Дунё: Антисемитизм ва антисионизм ўртасида қандай фарқ бор?

Ken Livingstone, 28 April 2016 Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Буюк Британиянинг Лейбористлар партияси антисемитизм билан боғлиқ жанжал марказига тушиб қолди. Шунингдек, унинг антисионизмга нисбатан муносабати ҳам савол остига олинди. Ушбу атамалар, аслида, нимани англатади?

  • Антисемитизм «яҳудийларга қаратилган душманлик ва хурофот»дир.
  • Сионизм Яқин Шарқдаги тарихий Исроил ҳудудида яҳудий давлатини яратишга ҳаракат қилувчи ва замонавий Исроил давлати мавжудиятини қўллаб-қувватловчи ҳаракатни англатади. Антисионизм эса, ўз номи билан, сионизм ғоясига қарши чиқади.
  • Бироқ айримлар «сионист» сўзи яҳудийларга қарши яширин ҳужум йўлида ишлатилиши мумкинлигини айтса, бошқалар Исроил ҳукумати ҳамда унинг тарафдорлари танқидлардан четланиш учун антисионизм ва антисемитизм атамаларини атайин чалкаштириб юборишини таъкидлайди.

Лондоннинг собиқ мери Кен Ливингстоун Исроил давлати борасидаги изоҳлари, жумладан, Гитлер Холокостдан аввал сионизмни дастаклаган, деган фикри учун Лейбористлар партиясидан четлатилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Suspended Labour MP Naz Shah

Британия парламенти аъзоси Ноз Шоҳ ҳам Исроилни АҚШга кўчириш лозим, дея билдирган таклифи туфайли Лейбористлар партиясидан маълум вақт чиқариб юборилган.

Яҳудий жамоатининг кўплаб вакиллар «сионист» сўзини ўзларига қарши йўналган хурофот ва нафратни акслантирувчи ҳақорат ўлароқ қабул қиладилар.

Ливингстоун каби сиёсатчилар антисионизм ва антисемитизм бир хил маънони англатмайди ва яҳудийларга қарши хурофотни Исроил давлати сиёсатига нисбатан норозилик билан аралаштириб юбормаслик зарур, дейди.

Бироқ антисемитизм танқидчилари, айрим ҳолларда, яҳудийларга қарши сўзлар уларнинг ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқини инкор қилишга қадар етиб боришини таъкидлайди.

Лондон собиқ мери Ливингстоун бир вақтлар шундай деган эди: «Антисемитизмни Исроил давлати сиёсати ва унинг фаластинликларга нисбатан муносабатини танқид қилиш билан чалкаштириб юборманг.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Neturei Karta believes the true Jewish state will be established with the coming of the Messiah

Аксар одамлар сионист ва яҳудий бўлиш бир нарса эмаслигини айтади.

Исроил давлатининг Ғарбий Қирғоқни босиб олиш ва у ерда аҳоли манзилгоҳлари қуриш каби сиёсатларини танқид этгувчи сионистлар ҳам кўплаб топилади.

Ўз навбатида 1948 йилдан анча вақт олдин Исроил давлатини қуришга интилган сионист ҳаракатига қарши чиқувчи яҳудийлар ҳам бор. Бугунги кунда яҳудийларнинг айрим ўта консерватив қарашдаги диний гуруҳлари ҳозирги Исроил давлатини тан олмайди. Улар фақат Масиҳ келгандан сўнггина ҳақиқий яҳудий давлати ташкил топажагига чин дилдан ишонадилар.

Айримлар сионист сиёсий ҳаракати аслида яҳудий бўлмаганлар, жумладан, Ғарб давлатлари ва америкалик насронийлар томонидан яратилганини таъкидлайди.

Аммо бошқа одамлар «сионист» атамаси «яҳудий» сўзини англатувчи термин ва антисионизм кайфиятидан фойдаланган ҳолда яҳудийларни ҳақоратлашда ишлатилувчи тасвирга айлангани ҳақида сўзлайди.

Сионизм нима ўзи?

•Сионизм 19 аср Европасида антисемитизмга қарши туриш ва яҳудий давлатини қуриш йўлида курашган сиёсий ҳаракатдир.

•Танах (яҳудийлар Инжили)да "сион" сўзи Қуддусни англатади. Шу сабабдан ҳам ҳаракат шаҳар ва унинг атрофидаги ерга диққатини қаратган.

•1917 йилдаги Балфур декларациясида инглизлар Фаластин ҳудудида яҳудий миллий давлатини қуришни дастаклаган эди.

•Сионист Ташкилотининг раҳбари Хаим Веисман 1949 йилда Исроилнинг илк президентига айланган.

________________________________________

Англиянинг Бредфорд шаҳри собиқ мери Ҳадим Ҳусайн "олти миллион сионист Гитлер томонидан ўлдирилган" фикрлари акс этган постни Facebook'да улашгани ортидан Лейбористлар партиясидан вақтинча четлатилган эди.

Буюк Британия Талабалари Миллий Иттифоқи собиқ президенти Малия Буаттия 2011 йилда ёзган блогидаги "Бирменгем Университети Британия олий таълимидаги сионистларнинг аванпостига айланиб қолди," деган сўзлари туфайли кескин қораланган эди.

Бошқа томондан антисемитизмда айблаш ҳаракатлари Исроил ҳукумати танқидчиларининг овозини ўчиришга атайин йўналтирилиши борасида баҳслар ҳам мавжуд.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Malia Bouattia, new head of the NUS

Фаластинликлар ҳуқуқи учун курашувчи британиялик яҳудий фаол бўлмиш Пия Фиег Би-би-си билан суҳбатда шундай деган эди: «Антисемитизм менинг ва бошқаларнинг Фаластин борасидаги хавотирларини бостириш йўлида қўлланиб келинмоқда.»

Исроил давлати тарафдорлари нега Эрон, Хитой, Россия ёки бошқа мамлакатлар эмас, айнан яҳудийлар давлати инсон ҳуқуқлари топталиши бўйича танқид қилинади, дея савол беради.

Баъзи антисионистлар эса сионизмнинг ўзини ирқчи мафкура ўлароқ тасвирлайди. Уларнинг қарашига кўра, фаластинликлар Исроил давлати томонидан иккинчи даражали одамлар сифатида кўрилади.

Буаттия хоним эса ўзи томон ёғдирилган танқидларни рад этиб, ҳеч қачон сионист сиёсати ва яҳудий одамларини аралаштириб юбормаслигини таъкидлайди.

"Сионист сиёсати худди антисионист сиёсати каби турли эътиқоддаги одамлар томонидан юритилади," фикр билдиради у.

Айни дамда, Британия сиёсий ҳаётида антисемитизм ва антисионизм фарқига бормай илгари сурилаётган айбловлар давом этмоқда.

Сиёсатчи Вики Кирби "Гитлер сионистлар худосидир," дея ёзгани учун парламентга номзодлигидан воз кечишга мажбур бўлган.

Лейбористлар партияси аъзоси Герри Даунинг эса «Америка ва Европа бошқарув доираларида сионист сиёсатчилари ўтирибди,» дегани туфайли партиядан ҳайдалган.

Ўзини антисионист, дея атовчи антисемитлар борлиги ёки ирқчи ё хурофотчи бўлмай туриб, Исроил давлатини танқид қилиш мумкинлигини эса жуда кам одам инкор қилади. Бироқ ҳар икки атама ўртасидаги фарқни эса ҳамон кўплаб одам англай олмай келмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek