Дунё, янгиликлар: ТВда ҳаммаси тинч, масжидда отишма ва Хитойдан узр сўралди

afp Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Масжиддаги мусулмонлар кочмасдан, қуролли ҳужумчини қайтаришган.

Шанба, 10 август куни Норвегия пойтахти Осло шаҳрида ташқарисида жойлашган масжидда бир шахс йиғилганларга қарата ўт очган.

«20 ёшлардаги қуролланган оқ танли йигит» Ал-Нур Ислом Марказига кириб келганда, у ерда Қурбон Ҳайитига тайёрланаётган уч тақводор бўлган, холос.

65 ёшли эркак ҳужумчининг қуролсизлантиришга муваффақ бўлган. Ҳужум оқибатида ҳеч ким зарар кўрмаган.

Ҳозирда Норвегия полицияси ушбу ҳолатни террор хуружи ўлароқ баҳоламоқда.

Норвегияда фуқаролар қўлидаги қуроллар жиддий назорат этилади. Қурол сотиб олиш учун рухсатнома фақат «арзирли сабаби» бор фуқароларгагина берилади.

2016 йилдаги маълумотларга кўра, 5 миллион аҳолиси бор Норвегияда 200 мингга яқин мусулмонлар яшайди.

Митинглар пайти Россия ТВси нималарни кўрсатди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Путин ўнг-қанот миллатчи мотоциклчилар билан сельфи тушмоқда

Шанба куни Москвада 2011 йилдан бери энг йирик мухолифат намойишлари бўлиб ўтган. Россия Ички ишлар вазирлигига кўра, намойишларда 20 минг одам иштирок этган бўлса, бошқа манбалар бу кўрсаткич 60 минг эканини таъкидламоқда.

Маҳаллий вақт билан соат 14:00 да бошланган митинг уч соатга яқин давом этган. Бироқ бу вақт ичида ҳукуматга тегишли федерал телеканаллар уни деярли тилга олмаган.

Асосий йирик телеканаллар турли кўнгилочар шоулар, бадиий фильмлар ва бошқа кўрсатувларни эфирга узатиш билан банд бўлган.

Алоқадор мавзулар:

Қирғизистонда ҳозир вазият қандай?

Қирғизистондан Ҳажга бориш нега арзон?

Чернобилда ўсган буғдой водкасини ичасизми?

Янгилик дастурлари ҳам автоҳалокатлар, ёнғинлар каби мавзулардан бошқасини тилга олмаган.

Ниҳоят, Россия 24 телеканали янгиликлар дастурида митинг тўғрисида атиги 20 сония хабар берган.

Кечга томон бориб, яна уч асосий федерал телеканал митингни қисқа эсга олиб ўтган, лекин у асосий янгиликка айланмаган.

Versace Хитойдан узр сўради

Қимматбаҳо кийимлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Versace бренди ўзининг янги футболкаларида Гонгконг ва Макаони Хитойдан алоҳида мустақил ҳудуд ўлароқ кўрсатиши ортидан кечирим сўрашга мажбур бўлган.

Гонгконг махсус мустақиллик мақомига эга Хитой ҳудуди бўлса, Макао Пекин бошқаруви остидаги махсус маъмурий минтақадир.

Хитой ҳукумати ушбу ҳудудларни ўзидан мустақил кўрсатувчи қарашларга мутлақо тоқат қилмаслиги билан маълум.

Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида Гонгконг ва Макао алоҳида шаҳар-давлатлар сифатида кўрсатилган харита тасвири туширилган футболкалар юзлаб миллион хитойлик фойдаланувчилар томонидан кескин қораланган.

Оқибатда, бренднинг ижодий директори Донателла Версаче «ҳеч қачон Хитойнинг миллий суверенитетини беҳурмат қилишни истамагани»ни билдириб, хитойликлардан узр сўраган ва футболкаларнинг сотувдан қайтариб олингани ҳамда йўқ қилинганини маълум этган.

Бомбалар остида қолган жасадлар

Онасининг майитини илмий марказга эҳсон қилган америкалик Жим Стауффер марҳуманинг жасади портловчи моддалар синови учун ишлатилганидан хабар топиб қолган ва бу юзасидан судга арз қилган.

Тергов давомида ФҚБ агентлари юзлаб инсон жасадларидан бомбаларнинг портлаш таъсирини синаш йўлида фойдаланилганини аниқлаган.

Натижада, жасадларни қабул қилиб, уларни яширинча бомбалар синови учун бериб келган марказ фаолиятига чек қўйилган.

Маҳаллий радио билан суҳбат давомида Жим Стауффер Альцгеймердан вафот этган онасининг майитидан айни касалликни даволаш йўлларини топишга имкон берувчи илмий тадқиқотларда фойдаланишларига ишонганини таъкидлаган.

Ҳар йили минглаб америкаликлар ўз танасини илмий тадқиқотлар учун васият қилиб қолдириши айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek