Дунё, янгиликлар: АҚШ барибир Саудияга қурол сотади, Россиядан чиққан радиоактив булут ва 'заҳарланганʼ Навалний

Трамп ва шаҳзода Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сенат Саудия бўйича Трампга бас кела олмади. Россиялик таниқли мухолифат етакчиси Алексей Навалний қамоқхонада аҳволи оғирлашиб қолганига шубҳа билан қарамоқда. Бразилия қамоқхонасидаги исёнда 57 инсон ўлди. Россиядан радиоактив булут чиқмоқда. Покистонда ҳарбий учоқ аҳоли устига қулади.

Сенат Саудия бўйича Трампга бас кела олмади

АҚШ Сенати президент Доналд Трампнинг Саудия Арабистонига $8.1 миллиард миқдордаги қуроллар сотиш ниятига қарши чиқа олмади.

Бундан аввал Конгресснинг ҳар икки палатаси президентнинг ушбу қарорига қарши резолюция эълон қилган, аммо жаноб Трамп резолюцияларни ўзининг вето ҳуқуқи билан бекор қилишга интилган.

Сенат мазкур ветони рад эта олмаган.

Танқидчилар АҚШдан сотиб олинган қуроллар Саудия Арабистони томонидан Яманда қўлланиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Бироқ президент Трамп АҚШнинг «халқаро рақобатбардошлигини таъминлаш» учун ҳам қуроллар сотилиши лозимлигини таъкидлаган.

Жаноб Трампга кўра, Эрон солаётган «таҳдиднинг кучайиши» туфайли ҳам бу савдо-сотиқ шартномаси тезроқ амалга ошиши зарур.

Навалний: 'Мени заҳарлашди шекиллиʼ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россиялик таниқли мухолифат етакчиси Алексей Навалний қамоқхонада аҳволи оғирлашиб қолганига шубҳа билан қарамоқда.

«Менда ҳеч қачон аллергия бўлмаган. На овқатга, на бошқа нарсага,» ёзган у.

43 яшар сиёсатчи одамларни Москвадаги рухсат берилмаган норозилик намойишига даъват этиши ортидан 30 суткага ҳибсга олинган, аммо қамоқхонада юзи шишиб, кўзлари кўрмайдиган даражага тушиб қолгандан сўнг касалхонага олиб кетилган.

Айни вақтда аҳволи яхшиланиб, ҳибсхонага қайтарилган жаноб Навалний ўзининг аллергияга учраганига ишонмаётир.

У касалхонадалиги пайтида ичкарига киришга муваффақ бўлган сиёсатчининг тиббий жамоаси унинг сочлари ва кийимларидан намуналар олишга муваффақ бўлгани ҳамда мустақил текширув натижалари эълон қилинишини билдирган.

Бразилия қамоқхонасидаги исёнда 57 инсон ўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Map

Бразилиянинг Пара штатида жойлашган қамоқхонада сақланаётган турли жиноий тўдалар аъзолари ўртасида келиб чиққан тўқнашув оқибатида, камида, 57 инсон ҳалок бўлган.

Душанба тонгида бошланган зўравонлик беш соат давом этган. Ҳалок бўлганларнинг 16 нафари бошсиз топилгани хабар берилмоқда.

Тўполон кўтарган маҳбуслар камераларга ўт қўйиши оқибатида ўнлаб инсон тутундан бўғилиб ўлган.

Бразилия ўзининг маҳбуслари сони билан (700 мингга яқин) дунёда учинчи ўринда туриб, қамоқхоналарда белгилангандан анча ортиқ маҳбус сақланиши тез-тез зўравонликларга сабаб бўлади.

Россиядан радиоактив булут чиқмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи ILYA YAKOVLEV/TASS

32 мамлакатдан йиғилган олимлар илк бор 2017 йил кузида аниқланган ва бутун дунёга тарқалган радиоактив булутнинг манбаси Россиянинг Уралидаги ядро объектларидан бири эканини аниқлаган.

Тадқиқотда иштирок этган олимлардан бирининг сўзларига кўра, Европага етиб келгунга қадар булут таркибидаги ҳаёт учун хавфли моддалар деярли қолмаган бўлсада, завод атрофида жойлашган Россия вилоятлари аҳолиси ҳаёти юзасидан хавотирланмасликнинг иложи йўқ.

Бироқ заводни бошқарувчи Росатом давлат корпорацияси ғарблик олимлар хулосаларига қарши чиқмоқда.

Корпорациянинг таъкидлашича, агар заводда бирор носозлик юз бериб, ундан ташқарига заҳарли моддалар чиққанда эди, ҳудуддаги радиация даражаси ортиб кетган ва махсус огоҳлантирув тизимлари бу ҳақида хабар берган бўлар эди.

Покистонда ҳарбий учоқ аҳоли устига қулади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Покистоннинг Равалпинди шаҳри яқинидаги аҳоли мавзесига қулаб тушган кичик ҳарбий самолёт, камида, 17 инсоннинг ўлимига сабаб бўлган. 12 одам шикастланган.

Сешанба тонгида одатий машғулот парвози учун ҳаво кўтарилган учоқнинг нега ҳалокатга учрагани ҳозирча номаълум.

2010 йилда пойтахт Исломобод яқинида ерга урилган самолёт бортидаги 152 инсоннинг бари ҳалок бўлган ва бу Покистон тарихидаги энг йирик ҳаво ҳалокатига айланган эди.

29 июль янгиликлари: Гонгконгда тўқнашув, компьютер ўйини учун $3 миллион ва шифохонага тушган Навалний

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Гонгконгда намойишчилар полиция билан тўқнашди

Дам олиш кунлари Гонгконгда ўтаётган нисбатан тинч намойишлар полиция билан йирик тўқнашувларга айланиб кетган.

Полиция Хитой ҳукумати жойлашган бино томон ҳаракатланаётган ўн минглаб одамларни кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқлар билан нишонга олган.

Бунга жавобан норозилар кўчаларни тўсиб қўйиб, полициячиларга қарши турли буюмларни улоқтирган.

Кузатувчилар намойишчиларни калтаклашда полицияга ниқоб билан юзини яширган жиноий тўдалар аъзолари ёрдам берганини айтмоқда.

Шу тариқа дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлардан бири ҳисобланувчи Гонгконгда ҳукуматга қарши ва демократияпараст намойишларнинг саккизинчи ҳафтаси давом этган.

Икки ой муқаддам Гонгконг ҳукумати гумондаги шахсларни Хитойга экстрадиция қилиш имконини берувчи қонун лойиҳасини тақдим этиши ортидан шаҳар аҳли ғазабга минган эди.

АҚШдаги саримсоқ фестивалида отишма юз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Калифорнияда таомларга бағишланган Gilroy Garlic (Саримсоқ) фестивалида номаълум шахс йиғилганларга қарата автомат қуролдан ўт очган.

Оқибатда, 3 киши ҳалок бўлган, камида, 15 одам жароҳатланган.

Гувоҳлар «35 ёшлардаги оқ танли эркак»нинг дуч келган томон ўқ узаётганини кўргани ҳақида сўзлаб берган.

Полиция ҳам жавоб ўқларини узган, аммо ҳужумчининг йўқ қилингани ёки қўлга олингани тўғрисида ҳозирча маълумот чиқмаган.

16 яшар ўсмир компьютер ўйинида $3 миллион ютиб олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPic games

Нью-Йоркда ўтган Fortnite онлайн отишма ўйини бўйича мусобақада америкалик 16 ёшли ўсмир Кайл Гирсдорф биринчиликни қўлга киритиб, рекорд даражадаги мукофот - $3 миллион долларга эга бўлди.

Бу e-sports (компьютер ўйинлари мусобақаси) тарихидаги энг йирик мукофотдир.

Фортнайт бўйича жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси $30 миллион бўлиб, финалда иштирок этган 100 ўйинчининг бари, камида, $50 минг билан уйга қайтгани хабар қилинмоқда.

E-sports 2019 йилда миллиард долларлик саноатга айланиши кутилмоқда.

Ҳибсга олинган Навалний шифохонага тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Россиядаги таниқли мухолифат етакчиси Алексей Навалний махсус ҳибсхонадан аллергия сабаб касалхонага олиб кетилди.

Расмийлар фаолнинг аҳволи тўғрисида маълумот бермаётир, аммо унинг яқинлари ушбу ҳолатга шубҳа билан қарамоқда.

Жаноб Навалнийнинг вакилига кўра, унда аввал аллергия билан боғлиқ муаммо ҳеч кузатилмаган.

Алексей Навалний одамларни рухсат берилмаган намойишда иштирок этишга даъват қилгани ортида ўтган ҳафта 30 суткага ҳибсга олинган эди.

Нигерияда жанозага йиғилган ўнлаб одам отиб ташланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Нигериянинг шимолида жанозага тўпланган, камида, 65 инсон Боко Ҳарам террорчи ташкилоти аъзолари ўлароқ кўрилаётган шахслар томонидан отиб ўлдирилди.

Гувоҳлар ҳужумчиларнинг мототцикл ва юк машиналарида келиб, ўқ уза бошлаганини гапириб берган.

Мамлакат Президенти Муҳаммаду Бухорий ҳужумни қоралаб чиққан ва армияга бу хунрезликни амалга оширганларни зудлик билан топиб, йўқ қилишни буюрган.

Сўнгги вақтларда Нигерия ва унга қўшни давлатлар ҳудуди бўйлаб исломчи жангарилар фаоллиги ортиб бормоқда.

"Ғарб таълими тақиқланади" маъносини англатувчи Боко Ҳарам гуруҳи Исломнинг ўта радикал талқинини илгари суради ва Ғарб таомиллари билан ҳар қандай алоқага киришган инсонларни таъқиб этади.

Боко Ҳарам ва бошқа исломий гуруҳлар зўравонлиги ортидан Нигерияда ўтган ўн йил ичида ўн минглаб инсон ҳалок бўлган ва икки миллиондан кўпроқ одам ўз уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Бу мавзуда батафсилроқ