Дин ва илм-фан: Қуръондаги чигиртка балоси Ўзбекистон устига ҳам ёғилиши мумкин

Яман устига ёпирилган чигиртка Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Яман устига ёпирилган чигиртка

Ўтган июль ойида дунёда кузатилган иккита чигирткалар босқини ҳаммани ҳайратга солди.

Аввало, Лас Вегас устига чигиртка ёғди. Кейин минглаб чақирим узоқда, урушлардан силласи қуриган Яман устига мўр-малах ёпирилди.

Чигирткалар йўлда дуч келган экинни еб битиради.

Яқин келажакда Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги жами 60 мамлакат устига мўр-малах ёпирилиши мумкин.

Демак, булар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Ўзбекистон аксар ҳудудлари саҳро, чўл ва ярим чўл бўлиб, Африка ва Яқин Шарқдан чиққан чигирткалар сакраб-сакраб тўсиқсиз келиши мумкин. Ўртада баланд тоғлар ёки улкан денгизлар йўқ.

Энг хавотирли жиҳати - бу мамлакатларда чигиртка ёмғирлари тез-тез рўй бериши кутилади ва озиқ-овқат таъминотини издан чиқариши эҳтимоли ортиб бораётир.

Очофат мўр-малах

Фото муаллифлик ҳуқуқи FAO
Image caption Чўл чигирткаси бир кунда ўз танасига тенг миқдорда овқат ейди.

Жаҳонда иқлим исиши қурт-қумурсқалар, хусусан, чигирткаларнинг овқат ҳазм қилиш хусусиятини ўзгартириб юборган.

2018 йили АҚШ олимлари тарафидан Science (Илм-фан) журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига биноан, исиётган об-ҳаво шароитлар боис чигирткалар фаоллашиб, жадал кўпайишлари учун қулай имконият яратилади.

Алоқадор мавзулар:

Оролни аслида ким қуритган?

Ўзбекистон келаси 20 йилда қарийб сувсиз қолади

Ўзбекистонда пайдо бўлган янги заҳарли саҳро

Ўзбекистон Орол ўрнида ўрмон ўстирмоқда

Айни пайтда, уларниинг иштаҳаси ҳам очилади: чўл чигирткаси бир кунда ўз танасига тенг миқдорда озиқ-овқат ейди.

Ҳар бир даража исиган ҳарорат - чигирткалар етказадиган зарар 10-25% кўпаяди дегани.

Иқлим исиб бораркан, буғдой, шоли, маккажўхори ва бошқа экинларни йиғиб олмасдан туриб, уларни чигирткалар еб битира бошлайди.

Айниқса, катта миқдорда буғдой ва шоли экиладиган мамлакатлар кўп азият чекиши мумкин.

Нафақат чигирткалар, умуман, экин-тикинни ейдиган бошқа қурт-қумурсқалар ҳам кўпайиши кутилади.

Айниқса, Ўзбекистон каби қуруқ иқлимли, тропик бўлмаган мамлакатларда чигирткалар тез кўпаяди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Об-ҳаво қанча исиса, чигирткалар ҳам шунча тез кўпаяди.

Бошқа қурт-қумурсқалар ҳам кўпайса-да, аммо экинларни еб тугатиш бобида ҳеч қайси бири чигирткага етмайди.

Африкада охирги йиллари чигирткалар 2 ярим миллиард долларлик зарар етказган.

Бутун дунё миқёсида олганда, озиқ-овқат таъминотига чигиртка етказадиган зиён кичик - атиги 0.02%.

Аммо чигиртка балосига дуч келган мамлакатда айни кўрсаткич анча баланд бўлиши ва инсоний ёки иқтисодий инқирозга йўл очиши эҳтимоллари йўқ эмас.

"Келажакда янада қуруқроқ иқлим шароитлари юзага келиши чигирткалар тарқалиши учун қулай шароитлар яратади ва оқибатлари ёмон бўлади" - дейди чигирткалар бўйича дунёдаги етакчи мутахассислардан бири Мишель Ликок.

"Кўплаб ривожланаётган давлатларда экин-тикинга, ўтлоқларга, озиқ-овқат таъминотига ва, алал оқибатда, камбағал инсонларнинг дастурхонига етадиган зарар улкан бўлиши мумкин" - таъкидлайди олим.

Қадимий офат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Чигиртка балоси Библия ва Қуръони Каримда ҳам тасвирланган.

БМТ Озиқ-овқат Ташкилоти эса чўл чигирткаси кўпайиши дунё аҳолисининг 10% қисмига зарар етказади, деб хавотирланмоқда.

Чигирткаларнинг кичиккина галаси бир кунда 35 минг одам ейдиган озиқ-овқатни ямламай ютиб юборади.

Чигирткалар шоли (гуруч), буғдой, арпа ва маккажўхорини жуда яхши кўради.

Мўр-малахни инсоният азалдан бало-қазо, деб билган ва қадимий илоҳий китоблар - Библия ҳамда Қуръонда ҳам эслатилган.

Қадимий Рим тарихчиси Плини Эльдернинг ёзишича, чигиртка балоси туфайли Ливия, Жазоир ва Тунисда 800 минг одам нобуд бўлган.

Ўтган аср ўртасида - 1958 йили эса Эфиопияни босган чигирткалар 167 минг тонна ғаллани еб битирган.

Бунча дон бир миллион одамни бир йил боқишга етарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Очофат чигирткалар бир неча ҳафтада бутун бошли мамлакатни очлик ёқасига келтириб қўйиши мумкин.

Баланд ва узоқ учаётган мўр-малах

Чигирткалар метаболизми иқлим исиши билан секинлашиб бормоқда.

Об-ҳаво ўзгариши туфайли қиш фаслининг илиқ ва нам келиши ҳам чигирткаларни кўпайтираяпти.

Чўл чигирткаси галалари бир кунда 150 километр масофани учиб ўтмоқда.

Кун қанчалик кўп исиса, уларнинг учиши бундан ҳам тезлашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 2014 йилги Жаҳон Чемпионатига ҳам чигирткалар етиб келганди.

Иссиқ ҳавода улар баландроқ учишади ва тоғ, қир каби табиий тўсиқлардан ҳам ошиб ўтаверадилар.

Агар шамол йўналиши ўзгариб қолса, янгидан-янги ҳудудларга етиб борадилар.

"Иқлим ўзгараётгани боис чигирткалар тез-тез пайдо бўлиб, янада каттароқ зарар етказа бошлашади" - дейди Аризона Университети олими Арианна Сииз.

Пахта ҳам хавф остида

Нафақат чигиртка ейдиган шолипоя ёки буғдойзорлар хавф остида қолади, балки бошқа экинларга ҳам қурт-қумурсқа таҳдиди кучаяди.

Масалан, пахта ҳам қурт-қумурсқадан азият чекади.

Покистон аллақачон пахтазорларини босган қурт-қумурсқа қаршисида қолмоқда.

Пахта - Покистон четга сотадиган экспорт маҳсулотларининг ярмини ташкил этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek