Дунё ва мусулмонлар: Ҳатто тўй кўйлагимни олиб келишга қўрқаман

Кашмир Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дунё ва мусулмонлар: Ҳатто тўй кўйлагимни олиб келишга қўрқаман - юзлаб никоҳ тўйлари бекор қилинган. Юрак ютиб ўтказилаётган тўйларда эса, на куй бор ва на қўшиқ...

Фарзандларининг тўйига йиллаб ҳозирлик кўрган ота ва оналар нима қилишларини билмай ҳайрон.

Бозорлар қуриб қолган, топилган нарсани пиширишга ошпаз ва дастурхонга тортай десангиз, керагича идиш йўқ.

Бу - шу кунларда Ҳиндистон назорати остидаги Кашмир минтақасида кузатилаётган ҳолат.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги сўнгги танглик ҳатто одамларнинг тўйларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган.

Ҳинд ҳукумати бундан бир ойча бурун Кашмирнинг ярим мухтор мавқеини бекор қилган, ўшандан буён минтақа ташқи дунёдан узилиб қолган.

Оддий одамларнинг кундалик ҳаёти издан чиққан, алоқа узилган, очиқ бозорнинг ўзи деярли йўқ, одамлар ҳатто ишга бориб, келишга қўрқиб қолишган.

Ҳинд Армияси рад этаётган эса-да, куни-кеча минтақадан маҳаллий аҳолининг ҳинд ҳарбийлари томонидан шафқатсиз калтаклангани ва ҳатто қийноққа солинганига оид хабарлар олинган.

Ҳукуматнинг минтақа мақомига оид қарори ўша пайтда Кашмирда давомий норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлган.

Аммо уларнинг чиқиши бостирилиб, минглаб кашмирликлар ҳибсга олинишганди.

Агар, айрим кузатувчиларнинг фикрларига таянилса, ҳукуматнинг қарори Ҳиндистоннинг ягона мусулмонлар кўпчиликни ташкил этган штати устидан назоратни кучайтиришни мақсад қилган.

Покистон Кашмир масаласи юзасидан Халқаро Адлия Судига арз қилиш ниятида эканини айтиб чиққан.

Расмий Исломобод Ҳиндистон Кашмирнинг ўз назорати остидаги қисмини автономия ҳуқуқидан маҳрум қилганидан ғазабга минган.

Бунинг ортидан Покистон Ҳиндистон билан савдо алоқаларини узган, транспорт йўлларини ёпиб қўйган ва ҳинд элчисини ҳайдаб чиқарган.

Ҳар икки давлат ўнлаб йиллар давомида Кашмир юзасидан тўлиқ назоратни қўлга олишга даъво қилиб келади.

Бу борада сиз қандай фикрдасиз? Кашмир минтақасидаги сўнгги вазият борасида нима дейсиз? Бу муаммонинг ижобий ечимини нималарда кўрасиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek