Дунё, янгиликлар: Атамбоевга қарши жиноий иш очилди - Қирғизистонда вазият қандай?

Фото муаллифлик ҳуқуқи 24.kg

Атамбоевга қарши жиноий иш очилди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев 26 августга қадар ҳибсга олинди. Унга қарши «Коррупция» моддаси бўйича жиноий айблов илгари сурилмоқда.

Шунингдек, Қирғизистон президенти аппаратининг собиқ бошлиғи Фарид Ниёзов ҳам қўлга олинган.

9 августга ўтар кечаси 1,500 мингдан зиёд «ниқоб кийган ва қўлда таёқ тутган тажовузкор шахслар» Бишкекдаги вазиятни «издан чиқариш ва парламент биносига бостириб кириш»га уринган.

Марказий Осиё ва Ҳаж: Энг арзонлиги бобида Қирғизистонга етадигани йўқ

Дунё, янгиликлар: Таслим бўлмаган Атамбоев ва Чернобил водкаси

Шошилинч: Қирғизистон собиқ президенти Атамбоев уйи қандай штурм қилинмоқда

Улар жорий президент Сооронбой Жээнбеков истеъфоси талаб этилган шиорларни бақириб айтганлар. Полиция махсус қуроллар ёрдамида тонгга яқин «йўлларни тўсиб олган ва фуқаролар орасида қўрқув сочаётган шахслар»ни тарқатиб юборган.

Айни вақтда машҳур мухолифат етакчиси Омурбек Бабанов ҳам жаноб Атамбоевнинг ҳибсга олиниши ортидан Қирғизистонга қайтаётгани хабар қилинмоқда. У 2017 йилдаги президентлик сайловида 2-ўринни эгаллаганди.

Бироқ Сооронбой Жээнбеков президентликни эгаллагандан сўнг жаноб Бабановга қарши конституцион тузумни ағдаришга даъват этиш айби қўйилган ва у мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган эди.

Экспертларнинг фикрича, ҳокимиятга даъвогар мухолифат етакчисининг сиёсий вазият танг Қирғизистонга қайтиши воқеалар ривожини чигаллаштириб юбориши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ депортация қилган насроний Ироқда вафот этди

Бир ёшида АҚШга келиб, Ироққа депортация қилингандан сўнг вафот этган 41 яшар Жимми Ал-Довуд ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан президент Доналд Трамп олиб бораётган иммиграция сиёсати қурбони ўлароқ кўрилмоқда.

Ота-онаси ватандан қочиб чиқиб, ўзи Юнонистонда дунёга келган Ал-Довуд ҳеч қачон араб тилида сўзлашмагани ва бирор марта марта Ироқда бўлмагани айтилади.

Ушбу фактларга қарамай, Трамп ҳукумати жорий йилнинг июнь ойида Ал-Довудни мажбуран ўзи умрида кўрмаган ватанига чиқариб юборган.

Унинг адвокати сўзларига кўра, шизофрениядан азият чеккан Ал-Довуд Ироқда уйсиз қолиб кетган ва орадан бир ой ўтмасдан қандли диабет оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RUSSIAN DEFENCE MINISTRY WEBSITE

Россияда кичик нурланиш даражаси кузатилди

Архангелск ҳудудидаги тест полигонида юз берган ракета двигатели портлаши ортидан нурланиш даражаси қисқа муддатга кескин ортгани кузатилган.

Россия мудофаа вазирлиги портлаш оқибатида икки инсон ҳалок бўлгани ва олти нафар одам жароҳат олганини хабар қилмоқда.

Нурланиш даражаси полигон жойлашган ҳудуд атрофида 40 дақиқага яқин вақт ичида юқори даражада бўлган.

Бундан ташқари, маҳаллий одамлар нурланишдан ҳимояланишга даъват этилгани айтилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AMBEDKAR VICHAR MANCH

Ҳиндлар Кашмирнинг янги мақомини нишонламоқда

Ҳиндистон ҳукуматининг Кашмирни сезиларли мустақиллик берувчи автономия мақомидан маҳрум этиши кўплаб ҳиндлар томонидан олқишланмоқда.

Ўтган якшанба Ҳиндистон Кашмирга автономия ҳуқуқини берувчи конституция моддасини бекор қилган ва ҳудудни ҳарбийлар ёрдамида қамалга олган эди.

Бироқ халқаро ҳамжамият Бош вазир Нарендра Моди ҳукуматининг ушбу амалини кескин қоралаб чиқмоқда.

Ҳозирда, ҳудудда вазият қандай экани борасида деярли аниқ маълумотлар мавжуд эмас, аммо маҳаллий аҳоли ҳукумат қароридан ғазабга мингани тўғрисида хабарлар юзага чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хитойга кучли тўфон яқинлашмоқда

Хитой ҳукумати мамлакат шарқий қирғоқларига яқинлашиб келаётган йирик тўфон ортидан қизил даражадаги фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Лекима номи берилган тўфон шанба куни Жейжиянг провинциясига келиб урилиши кутилмоқда.

Шангҳайнинг қирғоқбўйида яшовчи минглаб аҳолиси эвакуацияга тайёрланишдан огоҳлантирилган.

Шунингдек, келаси чоршанбага қадар Янгсзи ва Сариқ дарёларида йирик тошқинлари юзага келиши тахмин қилинмоқда.

Дам олиш кунлари Шангҳайга келишни режалаштирган кема ва поездлар қатнови вақтинча тўхтатилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek