Дунё: Ироқда нега аёллардан кўра эркаклар кўп зўрланмоқда?

Қўлни ушлаган қўл
Image caption Ироқда ўғил болалар ва эркаклар ҳам жинсий таҳқирланади.

Би-би-си ташаббуси билан Араб дунёси бўйича ўтказилган сўровнома кутилмаган ҳолатларни юзага чиқарди - Ироқда эркаклар аёллардан кўпроқ оғзаки ва жисмоний жинсий таҳқирга учрар экан. Бу натижа ўзида ҳақиқатни қанчалик акс эттиради?

Сами 13 ёшда

15 ва 17 ёш оралиғидаги уч нафар бола Сами (исм ўзгартирилган)га тегажоғлик қилганда, у мактаб ҳожатхонасида эди.

Улар Самининг дуч келган жойига тегина бошлайди. Аввалига, Сами даҳшатдан нима қиларини билмай қолади, оёқ-қўли фалажга учрайди. Сўнг у қичқиришга ўзида куч топади.

Кимнингдир бор овозда қичқираётганини эшитган бошқа болалар мактаб директорини чақириб келади. Тегажоқ болалар мактабдан ҳайдалади, аммо уларнинг ота-онасига бунинг сабаби айтилмайди.

Сўнг Самини мактаб директори ўз хонасига чақиради. У директор айтган гаплардан даҳшатга тушади. Мактабдагилар болаларнинг шилқимлик қилишига Самининг ўзи сабабчи, деб ўйлар эди.

Шундай қилиб, Самига мактабда қолиш учун «яна бир имконият» берилади.

Қўрқиб кетган Сами бўлган воқеани оиласидагиларга айтмасликка қарор қилади ва бир неча ой давомида бошқалар билан деярли мулоқотга киришмайди.

Бу Самининг биринчи бор жинсий таҳқирга учраши эди.

Сами 15 ёшда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Сами ўзи туғилиб ўсган Бобилда таҳқирланган.

2007 йилда Самининг отаси оламдан ўтганига бир йил тўлган эди. Боқувчисидан айрилиш оилани ҳолдан тойдириб қўйганди.

Пойтахт Бағдоддан 100 чақиримча олисдаги Бобил ҳудудида дунёга келган Самининг болалиги шодон ўтган эди. У асосий вақтини ўқиш, ака-синглиси билан ўйнаш ва бобосининг уйида ўтказар эди.

Бироқ отаси вафотидан сўнг Сами ишлашга мажбур бўлади. У маҳаллий дўконлардан бирида тер тўка бошлайди.

Аммо дўкон эгасининг ўзига муносабати Самини ноқулай аҳволга солар эди.

«У менга керагидан ортиқ эътибор кўрсатар эди,» сўзлайди Сами.

Кунлардан бирида, дўконда ҳеч ким йўқ пайти хўжайин Самига ташланиб қолиб, уни ўпишга уринади. Сами қўлига илинган биринчи нарса - шиша идиш билан тегажоқ эркакнинг бошига уради ва қочиб кетади.

Сами дўкондор бу воқеа ҳақида одамларга айтган-айтмаганини аниқ билмайди, лекин у бошқа иш топгунга қадар яна бир йил сарсон юради.

Сами 16 ёшда

Ўша куни Самининг ойиси ва бошқа оила аъзолари уйда йўқ эди. Меҳмонга келган амакиваччаси унинг ёнига ўтириб, телефонида порно расмларни томоша қила бошлайди ва туйқус Самини қучоқлаб, уни зўрлайди.

Бундай ҳолатларни бошқаларга гапириб бериш Сами учун ўта мушкул эди. Тунлари у ёмон тушлар кўриб, босинқираб чиқар эди.

Охири Сами болалиги ўтган уйда ортиқ яшай олмаслигини англаб етади.

Алоқадор мавзулар:

Атрофингда ҳамма сен билан жинсий яқинлик қилишни истайди

Ўзбек аёли номуси иш жойида ҳимоя қилинганми?

Жинсий қулликка тушган ўзбек аёллари

Аёл аёлни жинсий зўрласа...

«Оиламни бошқа ерга кўчиб кетишга кўндира олдим. Биз қариндошлар ва маҳалладаги танишлар билан алоқани уздик,» хотирлайди Сами.

Оила Бағдодга кўчиб кетади ва бу ерда барчага иш топилади.

Бола сифатида руҳий жароҳат олган Сами ишқий муносабатлар ўрнатишдан ўзини тийишга уринади.

Пойтахтда янги дўстлар орттиргандан сўнг у бошидан ўтган оғриқларни умр бўйи ортқилаб юра олмаслигини тушунади. Сами, ниҳоят, бир қарорга келади - у ўзининг энг яқин дўстларига ҳамма воқеаларни сўзлаб беради.

Шундан сўнг Сами ҳайратдан ёқа ушлайди - у дўстлари орасида болалиги жинсий таҳқирлар билан ўтган ягона инсон эмас эди.

Аксар дўстлар ўзлари ҳам ўхшаш ҳужумларга учраганини тан олади.

Эркаклар ҳирсига учраган эркаклар

Image caption Сами Бағдодга қочиб кетишга мажбур бўлади.

10 та араб давлати ва Фаластин Ҳудудларида Би-би-си Араб Хизмати ташаббуси билан ўтказилган сўровнома орқали икки мамлакат - Тунис ва Ироқда аёллардан кўра кўпроқ эркаклар оғзаки ва жисмоний жинсий тажовузга учраши аниқланди.

Тунисда жинсий таҳқир бўйича шикоят қилган аёллар ва эркаклар орасидаги фарқ анчайин кичик - атиги 1 фоиз.

Бироқ Ироқда манзара буткул ўзгача: бу ерда сўровномада иштирок этган аёлларнинг 33 фоизи, эркакларнинг эса 39 фоизи оғзаки шилқимлик ҳолатига дуч келганини маълум қилган.

Шунингдек, 20 фоиз ироқлик эркак жисмоний жинсий таҳқирга учраганини тан олган. Аёллардаги бу кўрсаткич 17 фоизга тенг.

Аёлларнинг ҳуқуқлари хароб аҳволда бўлган мамлакатдаги бундай кутилмаган манзара кишини ҳайратга солади - Ироқ Жиноят Кодекси, ҳатто, аёлларнинг турмуш ўртоғи томонидан калтакланишини жиноятга тенглаштирмайди.

Сўровномани ўтказган Arab Barometer тадқиқот тармоғи ходимаси доктор Катрин Томасга кўра, жинсий тажовузга учраган аёллар бундай ҳолатлар юзасидан сукут сақлашни маъқул билгани эҳтимоли туфайли эркаклардаги кўрсаткич юқори кўринаётган бўлиши мумкин.

Human Rights Watch ташкилотининг Ироқ бўйича катта тадқиқотчиси бўлмиш Белкис Вил Томас хонимнинг фикрига қўшилади.

«Аёллар, одатда, оиладаги зўравонлик ва жинсий тажовуз ҳолатлари юзасидан шикоят этишга истиҳола қилади,» изоҳлайди Вил хоним.

Бундай ҳолларга Ироқ касалхоналарида яққол гувоҳ бўлиш мумкин, дейди у.

Қонунга кўра, мамлакат касалхоналарида хавфсизлик зобитлари туну кун навбатчилик қилади ва шифокорлар, агар бирор аёл таҳқир қурбони бўлганини айтса, бу ҳақида зобитларни хабардор этишга мажбурдир.

«Кўпинча, аёллар жиноятчиларнинг ёнини олади. Агар жиноятчи аёлга яқин шахс бўлса, аёл жиноий иш очилиши ортидан тажовузкорнинг ўзидан ўч олиши эҳтимолидан қўрқади,» сўзлайди Вил хоним.

Human Rights Watch ироқлик гей эркаклар ва транс аёлларнинг мунтазам жинсий таҳқирга учраши ҳолатидан хабардор эканини маълум қилади. Аксар ҳолларда, бундай ҳужумлар борасида полицияга шикоят қилинмайди.

"Гейлар ва транслар Ироқда жинсий тажовузга дуч келишда давом этмоқда. Кўриниши ва овози аёлларникига ўхшаш бўлганлар [маҳаллий стереотипларга кўра] кўпроқ жинсий ҳужум қурбонига айланади," дейди ЛГБТ ҳуқуқлари фаоли Амир Ашур.

"Одамлар бундай жиноятлар юзасидан камдан-кам шикоят қилади, чунки маҳаллий ижтимоий тартибларга кўра, бу мавзу борасида гапирилганда, қурбоннинг гей экани очилиб қолади ва у янада кўпроқ таҳқирланади."

Сами бу фикрни тасдиқлайди. Унинг сўзлашича, эркакни зўрлаш қонун бўйича жазоланишига қарамай, полиция қурбонларга деярли ён босмайди.

«Мабодо кимдир мени зўрлашди, деб арз қилса, полициячилар уни шунчаки мазах қилади,» дейди у.

Image caption Сами ўз бошидан ўтган воқеаларни унутолмайди.

Би-би-си сўровномаси:

•Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги 10 давлат - Жазоир, Миср, Ироқ, Иордания, Қувайт, Ливан, Марокаш, Судан, Тунис, Яман - ҳамда Фаластин Ҳудудларида истиқомат қилувчи 25,000 дан зиёд инсон билан суҳбатлашилди

•Бу иштирокчилар ва давлатлар сони, берилган саволларнинг кўлами бўйича минтақада ўтказилган энг йирик сўровномадир

•Сўровнома Принстон Университетида жойлашган Arab Barometer тадқиқот тармоғи томонидан амалга оширилди

Сами 13 ёшида бошидан ўтказган тажовузни яхши эслайди ва бу ҳолат яна содир бўлиши мумкинлигини айтади.

«Агар шикоят қилсам, полиция менга ёрдам бериш ўрнига қонунан таъқиб этилувчи гомосексуал муносабатда бўлиш айби билан мени қамоққа ташлаши мумкин,» таъкидлайди у.

«Қонун мен томонда, лекин қонун ҳимоячилари менга қарши тиш қайраб турибди.»

Полиция берган баёнотда шундай дейилади: «Эшигимиз барча фуқаролар учун очиқ. Жинсий тажовузкорлар қурбонлар шикояти ортидан ҳибсга олиниб келинмоқда.»

Баёнотда, шунингдек, мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича янгича англамига мувофиқ 2003 йилда стратегия қабул қилингани ва махсус ходимлар бундай масалаларни ўрганиш учун ёллангани билдирилади.

Сами ҳозир 21 ёшда

Айни дамда, унинг ҳаёти анча яхши томонга ўзгарган. У Бағдодда яшаётганидан мамнун. Сами йирик халқаро ташкилотда меҳнат қилмоқда ва ўзининг ўтмишидан хабардор бир неча дўстлари уни қўллаб келади. У ўз ҳикоясини Би-би-сига сўзлаб бериш орқали бошқа эркакларни ҳам дардини очиқлашга илҳомлантиришдан умид қилаётганини таъкидлайди.

Бироқ ўтмиш китоби ҳали ёпилмаган. У ҳануз кимдир билан ишқий муносабатга киришишдан тийилишга интилади.

У, эҳтимол, кун келиб - ўзи ва Ироқ жамияти ўзгарганда - ўзига мос инсонни учратиши мумкинлигини айтади.

«Балки бу кун 35 ёшга кирганимда келар,» дейди Сами.Дунё: Ироқда эркаклар аёллардан кўра кўпроқ жинсий тажовузга учрамоқдами?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek