Дунё: Суперахлатли донорлар нега муҳим?

Claudia Campanella Фото муаллифлик ҳуқуқи Claudia Campanella
Image caption Клаудия бошқаларни ҳам донорликка даъват қилади.

31 яшар Клаудия Кампенелла Буюк Британиядаги университетлардан бирида меҳнат қилади. Бўш вақтларида эса ахлати билан донорлик қилади.

"Айрим дўстларим бу ишни бироз ғалати ёки кўнгилни айнитадиган, деб ҳисоблайди, аммо бундай фикрлар мени ташвишга солмайди. Мен шунчаки тиббий тадқиқотга ёрдам беришни истайман. Ўз ҳиссамни қўшаётганимдан мамнунман".

Клаудиянинг "фойдали" қумурсқаларга тўла ахлати бавл қилишга қийналаётган беморнинг ичагига киритилади.

Унинг ахлати ўта ўзгача.

Бунинг сабаби нимада бўлиши мумкин?

Олимларнинг ишонишича, айрим инсонларнинг ахлатида даволовчи хусусиятга эга бактериялар нисбати аъло даражада бўлади. Улар беморни осонлик билан ичак касалликларидан фориғ қилиши мумкин.

Клаудия веганларнинг ахлатида ана шундай хусусият юқорироқ бўлишини ўқиб қолганидан сўнг донорлик орқали одамларга ёрдам беришга қарор қилган.

Ҳозирда гўшт емайдиган одамлар ахлатининг бошқаларникидан "соғломроқ" эканига бирор илмий далил мавжуд эмас, аммо олимлар шу масала бўйича бош қотирмоқда.

Окленд Университетидан молекуляр биология бўйича мутахассис доктор Жастин О'Салливан суперахлатли донорлар мавзусини ўрганиб келади.

Суперахлат?

Ичакларимиз ичида миллионлаб бактериялар жамоа бўлиб яшайди. Бироқ бактерияларнинг хилма-хиллиги ва сони ҳар бир инсонда турлича бўлади.

"Кузатишларимизга кўра, донорлардан суперахлат кўчириб ўтказилган беморлар одатдагидан ўртача икки марта тезроқ тузалиб кетмоқда," дейди доктор О'Салливан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

"Агар бу қандай содир бўлаётганини аниқ тагига ета олсак, умид қиламизки, ахлат трансплантациялар самарасини янада ошира оламиз. Ҳаттоки, Альцгеймер, склероз ва астма каби хасталикларни бактериялар ёрдамида даволаб кўришни ҳам синаб кўришимиз мумкин."

Гастроэнтеролог Жон Ленди ахлат трансплантациялар билан шуғулланувчи жамоага ёрдам бериб келади.

У супер-донорларнинг юқори самара беришини тасдиқлайди, лекин бундай одамларни топиш бироз қийин кечади, дейди.

"Биз ҳали нега баъзи одамларнинг ахлати супер хусусиятли бўлишини тўлиқ билмаймиз," изоҳлайди у.

"Биз доимо донорнинг соғлом бўлиши ва унинг ҳеч қандай касаллик ташимаслигига ишонч ҳосил қилиб кўрамиз. Бироқ улар танасидаги бактериялар муҳити бўлмиш микробиомни мутлақ текшириб чиқа олмаймиз."

Ахлатдаги қумурсқалар

Доктор О'Салливан ўтказган тадқиқотдан маълум бўлишича, ахлатда миллионлаб сонли турли-туман микроорганизмларнинг мавжудлигининг ўзига хос афзаллик томонлари бўлиши мумкин.

Унинг сўзлашича, айнан турли хил кўплаб микроорганизмлар ахлатни супер хусусиятли қилади.

Аммо тадқиқот давомида яхши натижага эришиш донор ва бемор ичак фаолиятининг бир-бирига қай даражада ўхшаш эканига боғлиқлиги ҳам аниқланган.

«Айрим ҳолларда сурункали диарея чақирувчи инфекция яхшилаб фильтрланган ахлат трансплантация ёрдамида даволанган. Бундай ҳолларда бемор танасига киритилган донор ахлати барча тирик бактериялардан бутунлай тозаланган, лекин унда ДНК, вируслар ва бошқа қолдиқлар сақланиб қолган.»

"Шу вируслар кўчириб ўтказилган бактерия ва микробларнинг яшаб қолиши ҳамда метаболик функцияларига таъсир қила олади," тушунтиради доктор О"Салливан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Клостридиум диффицил номли инфекция беморнинг ичакларидаги антибиотиклар туфайли қирилиб кетган "яхши" бактериялар ўрнини эгаллаб олади.

Микробиом бўйича мутахассис доктор Жули Макдоналд ахлат трансплантациялар самарасини қандай ошириш йўлларини тадқиқ қилиб келади.

Айни вақтда, донорлардан олинган ахлатларнинг аксар қисми клостридиум диффицил номли инфекция томонидан қўзғатиладиган ичаклардаги хавфли ҳолатни даволаш учун ишлатилади.

Бу инфекция беморнинг ичакларидаги антибиотиклар туфайли қирилиб кетган «яхши» бактериялар ўрнини эгаллаб олади.

Доктор Макдоналднинг аниқлашича, клостридиум диффицил инфекцияси фаолияти бемор танасида яширин тарзда кечади.

Бундай инфекциядан оғриган беморлар ичагида «яхши» бактерияларни фақатгина суперахлат трансплантация ёрдамида қайта тиклаш мумкин.

«Лабораториямизда бундай трансплантациялар айнан қандай ишлашини тушуниб етишга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари биз ахлатлардан кўра уларнинг ўрнини боса олувчи воситалар яратиш йўлларини изламоқдамиз.»

Агар суперахлатларга асосланган бирор дори воситаси яратилса, бундай самарали усулни ахлатдан жирканувчи инсонларга нисбатан ҳам қўллаш мумкин бўлади, дейди доктор Макдоналд.

Клаудия одамлар ўз миясидаги ахлатдан жирканувчи «тўсиқ»дан халос бўлиши лозим, деб ҳисоблайди.

У бошқалар ҳам донорлик қилишни синаб кўриши керак, деган фикрда.

«Донор бўлиш жуда осон. Мен касалхона берган контейнерни уйга олиб келиб, янги ахлатимни унга соламан. Сўнг ишга кетаётган вақтим йўл-йўлакай контейнерни касалхонага ташлаб ўтаман. Ҳаммаси жуда оддий.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek