Дунё, янгиликлар: Алишер Усмонов тупуриб қўйган Навальний, оломон ва самосуд

Фото муаллифлик ҳуқуқи SERGEY FADEICHEV/TASS

Алексей Навальний яна ҳибсга олинди

Россиялик таниқли сиёсатчи ва мухолифат фаоли Алексей Навальный митинг ўтказиш тартибларини қайта бузиш айби билан 30 суткага ҳибсга олинган.

Фаол чоршанба куни тонгда ўз уйи олдида қўлга олинган.

Жаноб Навальний мухолифатдаги номзодларнинг сентябрь ойида ўтадиган Москва шаҳар Думаси сайловларига рўйхатга олинмаганига қарши норозилик сифатида одамларни 27 июль куни рухсат берилмаган намойишга чиқишга ундаб келаётган эди.

Навальний Усмонов таҳдидидан хавотирда эмас

Навальний руслар Ўзбекистондан 'қувилгани'ни иддао қилди

Москва шаҳар Думаси сайловларига мухолиф номзодларнинг қўйилмаётгани сўнгги бир ойдан бери Россия матбуотидаги энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб келмоқда.

Жаноб Навальний мухолифатдаги номзодларнинг сентябрь ойида ўтадиган Москва шаҳар Думаси сайловларига рўйхатга олинмаганига қарши норозилик сифатида одамларни 27 июль куни рухсат берилмаган намойишга чиқишга ундаб келаётган эди.

Москва шаҳар Думаси сайловларига мухолиф номзодларнинг қўйилмаётгани сўнгги бир ойдан бери Россия матбуотидаги энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб келмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EUROPEAN PHOTOPRESS AGENCY

Ш Корея янги турдаги ракетани учирди

Жанубий Корея расмийлари берган хабарларга кўра, шимолликлар қисқа масофага учувчи янги турдаги икки ракетани денгиз томон учирган.

Пайшанба тонгида учирилган ракеталар 430 километр йўл босиб, Япон денгизига қулашидан аввал 50 километрли баландликни забт этган.

Шимолий Корея шу йўл орқали Жанубий Корея ва АҚШ ўртасида кейинги ойда ўтиши режалаштирилган ҳарбий ўқув машғулотларига нисбатан ўз норозилигини изҳор этгани тахмин қилинмоқда.

Шимол режаланган ўқув машғулотлари Корея яриморолини ядросизлантириш бўйича музокараларнинг қайта бошланишига тўсқинлик қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Жанубий Корея мудофаа вазирлиги Пхенянни «зиддиятни юмшатишда бесамар бўлган» бундай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирган.

Япония мудофаа вазири эса шимолликлар отган ракеталар мамлакат сув ҳудудига етиб бормаганини билдирган.

Июнь ойида АҚШ президенти Доналд Трамп икки Кореяни ажратиб турувчи демилитаризация зонасида Шимолий Корея раҳбари билан учрашган эди. Учрашув давомида икки давлат раҳбари яриморолни ядросизлантириш бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олгани хабар қилинганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Samsung муваффақиятсизликка учраган букланувчи смартфонини қайтадан бозорга чиқармоқчи

Samsung'нинг илк букланувчи смартфонининг кенг бозорга чиқарилиши қурилмада кузатилган носозликлар ортидан кечиктирилган эди.

Эндиликда, технология гиганти смартфон нуқсонлари бартараф этилгани ва у сентябрь ойида очиқ савдога чиқарилишини эълон қилмоқда.

Апрель ойида синаб кўрувчилар Galaxy Fold номли ушбу букланувчи смартфоннинг экрани осонлик билан синиб қолишини пайқаган.

Шундан сўнг Samsung $2,000 га баҳоланган смартфон савдосини тўхтатишга мажбур бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мисли кўрилмаган жазирама

Бугун Марказий ва Шимолий Европанинг аксар қисмларини ақл бовар қилмас жазирама эгалламоқда. Кўплаб Европа шаҳарларида ҳаво ҳарорати рекорди янгиланиши кутилмоқда.

Англия учун энг иссиқ ҳарорат рекорди 2003 йилда Кент графлигида кузатилган эди. Ўшанда термометр +38,5 даражани кўрсатган. Синоптиклар бугун мамлакатда янада юқори иссиқ ҳукмрон бўлишини башорат қилмоқда.

Германия, Голландия ва Бельгияда рекорд даражадаги иссиқ ҳарорат аллақачон қайд этиб бўлинган. Бу мамлакатларнинг айрим ҳудудларида ҳарорат +40 даражага қадар етган.

Жазирама туфайли Ла-Манш бўғози остидаги тоннель орқали ҳаракатланувчи поездлардан бири ишдан чиққан ва йўловчилар икки соатдан зиёд вақт давомида вагонларда қолиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ёлғон туфайли самосудда ўлган саккиз инсон

Бангладеш полициясига кўра, болаларнинг ўғирлангани борасидаги ёлғон хабарлар ортидан оломон саккиз бегуноҳ инсонни ўзбошимчалик билан жазолаб, ўлдириб қўйган.

Интернетда бир қанча боланинг номаълум шахслар томонидан ўғирланиб, боши танасидан жудо этилгани тўғрисида фейк хабар тарқалган ва 30 чоғли одамлар гумондаги инсонларга ҳужум қилган.

Полиция ҳалок бўлган инсонларнинг бола ўғирлашга мутлақо алоқаси бўлмаганини таъкидламоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek