Дунё: 22 давлат уйғурлар ҳимоясига чиқди, орасида биронта ҳам мусулмон давлати йўқ

Хитой Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хитой бир миллиондан ортиқ мусулмонларни ҳибс қилишда айбланади

БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидаги 20дан ортиқ давлат Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласи танқид қилинган мурожаатномани имзолаган.

Бирлашган Миллатлар экспертлари ва инсон ҳақлари гуруҳларига кўра, бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмонлар маҳбусларга мўлжалланган жамлоқларда ушлаб турилибди.

Хитой уйғурларни терроризмга қарши кураш марказларида қайта тарбиялаётганини айтиб келади.

Би-би-си мухбири Хитойдаги мусулмон уйғурлар жамлоғида нималарни кўрди?

"Онам тирикми, ўлик - билмайман" - Уйғур фильми Хитой лагерларида сақланаётган юз минглаб уйғурлар ҳақида

Хитой мусулмонлари: Шинжон қамоқ-мактаблари болаларни ота-онаси бағридан тортиб олмоқда

Ҳозиргача мисли кўрилмаган баёнотни Британия, Канада ва Япония дохил 22 давлат элчилари имзолашган.

Қўшма мактубда "йирик маҳбусларни ушлаб туриш марказлари, Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларни нишонга олган катта миқёсдаги кузатув амалиётлари" ҳақида сўз боради.

Элчилар Хитойни БМТ ва мустақил халқаро кузатувчиларнинг Шинжонга сафарларига изн беришга чақиришган.

Айни пайтда қўшма мактуб БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидаги расмий баёнотёки БМТ резолюциясидан кўра камроқ кучга эга.

Дипломатларнинг Рейтер агентлигига айтишларича, бундай қарорга Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий ўч олишидан хавотирлар сабаб бўлган.

Human Rights Watch ташкилотининг Женевадаги вакили Жон Фишерга кўра, баёнот Хитойга "Шинжонда мусулмонларга нисбатан даҳшатли муомаласини тўхтатиш" йўлида босим ўтказади.

"Баёнот фақат Шинжон аҳолиси учунгина эмас, балки дунёдаги БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши ҳимоясига муҳтож барча учун энг қудратли давлатни ҳам ҳисобга тортиш нуқтаи назаридан муҳим", дейди у.

Би-би-си журналистлари тўплаган далиллар Шинжоннинг фақатгина битта шаҳарчасида 400 дан ортиқ болаларнинг ҳам ота, ҳам оналари қамоқ-жамлоққа маҳкум қилинганини кўрсатган.

Уларнинг кўпчилиги намоз ўқигани ёки рўмол ўрагани учун ё-да Туркияга ўхшаган хорижий давлатларда алоқаларга эга бўлгани важидан жазоланган.

Хитойнинг Британиядаги элчиси болалар ота-оналаридан ажратилаётганини рад этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek