Россия: Бунақаси 50 йилда бир бўлади - йўловчи самолёт маккажўхоризорга қўнди

"Урал ҳаво йўллари"га қарашли Airbus A321 самолёти маккажўхори майдонига ҳалокатли қўнишни амалга оширган. Бортида 224 нафар йўловчи бўлган самолёт Москва яқинидаги Жуковский аэропортидан Симферополга йўл олган эди. Йўловчиларнинг барчаси тирик.

Самолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай, чағалай тўдасига урилган.

"Росавиация" вакилининг Интерфакс агентлигига билдиришича, қушларнинг ҳаво лайнери двигателига кириб қолиши уларнинг ишида узилишларга сабаб бўлган.

Россия: Шереметьево авиафалокатида ўнлаб инсон ҳалок бўлган

Москва яқинида бортида 71 одам бор самолёт ҳалокатга учради

Эрондаги самолёт ҳалокатида омон қолганлар йўқ

Шундан сўнг Airbus маккажўхоризорга қўндирилган.

Интерфакс манбасига кўра, двигателларнинг биттаси бутунлай тўхтаб қолган, иккинчиси эса фақат "учдан бир қисмга тортган", холос.

Бундай шароитда лайнер чиқиш аэропортига қайтиш учун манёвр қилолмас эди.

Шунинг учун "пилотлар ягона тўғри қарорни қабул қилишган - даладаги энг хавфсиз жойни мўлжаллаб, самолётни қўндирганлар".

"Пилотлар ҳаммасини йўриқномага мувофиқ қилишган ва қўниш чоғида двигателни ўчирганлар" дея "Урал ҳаво йўллари" бош директори Сергей Скуратовдан иқтибос келтирмоқда ТАСС агентлиги.

Унинг сўзларига кўра, самолётда ёнғин чиқмаган.

Йўловчиларнинг тақдири

Самолёт бортида 224 йўловчи ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган.

Йўловчилардан бири "Твиттер"даги саҳифасига самолётнинг сурати ва видеосини юклаб, "Тирикмиз, шунга ҳам шукур" деб ёзган.

"Бизни эвакуация қилишяпти, ҳалокатли қўнганимиз, қулаб тушмаганимиз учун Худога қанчалик шукур қилсам, пилотлардан ҳам шунчалик миннатдорман", деб ёзган "Романтика окраин" номли Твиттер фойдаланувчиси.

"Двигател бир неча марта паққиллади, пилотлар уни қайта ишга туширишга уриндилар, аммо биз пастга туша бошладик, мен хочга ёпишиб олдим, энди аниқ Худога ишонаман", дея қўшимча қилган у.

"Инстаграм"нинг congratulations_sss никли фойдаланувчиси эса "икки дақиқадан камроқ учиб, далага фавқулодда қўндик", деб ёзган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, самолёт бортидаги ҳамма эвакуация қилинган, қурбонлар йўқ.

55 киши шифокорларга мурожаат қилган.

Москва соғлиқни сақлаш бошқармаси вакилининг айтишича, 29 нафар йўловчи шифохонага олиб борилган, улардан 10 нафари ёш болалардир.

Ҳозирда шифохонада фақат бир аёл қолгани хабар қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи TASS

'50 йилда бир'

Расмийларга кўра, парвоз хавфсизлигининг бузилиши ҳолати бўйича жиноят иши очилган.

"Урал ҳаво йўллари" бош директори Сергей Скуратовнинг айтишича, пилотлар қандай ўргатилган бўлса, шундай ҳаракат қилишган ва қўниш олдидан двигателни ўчирганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Vyacheslav Prokofyev/TASS

"Бунақаси жуда кам бўлади, балки 50 йилда бир марта", дея унинг сўзларини келтирмоқда Интерфакс агентлиги.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, тез орада пилотларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида тақдимнома киритилади.

"Самолётни қўндирган ва инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолган қаҳрамон пилотларни табриклаймиз!", деб айтган Путиннинг сўзчиси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Russian Investigative Committee via Getty Images

Россия Тергов қўмитаси эълон қилган суратлардан самолётнинг тумшуқ қисми шикастланганини кўриш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ