Россия: Нега россияликлар падаркуш опа-сингилларга ачинмоқда?

Khachaturyan sisters, 26 Jun 19 Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Отасини ўлдирган пайтда Анжелина(чапда) 18 да, Мария(марказда) 17 да, Крестина(ўнгда) 19 ёшда эдилар

2018 йил июль ойида уч опа-сингил Москвадаги квартирада ўз отасини пичоқлаб ва уриб ўлдирадилар.

Терговчилар ота ўз қизларини йиллар давомида руҳан ва жисмонан қийноққа тутганини тасдиқлайдилар.

Қотилликда айбланган опа-сингиллар иши ўтган бир йил ичида Россияда энг қизғин муҳокама қилинган масалага айланган ва 300 мингдан зиёд одам уларнинг озод этилиши сўралган петицияга имзо чеккан.

Ўша тунда нима бўлган эди?

2018 йилнинг 27 июль тунида 57 яшар Михаил Хачатурян қизлари Крестина, Анжелина ва Марияни бирма-бир ўз хонасига чақиради ҳамда уларни уйни яхши тозаламаганликда айблаб таҳқирлайди ва уларнинг юзига кўзни ачиштирувчи газ сепади.

Ота уйқуга кетгач, қийноқлардан тўйган қизлар унга пичоқ, болға ва кўзни ачиштирувчи қалампир гази билан ҳужум қиладилар.

Сўнг опа-сингиллар полиция чақирадилар.

Ота 30 дан ортиқ жойига пичоқ урилган ҳолда топилади.

Тергов давомида бу оилада йиллар мобайнида ғайриинсоний қийноқлар амалга ошириб келингани аниқланади. Хачатурян ўз қизларини мунтазам калтаклагани, уларни асир сифатида уйда сақлагани ва жинсий тегажоғлик қилгани ошкор бўлади.

Оиладаги зўравонлик

Ушбу воқеа оммага маълум бўлгач россияликлар оиладаги зўравонлик ҳолатларини муҳокама қила бошлаган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари эса опа-сингилларни жиноятчи эмас, балки қурбон ўлароқ кўришга чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Опа-сингиллар билан бирдамлик намойиши Санкт-Петербургда ҳам ўтказилди

Бироқ Россия қонунчилигида оиладаги зўравонлик қурбонларини муҳофаза этиш кўзда тутилмаган.

2017 йилда қонунчиликка киритилган ўзгартиришга кўра, ўз оила аъзосини касалхонага тушириб қўядиган даражада калтаклаган шахс фақатгина жарима ёки икки ҳафталик ҳибс билан жазоланиши мумкин.

Россия полицияси оиладаги зўравонлик ҳолатларига, аксар ҳолларда, «оилавий масала» сифатида қарайди ва қурбонларга қўл учида ёрдам беради ёки умуман кўмак кўрсатмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Қизларнинг онаси Аурелия Дундук айтишича, эри Михаил уни 2015 йили квартирадан ҳайдаб юборган

Опа-сингилларнинг онаси бундан йиллар муқаддам турмуш ўртоғининг муштумзўрлигидан полицияга арз қилган. Бу маҳаллий полиция ва қўшнилар мазкур оиладаги аҳволдан яхши бохабар бўлганини англатади.

Қотиллик юз берган вақтда она қизлари билан яшамаётган, ота эса опа-сингилларга онаси билан алоқа қилишни тақиқлаб қўйган эди.

Психиатрия текшируви хулосаларига кўра, қизлар одамлардан ажралган ҳолда яшаган ва руҳий босимдан азоб чекиб келган.

Тергов қандай ўтди?

Опа-сингил Хачатурянлар иши жуда секин кўриб чиқилди. Улар ортиқ ҳибсда сақланмаётган бўлсада, бир қанча чекловларга амал қилишга мажбур: улар на журналистлар, на бир-бири билан мулоқот қила олмайди.

Прокурорлар қизларнинг қасддан қотилликка қўл ургани, уларнинг мақсади ўч олиш бўлганини даъво қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 2019 йил июнида опа-сингиллар(Суратда Анжелина) иши маҳкамада кўрилди

Агар илгари сурилган айбловлар ўз исботини топса, опа-сингиллар 20 йилга қадар озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Аммо адвокатлар қизлар ўзини муҳофаза этишга уринганини таъкидлайди. Ҳақиқатан, Россия жиноят кодекси нафақат тўсатдан ҳужум вақти, балки «давомий жиноятлар»да ҳам ўз-ўзини ҳимоя қилишга рухсат этади. Масалан, қийноққа тортилаётган асир зўравонни ўлдирса, у жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Тергов Хачатурян ўз қизларини 2014 йилдан бери мунтазам қийноққа солиб келганини тасдиқлаганига асосланиб, адвокатлар опа-сингилларнинг озод этилишидан умид қилмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари ва кўплаб россияликлар ҳукуматнинг қонунчиликда оиладаги зўравонликка нисбатан қатор ўзгартиришларни амалга оширишини истамоқда.

Оиладаги зўравонлик қанчалик кенг тарқалган?

Россияда қанча аёл ўз оила аъзоси ёки аъзолари томонидан қўл урилаётган зўравонлик қурбонига айлангани борасида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Лекин ҳуқуқ фаоллари ҳар тўрт оиладан камида бирида бундай вазият ҳукмронлигини тахмин қилади.

Рашкчи эри болта билан қўлини чопиб ташлаган Маргарита Грачева иши ҳам матбуот ва жамоатчилик томонидан кенг тилга олинган.

Айрим экспертлар қотилликда айбланиб, Россия қамоқларида сақланаётган аёлларнинг 80 фоизга қадари ўзини ҳимоя қилиш чоғида зўравон оила аъзосини ўлдириб қўйганини айтади.

Россия жамоатчилиги ичида опа-сингил Хачатурянларга қарши чиққан консерватив гуруҳлар ҳам мавжуд. Эркаклар Салтанати номли эскича қарашли одамлар уюшмаси опа-сингилларнинг озод этилмаслигини талаб қилмоқда.

Бошқа томонда одамлар change.org платформасида қизларни озод этишга даъват этиб, петиция ҳам ташкил қилганлар.

Июнь ойида опа-сингиллар ҳимоясига Москвада уч кунлик митинг ташкил этишда кўмаклашган феминист ва фаол Даря Серенко жамоатчиликнинг асосий мақсади ушбу воқеанинг одамлар назаридан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш ва ҳар кимга ўз дардини очиқ изҳор этиш имконини бериш эканини айтади.

"Оиладаги зўравонлик рус ҳаётининг ажралмас қисми. Биз бундан кўз юмишимиз мумкин, аммо у, ҳатто, зўравонликни шахсан бошдан кечирмаган бўлсак ҳам, бизнинг ҳаётимизга салбий таъсир қилади".

Бу мавзуда батафсилроқ