Ўзбекистон: ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳонини янада қаттиқлаштириш лозим

Driving test Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги ахбороти инсонни хавотирга солади.

Яқиндан бошлаб Ички ишлар вазирлиги https://t.me/iivuz Телеграм каналини ишга туширди.

Ушбу каналдаги сўнгги янгиликлар сарлавҳаларига қаранг: Автомашина бошқарувни эплай олмай йўл четидаги бетон симёғочга урилди, Зоминдаги автоҳалокат, Автобус билан боғлиқ ЙТҲда бир киши тан жароҳати олди, Наманганда юз берган Нексиялар тўқнашуви, Қарама-қарши йўналишга чиқиб кетишининг оқибатида...

Ушбу ҳалокатларнинг деярли барчасида инсонлар ҳаётдан кўз юмганлар.

Аксар ўзбекистонликлар фикрича, йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпчилигига рулни бошқараётган инсонлар сабабчи бўладилар.

Айниқса, бугунги ҳайдовчилар на ўзининг ҳаёти, на автомобиль ичидаги йўловчи ва на йўлдаги пиёданинг умри ҳақида ўйлайди, деб айтиш мумкин.

Йирик шаҳарларнинг кўчаларини пойга майдонига ҳам қиёслаш мумкин, пиёданинг кўчани кесиб ўтиши ҳаёт-мамот масаласига айланган.

Чунки аксар ҳайдовчилар агар жазоланмаслигини билса, белгиланган тезликдан юқори ҳаракатланадилар, "зебра"ларда пиёдани ўтказиб юбориш уларга малол келади.

Ушбу қонунбузарликлар кузатув камералари ёрдамида камайтирилишига умид қилинмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритиш жараёнини янада қаттиққўлроқ қилиш, қоидани бузган ҳайдовчини гувоҳномадан маҳрум қилишни янада осонлаштириш таклифи илгари сурилмоқда.

Бунда Буюк Британия тажрибасидан фойдаланиш мумкин.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида узоқ йиллик ҳайдовчилик гувоҳномаси ва тажрибасига эга бўлган инсонлар ҳам Британия ҳайдовчилик имтиҳонларидан "йиқилганлар".

Шу кеча-кундузда Британиянинг Ҳайдовчилик ва Автомобиль стандартлари агентлиги (DVSA - Driving and Vehicle Standards Agency)дан янги ҳайдовчилар ҳақидаги ахборотни сўрашди.

Хусусан, охирги йилларда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун талаб қилинадиган имтиҳонни неча марта топширишга тўғри келгани ҳақида сўрашди журналистлар.

DVSAдан маълум қилишларича, 21 марта имтиҳондан йиқилган инсонга рулни ишониб топширса бўлади.

Агентлик маълумотларига кўра, 2016 йили бир ҳайдовчи 21-мартасида, 2015, 2017 ва 2018 йиллари 19-марта ҳайдовчилик тестини топширганидан кейингина гувоҳнома ололган.

Қоида бўйича имтиҳондан йиқилган шахс 10 иш куни кутиши, ана ундан кейин яна имтиҳонга ариза топшириши мумкин.

Ҳар бир тест учун 62 фунт стерлинг ёки 76 АҚШ доллари миқдорида тўлов тўлаш талаб қилинади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритиш нега бу қадар қийинлиги ҳақидаги саволга DVSA "устувор вазифа ҳар бир инсонга бутун ҳаёти мобайнида хавфсиз ҳайдовчилик малакасини қўлга киритишда ёрдам бериш" эканини айтган.

Сиз Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш талабларини янада қаттиқлаштириш таклифига қандай қарайсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ