Дунё, янгиликлар: Инфляция даражаси Ўзбекистондан юқори бўлган Венесуэла светсиз қолди

Cветсиз Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эрон АҚШ «жосуслари»ни ўлимга ҳукм этди. Венесуэла навбатдаги йирик электр тақчиллиги билан юзлашди. Бугун Британиянинг янги Бош вазири аниқ бўлади. Ж Корея Россияни ҳаво ҳудудига бузиб киришда айблади. АҚШда муҳожирларни осонроқ депортация қилувчи тартиб кучга кирди. Жанубий Шарқий Осиёда бедаво безгак шиддат билан тарқалмоқда.

Венесуэла навбатдаги йирик электр тақчиллиги билан юзлашди

Электр таъминотидаги йирик узилишлар оқибатида мамлакатнинг 23 штатидан, камида, 18 таси, жумладан, пойтахт Каракаснинг аксар қисмлари чироқсиз қолган.

Венесуэла ахборот вазири Хорҳе Родригез бунда «электромагнит ҳужум»ни айблаб чиққан.

Жорий йилнинг март ойида бутун мамлакатда электр узилиб, бу ҳол бир ҳафта давом этган эди.

Апрель ойида ҳам айни ўхшаш ҳолат кузатилган, аммо у бир неча соатга чўзилган, холос.

Сиёсий бетартиблик давом этаётган Венесуэла охирги йилларда иқтисодий қолоқлик ботқоғига ботиб бормоқда. Президент Николас Мадуро ҳукумати электр таъминотидаги узилишларда номаълум кучларнинг саботажини айблаб келади, лекин мухолифат бунга кенг авж олган коррупция ва энергия соҳасига беэътиборлик билан қараш сабаб эканини таъкидлайди.

Венесуэлаликлар шундоқ ҳам қиммат ва тақчил бўлган озиқ-овқат электрсиз еб бўлмайдиган аҳволга келиб қолаётганидан шикоят қилмоқда.

Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев журналистларга Ўзбекистонда инфляция даражаси юқори эмас деган.

"Тўғри, инфляция юқори, лекин биздан ҳам юқори давлатлар ҳам бор - масалан Венесуэла. Бизда инфляциянинг асосий сабабчиси сўмнинг девальвацияси. Шунга қарамай биз инфляция даражасини тушириш устида ишлаяпмиз", деган Ботир Хўжаев.

Вазирнинг Ўзбекистон иқтисодиётини иқтисодий бўҳронлар ичида қолаётган Венесуэлага солиштириши ижтимоий тармоқдагиларнинг истеҳзоли кулгусига сабаб бўлган.

Эрон АҚШ «жосуслари»ни ўлимга ҳукм этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Расмий Теҳроннинг билдиришича, мамлакат ҳудудида АҚШнинг Марказий Истихборот Агентлигига ишлаган 17 «жосус» ҳибсга олинган ва уларнинг айримларига ўлим жазоси тайинланган.

Эрон бу шахсларнинг ядро дастури, ҳарбий ва бошқа секторлар бўйича маълумот тўплаш билан шуғулланганини иддао қилмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг даъволарини «ғирт ёлғон» дея қатъиян рад этган.

Эрон истихборот хизматининг исми ошкор этилмаётган юқори лавозимли расмийси журналистларга қўлга олинган шахсларнинг бари ҳарбий, ядро дастури ва хусусий секторда меҳнат қилган эронликлар бўлгани ва улар хизмат сафари билан АҚШга виза олиш пайтида Марказий Истихборот Агентлиги томонидан турли моддий бойликлар эвазига ёлланганини маълум қилган.

Сўнгги бир неча ой ичида Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги совуқчилик шиддат билан кучайиб бормоқда.

Бугун Британиянинг янги Бош вазири аниқ бўлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Бугун Лондон вақти билан тушдан сўнг Консерваторлар партияси аъзоларининг овоз бериш натижалари эълон қилинади.

Натижалар партиянинг навбатдаги етакчиси ким бўлишини аниқлаб беради. Бу ўрин учун икки номзод - Борис Жонсон ва Жереми Ҳант - кураш олиб бормоқда.

Ғолиб эса чоршанба куни расман Буюк Британиянинг янги Бош вазирига айланади.

Лондон собиқ мери бўлмиш жаноб Жонсоннинг, катта эҳтимол билан, ғалаба қозониши тахмин этилмоқда.

Бироқ айрим нуфузли сиёсатчилар Борис Жонсон ҳукуматида хизмат қилмаслигини маълум қилган.

Хусусан, ўзини Ўзбекистон ва президент Мирзиёев дўсти ўлароқ тақдим этган Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Алан Дункан кеча жаноб Жонсоннинг эҳтимолий ғалабасига норозилик сифатида истеъфо берган.

Жорий Бош вазир Тереза Мей бугун эрталаб ўзининг сўнгги ҳукумат мажлисига бошчилик қилган.

Жанубий Корея Россияни ҳаво ҳудудига бузиб киришда айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Жанубий Корея мудофаа вазирлигининг билдиришича, Россия қирувчи самолётлари мамлакат ҳаво ҳудудига икки бор бузиб кирган.

Жанубий Корея қирувчи самолётлари бунга жавобан огоҳлантирув ўтини очган.

Ҳолат Корея яримороли жанубидан шарқ томонда жойлашган Токто ороллари ҳудудида содир бўлган.

Токто Сеул ва Токио ўртасидаги баҳсли ҳудуд ҳисобланади.

Расмий Сеул Россия ҳаво ҳудудини биринчи бор бузиб кирганини маълум қилган. Россия ҳозирча ушбу ҳол юзасидан изоҳ бермаган.

АҚШда муҳожирларни осонроқ депортация қилувчи тартиб кучга кирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ ҳукумати жорий этган янги тартиб муҳожирларни суд ҳукмисиз ҳам мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқаришга имкон беради.

Янги тартибга кўра, мамлакат ҳудудида икки йил муқим яшаганини исботлаб бера олмаган ҳар қандай ҳужжатсиз муҳожир зудлик билан ўз ватанига чиқариб юборилиши мумкин.

Ушбу тартиб бугун бутун АҚШ бўйлаб кучга кириши кутилмоқда.

АҚШдаги инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳукуматнинг бу қарорига қарши судга арз қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Таҳлилчилар президент Доналд Трампнинг 2020 йилда ўтадиган навбатдаги президентлик сайловига қадар иммиграцияга қарши қаттиққўл ташаббусларни илгари суришини тахмин қилмоқда.

Жанубий Шарқий Осиёда бедаво безгак шиддат билан тарқалмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Янги тадқиқот Жанубий-Шарқий Осиё бўйлаб чивин каби безгак тарқатувчи паразитлар яшин тезлигида тарқалаётганини кўрсатмоқда.

Тадқиқотчилар паразитларнинг безгакка қарши бирламчи дори воситаларига чидамли бўлиб бораётганидан беморларни тезлик билан даволашнинг имкони бўлмаётганини таъкидламоқда.

Паразитлар кенг тарқалиб улгурган Камбожа, Лаос, Тайланд ва Вьетнамдаги беморларнинг ярми бирламчи дори воситаларидан даво топмаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, бу паразитларнинг Африкага қадар тарқалиши эҳтимолидан хавотирлар юзага чиққан.

Аммо аксар экспертлар ташвишга ўрин йўқлиги ва муқобил дорилар билан вазиятни ўнглаш мумкинлигини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek