Дин ва дунё: Диндорларга мўлжалланган танишув иловалари қандай ишлайди?

пара сидит в кафе Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дунё бўйлаб маълум бир динга эътиқод қилувчилар учун мўлжалланган дейтинг (танишув) иловалари оммалашиб бормоқда. Бундай иловалар одатий муқобилларидан нимаси билан фарқ қилади ва улар ҳақида диндорларнинг ўзи қандай фикрда?

Дейтинг хизматлари борган сари маълум тоифадаги инсонлар учун мослашиб бормоқда. Мисол учун, президент Трамп тарафдорлари, соқолли эркаклар, Микки Маус мухлислари учун алоҳида виртуал танишув платформалари ишлаб чиқилган.

Бу борада эътиқодли инсонлар ҳам эътибордан четда қолмаган. Экспертлар бундай платформаларнинг келажакда гуллаб-яшнашини башорат қилмоқда.

«Глобаллашув жадаллашаётганига қарамай, одамлар ўзига ўхшаш танишларни излаб топишга интилмоқда,» дейди рақамли технологиялар соҳасига алоқадор ишбилармон Арик Ахвердян.

«Кўп ҳолларда, бу миграция билан боғлиқ - бегона ерга кўчиб борган инсон ўзига яқин бўлганларни топишни истайди.»

Мусулмонлар

Мусулмонларга мўлжалланган ва энг кўп баҳсларга сабаб бўлган танишув иловалари - булар Muzmatch ва Minder.

Muzmatch хизмати «ҳалол танишувлар» шиори тиркалган рекламалар билан одамлар эътиборини ўзига қарата олган. Рекламалар бундан ярим йил бурун Буюк Британиядаги жамоат транспортларига жойлаштира бошланган.

Илова ишлаб чиқарувчилари унинг учрашувлар ёки бир кечага жуфт топиш учун мўлжалланмаганини таъкидлайди. Асосий мақсад - фойдаланувчиларга турмуш ўртоқ излашда ёрдам бериш.

"Диний дейтинг ҳақиқатан жиддий мавзу. Сен бир неча ой кўнгилхушлик қилиш учун ўз диндошларинг орасидан жуфт қидирмайсан. Агар турмуш қуриб, болалар орттиришни истасанг, шундагина диний танишув хизматлари мижозига айланасан," дея ҳисоблайди Медиамир компанияси собиқ бош директори Михаил Гуревич.

Single Muslim мусулмонлар орасида энг жиддий танишув иловаси саналади. Иловада рўйхатдан ўтиш пайтида фойдаланувчи қачон никоҳ ўқитишга тайёр экани, ҳозирда қандай шароитда ва ким билан яшаётганини кўрсатиши шарт. Шунингдек, ўзига жуфт излаётган фойдаланувчининг ота-онаси, ака-укаси ва опа-синглиси ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин.

Аёллар эса ҳижоб ёки ниқобда юриши, соқолли эркакларга нисбатан муносабатини кўрсатиши лозим.

Мусулмонларга мўлжалланган барча диний дейтинг иловаларида мазҳаб - сунний ёки шиа - ва, шунингдек, ҳалол овқатланишга амал қилиши ҳамда намоз ўқиш-ўқимаслиги кўрсатилиши талаб этилади.

Muzmatch иловасида ойига $5 тўлаб, 100 баллик тизим асосида диндорлик даражасини белгилаш имкони мавжуд.

Илова асосчиси Шаҳзод Юнас бутун дунёда 400 миллион ёлғиз мусулмон борлигини айтади.

Диний дейтинг иловалари борасида мусулмонларнинг фикри қандай?

Илдар Аляутдинов, Москва Мусулмонлар диний бошқармаси раиси:

Мен бундай иловаларга ижобий қарайман.

Одамлар танишиши мумкин бўлган виртуал жойлар бугун у қадар кўп эмас. Шу сабабдан ҳам иловалар масаланинг ечими бўлиши мумкин.

Бундай иловалардан фойдаланмоқчи бўлганларга нима тавсиялар беришим мумкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ильдар Аляутдинов
Image caption Илдар Аляутдинов, Москва Мусулмонлар диний бошқармаси раиси

Биринчидан, бўлажак умр йўлдошингизнинг сиз учун энг муҳим сифатларини англаб олинг. Фойдаланувчининг анкетаси бунда сизга анча қўл келиши мумкин. Ундаги маълумотларга эътибор қаратинг - никоҳга муносабати, сунний ёки шиа экани, диндорлик даражаси. Эр ва хотиннинг бир диний оқимда бўлиши ўта муҳим.

Танишган инсонингиз билан учрашишдан аввал унга ўзингиз учун энг муҳим саволларни бериб кўринг. Унинг жавобларидан бу сиз истаган инсон ёки йўқлиги маълум бўлади.

Учрашувдан сўнг сиз танловда адашганингизни ҳис этсангиз, хафа бўлишга шошилманг. Дин бир неча бор учрашувга чиқишни қораламайди.

Аммо учрашув жамоат жойларида ёки қариндошлар кузатуви остида кечиши керак.

Албатта, ёзишмаларда ахлоқ қоидаларига риоя қилмоқ зарур. Аёллар фақат юзлари ва бармоқлари акс этган суратларнигина очиқлаши мумкин. Муҳокама мавзулари ҳам ислом талаблари доирасида бўлиши шарт.

Яҳудийлар

Бу ерда гап фақат диний эмас, балки диний-этник дейтинг хизматлари ҳақида ҳам кетмоқда.

Яҳудийлар орасида энг оммабоп илова - бу JSwipe.

Ушбу иловада, бошқа ўхшаш хизматлардан фарқли ўлароқ, диний рамзларга кўп дуч келиш мумкин.

Масалан, сиз сурат остидаги «ёқди» тугмасини боссангиз, экранда мовий рангдаги Довуд юлдузи стикери пайдо бўлади. «Ёқмади» тугмасини босганда ҳам, худди шу юлдуз кўринади, аммо бу сафар қизил рангда.

Агар илова сизга мос фойдаланувчини аниқласа, экранда яҳудий тўйлари рамзларидан бири пайдо бўлади - "Мазл Тов!" шиори туширилган цинган идиш.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jswipe

JSwipe'да пуллик аккаунтга кенг имкониятлар берилган. Ойига $30 тўлаб, сизнинг профилингизга ташриф буюрган фойдаланувчиларни аноним тарзда кузатишингиз, фойдаланувчилар сизнинг айнан қайси суратларингизни томоша қилаётганидан бохабар бўлишингиз мумкин. Шунингдек, «ота-оналар тўлови» хизмати ҳам тақдим этилган - сиз ота-онангизга пуллик аккаунт учун ҳақ тўлаш ҳаволасини электрон почта орқали юборишингиз мумкин.

JSwipe'да динга кучли эътибор бериш шарт эмас. Рўйхатдан ўтиш пайти яҳудийликка нисбатан муносабатингизни олти мезондан бири орқали ифода этишингиз кифоя - эътиқоди ўта мустаҳкам, консерватив, анъаначи, ислоҳотчи, шунчаки яҳудий ва яҳудийликка қизиқади.

Матбуот бундай хизматлар мижозларининг катта қисми яҳудий эмаслиги ҳақида кўп бор ёзган. Аксарият одамлар яҳудийларни ишбилармон, яхши таълим кўрган ва оиласига ғамхўр, дея билганидан бу каби хизматларга мурожаат қилиши айтилади.

Сви Бихман, раввин:

Мазкур ғоянинг ўз ижобий ва салбий томонлари мавжуд.

Бир томондан дин танишувларни қўллаб-қувватлайди. Танишув ҳаётимизнинг энг ажралмас жиҳатидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Цви Бихман
Image caption Цви Бихман, раввин

Бошқа томондан аралашиб кетиш - энг жиддий муаммо. Яҳудийлар жамоати жуда ёпиқ бўлиб, бунинг шарофати билан биз, ҳар қандай таъқибларга қарамай, уч минг йилдан буён яшаб келмоқдамиз.

Илованинг барча фойдаланувчилари яҳудий эканини қандай билиш мумкин?

Бизда бунга жуда жиддий қаралади. Масалан, мен яҳудийман. Мен кўп йиллар раввин бўлиб хизмат қилганимга қарамай, Москвада қайта турмуш қуришга қарор қилганимда, раввинатдагилар яҳудий эканимни исботлаш учун бир дунё ҳужжат сўраганлар. Қоғозларни ўта синчковлик билан текшириб чиққанлар.

Иловада бундай текширув йўлга қўйилмаган.

Мен ёшларга фақат яҳудийлар йиғиладиган маросимларда танишишни маслаҳат берган бўлар эдим. Ундай жойларда адашиш эҳтимоли жуда кам.

Насронийлар

Мусулмонлар ва яҳудийлардан фарқли ўлароқ насронийлар учун қулай танишув хизматлари ишлаб чиқилмаган.

АҚШда машҳур Christian Mingle иловасидан эса МДҲ ҳудуди фойдаланишнинг имкони йўқ.

Аммо Россия ва Украинада бундай иловаларни яратишга уринишлар давом этмоқда.

2018 йилда украиналиклар Собиқ Иттифоқ ҳудудида биринчи насроний танишув хизмати сифатида тарғиб этилган Eden иловасини ишлаб чиққанлар.

Бугунги кунда илова 20 мингдан зиёд фойдаланувчига эга. Унда ҳам, мусулмон танишув хизматлари сингари, фойдаланувчилар католик, православ ва протестант оқимларидан бирини танлаши лозим.

«Насроний оқимлар бир-биридан фарқ қилади ва турли йўналишдаги одамлар ўзаро мулоқот қилишда қийналиши мумкин,» сўзлайди Eden иловаси раҳбари Александр Вовк Би-би-си Рус Хизмати билан суҳбатда.

Бундан уч йил муқаддам москвалик дастурчи Дмитрий Акишин православлар учун танишув иловасини яратишга уринган. У Ромашка, деб аталади. Аввалига, Ромашка илова кўринишида ишлаган, сўнг Telegram'га канал сифатида кўчган. Бироқ Telegram'нинг блокланиши ортидан ICQ платформасига ўтиб, ҳали ҳам ўша ерда хизмат кўрсатиб келмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Romashka

Хизматда руҳонийдан маслаҳатлар ҳам олиш мумкин.

Ромашка'да фойдаланувчиларнинг ўзаро бекорчи чақчақлашиши тақиқланган ва ёзишмалар қатъий назорат остига олинган. Ҳозирда, иловада 180 фойдаланувчи рўйхатдан ўтган ва уларнинг атиги 20 нафари фаол суҳбатлар олиб боради.

Экспертлар насронийлар учун яратилажак иловаларнинг истиқболи порлоқ эканини айтади.

"Ибодатга доимий қатновчи православлар учун черковлар қошида танишув бурчаклари ташкил этилган. Йилда бир марта черковга борадиган «православлар» эса жуфтининг диндорлигига эътибор қаратмайди ва улар дунёвий руҳдаги сайтларда танишадилар," таъкидлайди Россия Фанлар Академияси ҳузуридаги Европа Институтининг дин ва жамият муаммоларини ўрганиш бўйича Маркази раҳбари Роман Лункин.

«Ўзини православ ҳисобловчи одамлар, аксар ҳолларда, насроний бўлган, аммо дунёвий қарашларга эга умр йўлдош излайди. Улар динга муккасидан кетганлардан, ҳатто, чўчийдилар ҳам.»

Константин Пархоменко, Троитский Измайлов собори протоиерейси:

Ўзим бундай иловалардан ҳеч фойдаланмаганман, лекин уларнинг салбий жиҳатини мутлақо кўрмайман. Қайтанга, бу ғояни дастаклайман.

Илова орқали жуфт излашнинг ҳеч ҳам гуноҳ ери йўқ. Менинг ўзим интернетда танишган жуфтликларни никоҳлаб қўйганман.

Аммо иловалардаги сурат ва ёзишмалар пухта назоратга олиниши лозим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Константин Пархоменко
Image caption Константин Пархоменко, Троитский Измайлов собори протоиерейси

Черков барча қизларни оқила бўлишга чақиради. Агар интернетда эркак билан танишиб қолсангиз, бирданига ётоқда кўришишингиз шарт эмас. Бунинг оқибатида қалбнинг жароҳат олгани қолади.

Мен умумнасроний хизматларга қарши эмасман ва иловаларда православ, католик ҳамда протестант оқимлари алоҳида ажратилиши керак, деб ҳисобламайман.

Мен одамларга танишгандан сўнг ёзишмалар орқали бир-бирини яқиндан билиб олишни тавсия қилишни истардим.

Энг муҳими, фақат танишув хизматлари билан иш битмайди. Ибодат қилмоқ лозим. Мен ҳар куни Яратгандан ўзимга мос инсон билан юзлаштиришни сўраганман. Ниҳоят, ёшлар тўпланган кечалардан бирида бир қиз ёнимга келган ва биз илоҳий мавзуларда узоқ суҳбат қурганмиз. Ўшанда юрагим жиз этган. Мана турмуш қурганимизга 23 йил тўлди, олти фарзандимиз бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek