Уйғур илтижоси: менинг Лутфий ва Нодирамни Хитойдан чиқишига рухсат беринг!

Sadam Abudusalamu and Nadila Wumaier pose for a selfie in the snow in China Фото муаллифлик ҳуқуқи Sadam Abudusalamu
Image caption Саддам Абдусалом ва Нодира Умар 2016 йили никоҳдан ўтганлар.

Австралия ҳукумати Хитой ҳукуматига мурожаат қилиб, Уйғур она-боланинг мамлакатдан четга чиқишига рухсат беришини сўради.

Бунга Австралия фуқаролигини олган этник Уйғур Саддам Абдусаломнинг Австралия раҳбариятига қилган мурожаати сабаб бўлган.

29 ёшли Саддам Абдусалом бир неча ой мобайнида ўз рафиқаси ва ўғли билан бирлашиш мақсадида кампания ташкил қилган, бироқ ўзининг шахсини очиқламаган.

Ниҳоят яқинда икки ёшга тўладиган Лутфий учун Австралия фуқаролигини муваффақиятли қўлга киритганидан сўнг оммавий ахборот воситалари ва Австралия вазирларига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Саддам Абдусалом ва Нодира Умар болаликларидан бир-бирларига меҳр қўйишган.

2016 йили тўйлари бўлган.

Шундан сўнг Саддам Австралияга чиққан ва у ерда сиёсий бошпана олган.

У ўғли Лутфийни туғилганидан буён кўрмаган.

Рафиқаси Нодира Умар Хитой фуқароси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sadam Abudusalamu
Image caption Нодира Умар ўғли Лутфий билан. Яқинда у иккига тўлади

Самад Абдусаломнинг журналистларга айтишича, ўғли ва аёлини Хитойдан чиқишига рухсат беришини сўраб мурожаат қилганидан кейин рафиқаси Нодирани Шинжонда қайсидир бир идорага чақиртиришган.

Бироз ушлаб туриб кейин қўйиб юборишган.

17 июль куни Пекиндаги Австралия элчилиги расман Хитой расмийларига мурожаат қилганлар, Нодира Умар ва ўғли Лутфийнинг Австралияга боришларига изн берилишини сўраганлар.

Жаноб Абдусалом Би-би-си билан суҳбатда Австралиянинг дипломатик ҳаракатларидан қониққанини айтган.

"Бироқ ота ва эр сифатида менга янада кўпроқ нарса зарур", деб айтган у.

У Австралия ва Хитой вазирларининг юзма-юз кўришишларини, Австралия расмийларига Урумчидаги ўғлини кўришга рухсат берилишини хоҳлашини айтган.

Ўз номини ошкор қилишдан олдин Саддам Абдусалом агар ўғли Хитойда қолса, болалар уйига топширилиши ва бошқа бир оила томонидан боқиб олинишидан хавотирланган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Хитой бир миллиондан ортиқ Уйғур ва бошқа мусулмонларни маҳбусларга мўлжалланган лагерларда тутиб турибди.

Хитой ҳукумати эса бу "касб-ҳунар марказлари" дейди.

Ўтган ҳафтада 22 мамлакат Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласи танқид қилинган мурожаатномани имзолади.

Улар орасида Австралия ҳам бор.

Қўшма мактубда "йирик маҳбусларни ушлаб туриш марказлари, Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларни нишонга олган катта миқёсдаги кузатув амалиётлари" танқид қилинган.

Хитой бу айбловларни мунтазам рад этиб келади ва ўзининг ушбу амаллари Шинжонда экстремизм олдини олишга қаратилганини айтади.

Ўтган ҳафтада БМТдаги 37 мамлакат элчилари Хитойнинг Шинжондаги сиёсати қўллаб-қувватланган акс қўшма мактубни эълон қилдилар.

Улар орасида Саудия Арабистони, Россия, Туркманистон ва Тожикистон элчилари борлиги хабар қилинди.

Ўзбекистонлик депутат Қобул Дўсов Президент Мирзиёевга мурожаат қилиб уйғурлар борасида Хитойга ён бермасликка чақирди.

Австралиянинг Ташқи ишлар вазири Мэрис Пэйн айтишича, Нодира Умар Хитой фуқароси бўлгани учун австралиялик консулнинг у билан учрашиш имкони йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ