Дунё, Янгиликлар: Масжид ҳужумчисига терроризм айби, Россия қандай қуролни синамоқда?

Қурол синови Фото муаллифлик ҳуқуқи Russian defence ministry
Image caption Россия синаётган сирли қурол Ғарбни хавотирга солмоқда.

Ўтган пайшанба куни Россиянинг Северодинск шаҳри яқинида жойлашган синов полигонида сирли портлаш юз бериб, беш нафар муҳандис ҳалок бўлган эди.

Россиянинг Росатом давлат корпорацияси мутахассислар ядро двигателли ракетани синовдан ўтказаётгани ва двигатель портлаб кетганини маълум қилган. Бироқ фожианинг аниқ техник тафсилотларини ошкор этмаган.

Портлаш ортидан 40 чақирим наридаги Северодинск шаҳрида нурланиш даражаси қисқа муддат юқори даражага ортиб кетган.

Россия ва Ғарбдаги экспертлар полигонда 9М730 Буревестник ракетаси синовдан ўтказилганига ишонмоқда. 2018 йилда президент Владимир Путин ушбу ракетани тилга олиб, ядровий куч орқали ҳаракатланувчи двигатель ракетага «чексиз» учиш имкониятини беришини таъкидлаган эди.

Аммо Россия бўйича етакчи таҳлилчи Марк Галеотти «Совет Иттифоқи давридан бери омборларда қолиб кетган ва бироз ўзгартириш киритилган» ушбу ракетани бошқариш мушкул эканини айтади.

Бундан ташқари Северодинск яқинида кемаларга қарши мўлжалланган ўта тезкор Зиркон ракетаси ва сувостида ҳаракатланувчи янги турдаги дрон портлаган бўлиши ҳам мумкин, деган тахминлар мавжуд. Ушбу қуролларнинг ҳар иккиси ҳам ядровий каллак ташиш имконига эга.

Сиднейда пичоқ ҳужуми содир бўлди

Австралиянинг Сидней шаҳрида қуролланган эркак одамларни пичоқлашга уринган. У бир аёлни ярадор этганидан сўнг кўчадан ўтаётган одамлар томонидан қуролсизлантирилган.

Полиция эркакнинг дуч келган одамга ташланишга интилгани ва у вақтида тўхтатиб қолинмаганда, қурбонлар сони кўп бўлиши мумкинлигини хабар қилган.

Ҳозирча, эркакнинг нима учун ҳужумни амалга оширгани сабаби маълум эмас.

Ижтимоий тармоқларга юкланган видеоларда қўлда пичоқ тутган эркакнинг кўчалар бўйлаб югуриб, одамларга ташланишга урингани кўзга ташланади.

Полиция воқеага аниқлик киритилиши билан тафсилотларнинг оммага етказилишини маълум қилмоқда.

Норвегия: Масжид ҳужумчисига айблов эълон қилинди

Шанба куни пойтахт Ослодаги масжидга ўқотар қурол билан бостириб кирган 21 яшар Филип Мансхаузга нисбатан террор амалини содир этиш, қасддан қотилликка қўл уришга уриниш ва одам ўлдириш айбловлари илгари сурилган.

У Ал-Нур Ислом Марказида ибодатга келган мусулмонларга қарата ўт очган эди.

Ҳужум вақтида масжидда уч инсон бўлган ва улардан бири - 65 ёшли эркак Мансхаузни қуролсизлантиришнинг уддасидан чиқа олган.

Шунингдек, масжид яқинидаги уйдан йигитнинг 17 яшар ўгай синглиси жасади ҳам топилган.

Полиция қизнинг ўлимида ҳам Мансхауз айбдор, деган хулосага келган. Терговчилар йигитнинг ўта ўнгчи кайфиятда экани ва иммиграцияга қарши қарашларга мойиллигини айтмоқда.

Эболага даво топилган бўлиши мумкин

Синовдан ўтказилган икки дори воситаси Эбола касаллигига қарши «90 фоиз» самарадорликни намоён этган.

Олимлар Конго Демократик Республикасидаги беморларда тўрт турли дори воситасини синаб кўрган. Улардан иккитаси касалликка қарши самарали кураша олган.

Эндиликда, ушбу дори воситалари Конгода Демократик Республикасида Эболага чалинган беморларни даволашда қўлланилиши хабар қилинмоқда.

Ўтган йил августида Конго Демократик Республикасида бошланган жорий Эбола эпидемияси мамлакатда 1976 йилдан бери кузатилган 10 ҳолатнинг энг йириги, дея ҳисобланмоқда. Бунинг оқибатида, 11,310 нафар инсон ҳаётдан бевақт кўз юмган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek