Ҳиндистон: Худо номи билан мусулмонлар ўлдирилмоқда

Табриз Ансорий Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Hindi
Image caption Табриз Ансорий раҳм-шафқат сўраб, ўтинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди

Ҳиндистон ҳиндулари одатда Рам Худоси номини саломлашганда тилга олишади. Бироқ охирги йиллари Ҳинду миллатчилари бу Худо номини мусулмонларни ўлдириш чақириғи сифатида ишлатишмоқда.

Ўтган ой бир мусулмон йигитни устунга боғлаб, ҳужум қилган ҳиндулар тўдаси айнан Рам номини ишга солишди.

Видеода 24 яшар Табриз Ансорий уларга ёлворар, юзини кўз ёши ва қони юварди.

Алоқадор мавзулар:

Ҳинду ва мусулмон низосида Бобур айбдорми?

Ҳиндистонда Исломга нафрат кучли

Аммо ҳужумчи ҳиндулар уни "Жай Шри Рам!" (Рам Худосига ғалаба) деб қичқиришга мажбурлашарди.

Мусулмон йигит ҳиндулар айтгандек қилди. Кейин ҳиндулар тўдаси уни полицияга топширишди.

Полиция эса негадир жабрдийда мусулмонни қамаб қўйиб, оиласига ҳам кўрсатмади. Табриз ҳиндулар ҳужумида олган жароҳатлари ортидан 4 кундан кейин дунёдан ўтди.

Айби - мусулмонлиги

Табриз Ансорий ҳиндулар ҳужумига тутилган ягона мусулмон эмас.

Ассам штатида ҳам ёш мусулмон ўсмирларга ҳужум қилинди ва улар ҳам "Жай Шри Рам!" деб қичқиришга мажбурланди.

Ҳиндистонлик мусулмонлар "Она Ҳиндистонга шон шарафлар!" ва "Покистонга ўлим!" деб қичқиришга ҳам мажбурланмоқда.

Ҳатто мамлакатнинг энг йирик шаҳри - Мумбайда ҳам 25 яшар такси ҳайдовчиси бўлган мусулмон йигит калтакланиб, ҳиндулар Худоси номини айтишга мажбурланди.

Калкуттада эса поездда кетаётган Ҳафиз исмли мадраса мударриси "Жай Шри Рам!" деб қичқиришдан бош тортади. Шунда ҳинду миллатчилари уни юриб кетаётган поезддан отиб юборишади.

Кўчадан сиёсатга

Қотиллик ва зўравонлик учун ишлатилаётган бу қичқириқ энди кўчадан парламентга ҳам кириб келди.

Ўтган 17 июнь куни Бош вазир Нарендра Модининг БЖП партияси вакиллари мусулмон депутатларнинг нутқларини айнан "Жай Шри Рам!" қичқириғи билан бўлишди.

Мухолифат вакиллари ва қатор зиёлилар бу зўравонликларни қоралашмоқда.

Сатирачи рассом Сатиш Ачарья эса ўз номини қўллаб, одам ўлдираётган тўдаларга қараб йиғлаб турган Рам худоси расмини ҳам чизди.

Саломлашиш ва хуштилак рамзи бўлган Рам худоси номи бугун қотиллик билан боғланмоқда.

Бобурийларга боғлиқлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Satish Acharya
Image caption Бу расмда Рам худоси фақат менинг номимдан эмас, деб ўтинмоқда.

Рам худоси номини ишлатиб, зўравонлик қилиш ҳали 1980-йиллари бошланган.

Ўшанда БЖП миллатчилар партияси Айодҳадаги Бобурий масжидини вайрон қилиш учун Рам худоси номини ишга солиб, ҳиндуларни зўравонликка ундайди.

1992 йили "Жай Шри Рам!" қичқириқлари остида ҳиндулар 16-асрда қурилган Бобурий масжидини бузиб ташлашган.

БЖП ишонишича, Бобурийлар аслида Рам худоси ибодатхонасини бузиб, ўрнида масжид қурганлар.

Ҳиндистонда юз миллионлаб мусулмон яшайди.

Аслида бу мамлакат мусулмонлар сони жиҳатидан Индонезиядан кейин дунёдаги иккинчи йирик давлат саналади.

Худо ва сиёсат

Ҳинду миллатчилари ўшандан бери сиёсий устунликка эришиш учун Рам худоси номини ишга солишади.

Бош вазир Моди қудратга келган даврларда озчиликларга қарши зўравонлик жуда кучайди.

Хусусан, "сигирсевар" кўнгиллилар мусулмонларни мол гўшти ейиш ёки мол сўйишда гумон қилса ҳам, ҳужум қилишди.

Бош вазир уларни бу ҳужумларга ундамаган, аммо зўравонликларни тез ва қаттиқ қоралаб чиққани ҳам йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Миллионлаб ҳиндулар учун Рам - адолат рамзи

Табриз Ансорийнинг ўлдирилишидан бир неча кун ўтиб, Бош вазир Моди айни ҳодисадан "қалби оғриганини" ва "айбдорлар қаттиқ жазоланиши" лозимлигини айтди.

Аммо зўравон қотилларга қарши жиддий жазо қўлланилишига кўпчилик ишонмайди.

Охирги 5 йил ичида ўнлаб одамлар шундай ҳужумларда ўлдирилган. Лекин жазога тортилганлар жуда кам.

Баъзан айбланувчилар "далил етмайди" деб қамоққа олинмаган ва ҳатто Бош вазир партияси вакиллари билан бирга юрган ҳоллари ҳам бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek