Дунё, янгиликлар: Исроил нега АҚШ муслима конгрессвуменларини ўз ҳудудига киритмади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Исроил америкалик сиёсатчи аёлларни ўз ҳудудига қўймади

Келаси ҳафта Иордан дарёси Ғарбий соҳили ва Шарқий Қуддусга ташриф буюрмоқчи бўлган АҚШ Конгресси аъзолари Илҳан Омар ва Рашида Тлаиб Исроил ҳукумати тақиқига учраган.

Ушбу икки сиёсатчи аёл Исроил давлати ҳатти-ҳаракатларини кескин танқид қилишлари билан танилганлар.

Шунингдек, уларнинг АҚШ Президенти Доналд Трамп билан ҳам муносабати анчайин кескин.

Бундан аввалроқ жаноб Трамп агар Исроил жуфтликни ўз ҳудудига киргизса, "буюк ожизлик"ни намоён қилади, деб айтган эди.

Президент Трамп уларнинг "Исроил давлати ва яҳудий миллатидан нафратланиши, улар дунёқарашини ўзгартириб бўлмайди", дея қўшимча қилган.

Исроилнинг ушбу қарорини изоҳлаган Омар хоним буни "демократик қадриятларни ҳақоратлаш ва иттифоқчи давлат ҳукумати расмийсининг ташрифига нисбатан мудҳиш ҳақорат" дея тасвирлаган.

Шимолий Корея Жанубий Корея билан гаплашишни истамаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шимолий Корея Жануб билан ҳар қандай тинчлик музокаралари олиб боришни рад этган ва ўзининг бу қарори "мутлақо Сеулнинг айби асосида" олинганини маълум қилган.

Жума куни эса Пхенян Япон денгизи томон бир ой ичидаги ўзининг олтинчи баллистик ракетасини отган.

Пайшанба куни Кореянинг Япония босқинчилигидан озод бўлишига бағишланган тантаналарда сўзга чиққан Жанубий Корея Президенти Мун Чже Ин 2045 йилга қадар Корея яриморолини бирлаштиришга сўз берган эди.

Бу сўзлар эса Пхеняннинг жаҳлини чиқарган кўринади.

АҚШ Гренландияни сотиб олиши мумкинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Президент Доналд Трамп сўнгги вақтлар АҚШнинг Гренландияни сотиб олиши борасидаги ғояни такрор-такрор тилга олмоқда, дея ёзади Wall Street Journal.

АҚШ ҳукуматига яқин манбаларнинг хабар қилишича, Президент Трампда Дания Қироллигига тегишли автоном мақомдаги мазкур ҳудудни ўзлаштириш иштиёқи юқори.

Wall Street Journal газетасининг ёзишича, жаноб Трамп АҚШ Гренландияни сотиб олиши мумкинми, деган савол билан ўз маслаҳатчиларига бир неча бор юзланган ва оролнинг бой табиий захиралари ҳамда муҳим геосиёсий жойлашуви тўғрисида маълумотларни диққат билан тинглаган.

Газета, шунингдек, президент ушбу ғоянинг ҳуқуқий асосларини ўрганиш вазифасини маслаҳатчиларидан бирига топширганини хабар қилмоқда.

АҚШ Гренландияни Даниядан сотиб олишга - 1867 ва 1946 йил - икки бор уринган ва ҳар сафар данияликлардан рад жавобини олган.

Россияда самолёт маккажўхори даласига қандай қўндирилди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Чағалайлар галаси билан тўқнашиб кетган Уральские Авиалинии авиакомпаниясига тегишли Airbus А321 самолёти Москва яқинидаги маккажўхори даласига фавқулодда қўнишга мажбур бўлган эди.

Самолёт учувчиси бундай қарор атиги бир неча дақиқа ичида олинганини маълум қилди.

Қушлар билан тўқнашувдан сўнг самолёт двигателлари ишдан чиққан ва учувчилар ҳали шассиси очилмаган учоқни дала ўртасига хавфсиз қўндиришга муваффақ бўлган.

Ҳаво кемасининг 41 яшар командири Дамир Юсупов икки дақиқа ичида вазиятдан омон чиқиш йўлида олинган қарор бир неча бор ўзгарганини журналистларга сўзлаб берган.

Унинг айтишича, иккала двигатель фаолиятининг ишдан чиққанидан хабар топган учувчилар ерга қандай бехатар қўниб олиш ҳақида ўйлай бошлаган.

Учувчиларнинг тезкор ҳаракатлари билан самолёт бортидаги 224 йўловчи ва 7 экипаж аъзосининг бари омон қолган.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев самолёт экипажи аъзоларини мукофотлаш тўғрисида кўрсатма берган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ