Туркия: Қурилаётган АЭС чўкиб кетиши мумкинми?

Аққуюдаги АЭС Фото муаллифлик ҳуқуқи ANADOLU AGENCY/GETTY IMAGES

Туркиянинги нуфузли "Жумҳурият" нашри мамлакат жанубида Россия иштирокида қурилаётган АЭС борасида таҳлили мақола чоп қилди. Мақолада атом эслектр станциясини қураётган муҳандис ва масъуллар жиддий огоҳлантириш билан чиққан.

Ундан маълум бўлишича, шу йилнинг май ойида пойдеворда қайта пайдо бўлган ёриқларнинг сабаби ер ўзини ҳам тутиб тура олмаслигидадир. Пойдевор денгиз суви билан тўлган. Пойдеворда ишлатилган қоришмаларнинг аслияти маълум эмас.

Лойиҳа "қилаверайлик, ҳеч нарса бўлмайди" мантиғи билан қурилмоқда. Атом электр станцияси эмас, балки одамлар яшайдиган дом қурилаётгандек ҳаракат қилинмоқда, дейилади унда.

"Жумҳурият" таҳририяти Чернобил фожиасига сабаб бўлган атом электр станциясини қурган Россиянинг Росатом ширкати томонидан Аққуюда барпо этилаётган АЭС муҳандислари билан гаплашган.

"АЭС га қаршилар, атроф-муҳит ҳимоячилари ва мутахассисларнинг кескин қаршиликларига қарамасдан қурилиши бошланган ва 2023 йили ишга туширилиши режаланган АЭСнинг ҳар бир босқичида муаммолар борлиги эътироф этилди", дейилади мақолада.

Шу йилнинг май ойида атом эслектр станцияси пойдеворларининг айрим қисмларида турли оралиқда икки марта ёриқлар пайдо бўлганлиги ҳақида хабарлар чиққан эди.

Ёриқлар Туркия Атом Энергияси агентлиги томонидан аниқланган.

Шундан сўнг ёриқ пайдо бўлган жойлар тўлдирилиб, янгиланган. Бироқ ёриқлар яна пайдо бўлган. Бетон олиб ташланиб, муаммоли жойларда пойдевор қайтадан қурилган.

Нашрнинг ёзишича, бетондаги ёриқ муаммоси бартараф этилган бўлса-да, шу каби таҳдид сақланиб қолмоқда.

АЭС қурувчилари станцияда қурилиш суръати 2 фоиз эканлигини билдирган.

Мутахассислар бу каби лойиҳанинг ўта жиддий муҳандислар жамоаси билан барпо қилиниши кераклиги ва сармоячи бўлсангиз ҳам ҳар бир босқичда юқори малакали инженерлар билан назорат қилиш кераклигини айтишади.

"Бироқ Аққуюда етарли даражада муҳандис йўқ, борлари ҳам назоратни қўлларига ололмаяпти", деган нашр манбалари.

"Биргун" нашрининг мухбири Анил Аташнинг хабарида АЭС ҳали лойиҳа вақтидаёқ муаммолар кўринган.

"Қурилаётган ҳар бир АЭС лойиҳаси Росатом томонидан Россияда ишлаб чиқилади. Техник жиҳатдан олиб қаралса, бу лойиҳа Туркиянинг жўғрофик ва маҳаллий жиҳатларини эътиборга олмаган. Шунчаки нусха кўчиришган. Қурилиши керак бўлган АЭС Россиянинг ўта совуқ иқлимига мослаштириб ишлаб чиқилган, бироқ уни иссиқ бир мамлакатда қуришмоқчи. Биргина шу мисол ҳам лойиҳа Туркияга мослаштирилмаган, деган хулосани беради".

Бу изланишларнинг барчаси қайта кўриб чиқилиши керак. Журналист бу маблағ ва вақт талаб қилгани учун ҳам қилинмаётганини айтган.

Исми ошкор қилинмаслигини айтган геолог-муҳандис "Жумҳурият" газетасига АЭС учун танланган ер талабларга жавоб бермаслигини билдирган. Танланган ернинг остида бўшлиқлар борлиги сабаб у АЭСдек йирик иншоатни кўтариб туришга қурби етмайди.

"АЭС қуриш учун танланган ер умуман мос эмас. Ердан олинган намуналарда тупроқнинг ғоваклиги маълум бўлди. Ёриқ тошлар ва бўшлиқлар сабабли назоратсиз чўкишлар бўлиши табиий ҳол. Бундан ташқари ернинг суюқ ҳолга келиш хавфи ҳам юқори. Сиз бу каби ерга биринчи даражали атом иншоати қурмоқчи бўляпсиз. Хавфларнинг олдини олиш учун бирор чора йўқлиги афсусланарли. Масалани тушуниш учун иншоат қурилаётган жойга бориш ҳам керак эмас. Бўлганинг тупроқ таркибини йўл ёқасидаги нишаблардан ҳам кўрсангиз бўлади. АЭС қурилаётган замин таркиби ҳам йўл четидаги нишабликлар ёриқларидан фарқ қилмайди", деган геолог-муҳандис.

Мутахассиснинг айтишича, бу соҳада қилиниши керак бўлган бир неча иш бор. Ҳар қандай тупроқ устига техник жиҳатдан қурилиш қилса бўлади.

"Бироқ қурилиши керак бўлган иншоатни нусха кўчириш услуби билан эмас, балки жой шароитларидан келиб чиқиб мослаштирилиши лозим. Буларнинг ҳеч бири қилинмаяпти. Чунки улар лойиҳани қайта кўриб чиқишга қодир эмас".

Пойдевор денгиз суви билан тўлган

Бетон билан қопланган пойдевордаги илк ёриқлар Туркиядаги Атом Энергияси Агентлиги (ТАEК) томонидан 2018 йил июлида топилганди.

"Жумҳурият" келтирган мақоладаги муҳандис пойдевор бетонларида ёриқларни таъмирлаш бўйича масъул бўлган.

"Ёриқларнинг сабаби ўша ер ўзини ўзи кўтара олмаслигига бориб тақалади. Ер устидаги оғир юклар сабаб силжийди. Натижада назоратсиз чўкишлар рўй беради. Шу сабаб ҳам вақти вақти билан пойдеворда ёриқлар пайдо бўлади. Пойдеворни кўтара олмаётган ер АЭСни қандай кўтариб туриши маълум эмас".

Муҳандиснинг айтишича, бундан ташқари пойдеворларнинг остидан денгиз суви чиқмоқда. Янги пойдеворлар ораси денгиз суви билан тўлган.

"Гапнинг очиғи бу жуда трагикомедик ҳолатга ўхшайди. Муаммоларнинг бирортасига ҳам қарамасдан ерга мос тушмайдиган режани яна амалга оширишга уринадилар, яна ўша қочиб бўлмас натижаларга тўғри келишади" дейди у.

Муҳандис энг оддий кўп қаватли уй қурилишида ҳам лойиҳа 3-4 марта қайта кўздан кечирилишини, аммо АЭСдек йирик лойиҳада бундай қилинмаётганини айтган.

"Ҳужжатларни тадқиқ қиладиган ва уларнинг устида ишлайдиган малакали мутахассис йўқ. Ернинг чўкиши ортидан пойдевор ёрилмоқда. Ҳеч ким сабабини ўрганиб кўрмаяпти. Мана шу ҳолатда 2023 йилди илк реакторни ишга туширишни режалаштиришмоқда. Ҳозир уларнинг ягона дарди шу бўлиб қолгандек".

Қоришманинг лойиҳага алоқаси йўқ

Яна бир масъул пойдевор қуйишда ишлатилган қоришма тадқиқотининг лойиҳага алоқаси бўлмаганини айтган.

"Қоришма тайёрланишидан олдин ишлатиладиган маҳсулотларнинг тўғри келиш ёки келмаслиги лабораторияларда тадқиқ қилиниши керак. Табиийки, бу масала кун тартибига чиқмади. Ишлатилган қоришма маҳсулотларининг аслияти маълум эмас. Мавзуга алоқадор бирор илмий жавоб берилмаяпти. Пойдевор қуришда ишлатилган қоришма ишида муҳандислик тартибларига амал қилинмаган. "Қилаверайлик, ҳеч нарса бўлмайди", мантиғи билан ҳаракат қилинганга ўхшайди. Лойиҳада илмий ҳисоб-китобларга амал қилган ҳеч ким йўқ".

Яна бир расмий сармоя киритган ширкат лойиҳани назорат қила олмаётганини билдирган.

"Лойиҳа пудратчиларнинг фақат ўтмишдаги тажрибалари ҳисобига юритилмоқда. Гўё атом электр станцияси эмас, балки одамлар яшайдиган уй қуришаётгандек, ҳаракат қилишмоқда. Уй қурилаётганда ҳам жараён жиддий амалга оширилади. Ичкаридаги жараён кўпикка ўхшайди", деган у.

Оқ денгиз буюк хавф остида

Аққую АЭСи реакторларини совутиш ишларини денгиз орқали амалга ошириш кўзда тутилган. Нашрга гапирган кимёгар реакторларни совутиб чиққан иссиқ сув қайта денгизга қуйилиши орқали у ердаги ҳаво ҳароратини кўтарилишига сабаб бўлишини айтган. Бунинг денгиздаги жонзотларга ҳам таъсири бўлади.

Мутахассис денгиз ҳарорати кўтарилишидан ҳам жиддийроқ муаммо борлигини тилга олган.

"Гап шундаки, сув олиб келинадиган қувурларга моллюска ва бошқа нарсалар ёпишиб қолмаслиги учун сувга хлор қўшилади. Хлор аралаштирилган сув денгизга қайта қуйилади. Фараз қилинг, 1 200 МВт қувватдаги бир реакторни совутиш учун соатига 180 минг метр куб сув керак. Лойиҳада бу реакторлардан тўртта бўлиши режалаштирилган. Яъни ҳар соатда 720 минг метр куб хлорли сув денгизга оққизилади. Оқ денгизга қуйиладиган бу сувнинг нақадар зарарли бўлишини тасаввур қилиш мумкин".

Ўнглаб бўлмас фалокатларга йўл очиши мумкин

Аққуюдаги Атом электр станцияни монитор қилиш комиссияси ҳам шу ойнинг бошида таҳдидларга эътибор қаратган эди.

Ҳисоботда станция пойдеворида пайдо бўлган ёриқлар келажакдаги таҳдидларнинг даракчиси эканлиги таъкидланган.

"Бир авария содир бўлса, ўнглаб бўлмас буюк фалокатларга сабаб бўлиши мумкин", дейилганди.

Ушбу ҳисоботда қуриладиган реакторларда ишлатиладиган технологиянинг ҳеч бир жойда синаб кўрилмагани илк маротаба расмийлар томонидан эътироф этилганига эътибор қаратилган.

Хабардан Туркия бюрократияси Аққую учун керакли ҳужжатларни ноодатий равишда тез битириб ноқулайликлар келтириб чиқаргани маълум бўлгани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek