Дунё, саломатлик: Ширин ичимликлар саратонга сабаб бўладими?

Fizzy drink Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Таркибида шакар мавжуд ичимликлар, жумладан, мева шарбатлари саратон хавфини ошириши мумкин, демоқда француз олимлари.

Беш йил давом этган тадқиқот ўз ичига 100 мингдан зиёд одамни қамраб олган.

Сорбонна Университетидаги тадқиқотчилар жамоаси қондаги шакар миқдорининг ортиб кетиши саратон келтириб чиқариши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Бироқ тадқиқот ушбу фаразни дастаклайдиган тугал далилни қўлга киритганликка даъво қилмайди ва экспертлар масалани тадқиқ қилишда давом этишга чақирмоқда.

Саломатлик: Уйингиздаги қайси нуқталар микроблар макони эканини биласизми?

Саломатлик: Жисмоний фаоллик қариш жараёнини ортга қайтара оладими?

Ихлос қилиш орқали бел оғриғидан фориғ бўла оласизми?

Шакарли ичимлик нима ўзи?

Тадқиқотчилар таркибидаги шакар миқдори 5 фоиздан зиёд бўлган ичимликни шакарли ичимлик, дея тавсифлайди.

Ичимликларнинг бу синфи ичига, ҳатто, шакар қўшилмаган мевали шарбатлар, газли ширин ичимликлар, коктейллар ва қанд солинган чой ёки қаҳва ҳам киради.

Саратон хавфи қанчалик юқори?

Тадқиқот кунига қўшимча ичилган 100 миллилитр шакарли ичимлик саратон ривожланиши хавфини 18 фоизга оширади, деган хулосага келган.

Тадқиқотда иштирок этган ҳар 1,000 кишининг 22 нафарида саратон аниқланган.

Агар барча иштирокчилар кунига қўшимча 100 миллилитр ичимлик ичса, тадқиқот ўтказилган беш йил ичида саратонга чалинганлар сони тўртага ортиб, 1,000 киши ичидан 26 нафари саратонга учраган бўлар эди, дея изоҳлайди тадқиқотчилар.

Тадқиқот иштирокчиларида аниқланган 2,193 саратон ҳолатининг 693 таси кўкрак саратони, 291 таси простата саратони ва 166 таси колоректал саратони эди.

Тадқиқот хулосаси ҳақиқатни англатадими?

Йўқ - тадқиқот шакарли ичимликлар ва саратон ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликларни аниқлаб бериши мумкин, аммо уларни тушунтириб бера олмайди.

Тадқиқот кўп шакарли ичимлик ичадиганларда (кунига 185 миллилитр атрофида) кам ичадиганларга қараганда (кунига 30 миллилитрдан кам) саратон кўпроқ ривожланганини кўрсатган, лекин бу ҳолатнинг сабабини изоҳлаб бера олмаган.

Эҳтимолга энг яқин изоҳлардан бири - бу шакарли ичимликларни севувчи инсонлар, аксар ҳолларда, носоғлом овқатланишга мойил эканидир. Масалан, улар туз ва калорияли таомларни бошқалардан кўра кўпроқ истеъмол қилади. Шу сабабдан ҳам шакарли ичимликлар саратонга бевосита эмас, балки билвосита сабаб бўлиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

"Ушбу тадқиқот шакар ва саратон ўртасида қандай алоқа мавжудлигига аниқ жавоб бера олмаган бўлсада, у, умумий манзарада, шакар истеъмолини камайтиришимиз лозим эканига ишора қилади," сўзлайди Тиссайд Университетидан доктор Амелия Лейк.

«Шакар истеъмолини камайтириш ўта муҳимдир,» қўшимча қилади у.

Ҳаммасига семизлик сабабми?

Семизлик қатор саратон турларини келтириб чиқарувчи йирик омилдир. Шакарли ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилиш тана вазнини янада оширади.

Бироқ бу далил ҳам шакар ва саратон ўртасидаги боғлиқликни тўлиқ изоҳлаб бера олмайди.

Француз олимлари қондаги шакар даражасини саратоннинг эҳтимолий сабабчиси ўлароқ кўрсатмоқда.

Шунингдек, улар аксар шакарли ичимликлар таркибида учрайдиган ранг берувчи моддалар зарарини ҳам эътибордан қочирмаслик лозимлигини айтмоқда.

Аммо тадқиқот масаланинг бу жиҳатига жавоб беришни мақсад қилмаган.

Тадқиқотчилар нима дейди?

Сорбонна Университети тадқиқотчилари жамоаси бу мавзуни янада кенгроқ ўрганиш заруриятини таъкидлайди.

«Шакарли ичимликлар юрак-қонтомир касалликлари, вазн ортиши, семизлик ва қандли диабет хавфини ошириши маълум,» тадқиқот гуруҳи аъзоси доктор Матилда Тувер.

«Бироқ биз бундай ичимликлар саратон келтириб чиқариши ҳам мумкинлигини кўрсатиб бердик.»

Тадқиқотчилар шакарли ичимликлар истеъмолини камайтириш йўлида бундай маҳсулотларни кўпроқ солиққа тортиш яхши ғоя эканини айтади.

«Биз қўлга киритган маълумотлар шакарли ичимликлар истеъмолини камайтириш учун озиқ-овқат тавсияларини ишлаб чиқиш, шунингдек, кўпроқ солиққа тортиш ва маркетинг ишларини чеклаш долзарблигини кўрсатмоқда,» дейилади тадқиқот хулосасида.

Буюк Британия 2018 йилдан бошлаб таркибида шакар моддаси кўп бўлган ичимликлар учун қўшимча солиқ жорий этган.

Ишлаб чиқарувчилар қандай муносабат билдиради?

Британия Ширин Ичимликлар Уюшмасига кўра, тадқиқот шакарли ичимликлар саратон келтириб чиқариши «сабабига далил келтириб бера олмаган ва муаллифларнинг ўзи ҳам буни тан олади.»

Уюшма директори Гевин Партингтон шундай дейди: «Ширин ичимликлар меъёрида ичилса, зарар туғдирмайди.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek