Дунё, янгиликлар: Ишдан чиққан Россия АЭСи, АҚШни хавотирга солган FaceApp ва солиқлар "Худо иродаси"га зидми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи IGOR KUBEDINOV/TASS

Россиядаги Калинин АЭСида фавқулодда ҳолат юз берди

Твер вилоятида жойлашган АЭСда авария ҳолати юзага келган ва тўрт энергоблокнинг учтаси тармоқдан узилиб қолган.

Илк расмий хабарга кўра, бунга трансформаторлардан биридаги қисқа туташув сабаб бўлган.

Ҳозирда ишдан чиққан энергоблокларни қайта фаол ҳолатга келтириш ҳаракатлари бошлангани айтилмоқда.

Ушбу АЭС Росатом давлат корпорацияси таркибига кирувчи Росенергоатом оператори томонидан бошқарилади.

Росатом корпорацияси эса Ўзбекистондаги илк АЭСни қуриши кутилмоқда.

Сенатор ФҚБдан FaceApp'ни текширишни сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ сенатори Чак Шумер Федерал Қидирув Бюросини (ФҚБ) суратдаги одамларни ёшартирувчи ва қаритувчи FaceApp иловаси юзасидан текширув ўтказишга чақирди.

Сенатор Шумер АҚШ фуқаролари шахсий маълумотларининг "хорижий душман" қўлига тушиб қолиши эҳтимолидан хавотир билдирган.

Санкт-Петербургда жойлашган Wireless Lab компанияси бир неча кун аввал FaceApp иловасини такомиллашган нейротармоқлар билан бойитиши ортидан у дунё бўйлаб овоза бўлиб кетган эди.

Ўзбекистонликлар ҳам бу борада бир четда қолмаган.

Бироқ Wireless Lab компанияси илова суратларни серверда доимий сақламаслиги ва фойдаланувчи танлаган суратдан бошқа маълумотларни кўра олмаслигини таъкидлайди.

Компания бугунги кунда 80 миллиондан зиёд фаол фойдаланувчига эга эканини айтади.

Эл Чапо умрбодга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ суди "Эл Чапо" лақаби билан танилган мексикалик йирик наркодиллер Хуакин Гузманни умрбод ва қўшимча 30 йилга озодликдан маҳрум этди.

62 яшар Гузман 10 айблов, жумладан, наркотик моддалари ташиш ва пул ювишда айбланган.

У Мексикадаги Синалоа картелининг собиқ раҳбари бўлиб, у АҚШга наркотик моддалари олиб кирувчи энг йирик жиноий тўда экани айтилади.

2015 йилда Мексика қамоқхонасидан ерости йўли орқали қочиб кетган Эл Чапо, кейинроқ, яна қўлга тушиб, 2017 йилда АҚШга бериб юборилган эди.

Эл Чапо суд ҳукмининг "адолатсиз бўлгани"ни таъкидлаган.

Насронийлар оиласи: Солиқларни тўлаш "Яратган иродаси"га қарши

Фото муаллифлик ҳуқуқи ABC News

"Солиқлар Худо истагига қарши" деган иддао билан 8 йилдан бери даромад солиғи тўламай келаётган австралиялик оила бўйнига $1.4 миллион солиқ солинган.

Бирепутлар оиласи вакили бўлмиш Фанни Алида хоним судда қуйидаги сўзларни айтган: "Биз ҳеч кимга ҳеч нарса қарз эмасмиз, чунки биз Худонинг бандаларимиз".

2017 йилда $930 минг миқдорида солиқ тўлолмагани ортидан ака-сингил Бирепутларга тегишли ферма тортиб олиниб, сотувга қўйилган эди.

Жаноб Бирепут эса "Давлатдан қайсидир кўринишда қарздорлик бандани Худога қарам бўлишдан чалғитади ва, оқибатда, Яратган қурғоқчилик ҳамда ҳосилларнинг нобуд бўлиши кўринишида бало-қазо юборади", деган.

Бироқ суд бундай иддаоларни инобатга олмаган.

Instagram лайкларни яширмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Anadolu Agency

Instagram фойдаланувчиларга нисбатан босимлардан сақланиш мақсадида "like" («ёқди» ифодаси)лар сонини яшириш синовини бошлади. Синов бир неча давлат, жумладан, Австралия ва Японияда ўтказилмоқда.

Бугун бошланган синов доирасидаги фойдаланувчилар, эндиликда, бирор постга қўйилган лайклар сони ўрнига фойдаланувчи номи ҳамда «ва бошқалар» жумласини кўрадилар.

Instagramга кўра, бошқалар постларидаги лайклар кўплигини кўриш айрим ўсмирларда ўзига бўлган ишончнинг йўқолиши ва тушкунликни юзага келтириши мумкин.

Шунингдек, Instagram лайклар йиғиш бўйича мусобақалашаётган ёшларни ўз вақтини беҳуда сарфламасликка ундамоқчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ