Дунё, янгиликлар: Дубай ҳукмдори рафиқаси паноҳ изламоқда ва Ҳиндистон нега уч талоқни жиноятга тенглаштирди?

малика Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дубай маликаси Буюк Британия судидан ўзини собиқ эридан ҳимоя қилишни сўрамоқда. Ҳиндистон уч талоқни жиноятга тенглаштирди. Шимолий Корея бир ҳафтада иккинчи ракетани учирди. Охири замон башорати учун олти йил.

Дубай маликаси эридан муҳофаза қилишларини истамоқда

Бундан аввалроқ Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад ал Мақтумнинг қочиб кетган рафиқаси малика Ҳая Лондонда экани маълум бўлган эди.

Эндиликда, у Буюк Британия судидан ўзини собиқ эридан ҳимоя қилишни сўрамоқда.

Сешанба куни Лондон суди унинг сўровини кўриб чиқишни бошлаган.

Асли Иорданияда дунёга келган малика Ҳая иордан қироли Абдуллоҳ IIнинг ўгай синглиси бўлиб, у 2004 йилда Шайх Муҳаммадга олтинчи хотин ўлароқ турмушга чиққан.

Турмуш ўртоғининг оила аъзолари билан муносабати ёмонлашиши ортидан ҳаётидан ташвишлана бошлаганини иддао этиб, хорижга қочиб кетган 45 ёшли малика Ҳая шу ойнинг бошида Лондондаги $107 миллионлик уйда истиқомат қилаётгани ошкор бўлган эди.

Ҳиндистон уч талоқни жиноятга тенглаштирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳиндистон парламенти мусулмонларнинг никоҳни «бир зумда бекор қилиш» одати - уч талоқни жиноий амал сифатида тан олди.

Ушбу қарор тарафдорларининг таъкидлашича, уч талоқ аёллар ҳуқуқларини поймол этади ва ундан ғараз мақсадларда фойдаланиш мумкин.

Бундан буён аёли билан уч талоқ орқали ажрашган эркаклар уч йил муддатга қадар қамоққа ташланиши мумкин.

Бош вазир Нарендра Моди ушбу хабарни ижтимоий тармоқда олқишлаб чиққан.

"Эскирган ва ўрта асрларга хос одатлардан яна бири, ниҳоят, ўтмишнинг ахлат қутисига ташланди! Парламент уч талоқни йўқ қилди ва муслималарга қаратилган тарихий адолатсизликни бекор этди. Бу жинслараро адолат ғалабасидир ва у жамиятдаги тенгликни янада таъминлайди," дея ёзган жаноб Моди.

Аммо танқидчилар қудратдаги миллатчи кайфиятлик BJP партиясини мусулмонларни атайин нишонга олаётганликда айбламоқда.

Шимолий Корея бир ҳафтада иккинчи ракетани учирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шимолий Корея жорий ҳафтада иккинчи бор қисқа масофага учувчи иккита ракетани яриморолнинг шарқий соҳили томон отди, дея хабар бермоқда Жанубий Корея ҳарбийлари.

Шимолликлар раҳбари Ким Чен Ин бундан олти кун аввал учирилган икки ракетанинг келаси ой АҚШ билан ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказмоқчи бўлаётган Жанубий Корея учун «қатъий огоҳлантирув» эканини таъкидлаган эди.

Пхенян, ҳозирча, бугун ярим тунда отилган ракеталар юзасидан изоҳ бермаган.

Сунъий уруғлантириш ноёб каркидон турини ҳаётга қайтариши мумкин

АҚШнинг Калифорния штатидаги Сан Диего ҳайвонот боғида сунъий уруғлантириш ёрдамида жанубий оқ каркидон дунёга келди.

Бу шундай тажрибалар ичидаги илк муваффақиятли натижадир.

Эндиликда, олимлар бу йўл орқали дунёда атиги икки вакили қолган шимолий оқ каркидонларни ҳаётга қайтаришдан умид қилмоқда.

Охири замон башорати учун олти йил

Фото муаллифлик ҳуқуқи GRACE ROAD CHURCH

Ўз издошларини охири замон асоратларидан сақлаб қолиш ваъдаси билан Фижига олиб бориб, уларни у ерда қийноққа тутган жанубий кореялик роҳиба-башоратчи Шин Ок-жу олти йилга озодликдан маҳрум этилди.

У 2014 йилда 400 инсонни фақат Фижи оролларидагина қочиб бўлмас охири замондан омон қолиш мумкинлигига ишонтирган ва уларни у ерга кўчиб боришга кўндирган эди.

Фижида Шин хоним «ёвуз руҳларни ҳайдаш» мақсадида одамларни калтаклагани айтилади.

Бундан ташқари Шин Ок-жу Фижи пойтахти Сува шаҳри яқинидан каттакон ерни ижарага олиб, у ерда ва, шунингдек, қурилишларда ўз издошларини қулдек ишлатгани ҳамда катта миқдорда бойлик тўплагани ҳам маълум қилинган.

Жанубий Корея полицияси июль ойида роҳибани қўлга олган ва суд уни зўравонлик, болаларни қийноққа тутиш ва фирибгарлик жиноятларида айбдор, дея топган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.