уларнинг сони рекорд даражага етган, 15 нафар мусулмон британ парламентига киришга муваффақ бўлган ва бу маҳаллий матбуотда анчагина шов-шувга ҳам сабаб бўлганди.

Лондоннинг ҳозир амалда бўлган ҳокими Содиқ Хон бу лавозимни эгаллаган биринчи мусулмон сиёсатчиси сифатида Британия тарихига кирган. Содиқ Хон жорий пайтда Ғарбдаги таниқли мусулмон сиёсатчиларидан бири сифатида ҳам эътироф этилади.

Британияда мусулмонлар учун қатор исломий каналлар фаолият юритса, амалда бўлган масжидларнинг сони қарийб икки мингга етади.

Мусулмонлар учун муқаддас саналувчи Рамазон ойи ҳам Британияда алоҳида эътибор топади, Бош вазирдан тортиб, барча йирик партиялар лидерлари мусулмонларга хосан табрик билан чиқишади.

Биргина пойтахт Лондоннинг ўзида ўнлаб ҳалол ресторанлар, емакхоналар ва дўконлар фаолият юритади.

Аммо Британия ва Франция пойтахтлари ўтган бир неча йил ичида саҳна бўлган қатор террорчилик ҳужумлари бу ерда ҳам Исломдан қўрқиш кайфиятини кучайтирмай қўймаган.

Ҳатто расмий рақамлар ҳам охирги пайтларда Британияда мусулмонларга қарши диний нафрат заминидаги турли жиноятлар сони кескин ортганига далолат қилган.

Ўзаро ишончни қайта тиклаш, эътиқодлараро мулоқотларни мустаҳкам тутиш учун масжидлар озмунча заҳмат чекишмаган, устма-уст "очиқ кунлар" ўтказишганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek