Ўзбекистон: Қурол учун лицензияни Миллий гвардия берадиган бўлди

Ўзбекистонда ов ва спортга мўлжалланган ўқотар қурол ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш фаолияти эндиликда Миллий гвардия томонидан лицензияланади.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар бермоқда.

Лицензия тартибининг ўзгариши Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш хизматининг Миллий гвардия органларига ўтиши муносабати билан юз бермоқда.

Ўзбекистон аҳолисида қанча қурол борлиги маълум қилинди

Ислом академиясини судга берган отани Миллий гвардия олиб кетди

Сенат ДХХ тўғрисидаги қонунни тасдиқлади

Бу ҳақдаги ҳукумат қарорига ўзгартиришлар 9 июль куни эълон қилинган.

Қарорга мувофиқ, баъзи объектлар, жумладан, дипломатик ваколатхоналарни қўриқлаш Миллий гвардия тузилмаларига ўтказилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Бундан аввал Миллий гвардияга суриштирув ишларини олиб бориш ваколати берилганди

Аввалроқ Ўзбекистон аҳолисида қанча қурол борлиги маълум қилинганди.

Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев Ўзбекистон бўйича 39 мингга яқин овчи бўлиб, уларнинг қўлида 53 мингта қурол борлигини айтган.

21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг XX ялпи мажлиси Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини маъқуллаган.

Қонун ижтимоий тармоқларда мунозара ва хавотирларга сабаб бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати айни қонунни жамоатчилик билан маслаҳатлашмай ва расман изоҳламай қабул қилгани сабаб ҳам жамиятда ваҳима уйғонган.

Бундан аввал жиноий ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартириш киритилган, унга мувофиқ, Миллий гвардия органларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ суриштирув ишларини олиб бориш ваколати берилганди.

Ўтган ой норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жойлаштирилган.

Қонундан мақсад Миллий гвардия фаолиятини тартибга солишдан иборатлиги айтилади.

Лойиҳада Миллий гвардия бошқа вазифалар қаторида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва аҳолини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиши айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Тelegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek