Дунё ва янгиликлар: Диктаторнинг ўлими ва қамоққа ташланган собиқ биринчи хоним

Роберт Мугабе Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

"Диктатор", "Эркинлик тимсоли", мустақил Зимбабвенинг биринчи президенти Роберт Мугабе 95 ёшда вафот этди. Гондураснинг собиқ биринчи хоними 58 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳинд аёли 73 ёшда эгизакли бўлди - куннинг дайжести.

Роберт Мугабе

Мустақил Зимбабвенинг илк президенти Роберт Мугабе 95 ёшида вафот этди.

Мугабе дунёдаги энг узоқ вақт қудратда қолган ва бошқаруви диктатурага қиёс берилган саноқли давлат раҳбарларидан бири бўлади.

Дунё, янгиликлар: Яман уруши учун Ғарб жавоб бериши мумкин, террорчи олашақшақ ўлдирилди

Дунё, янгиликлар: АҚШ ва Толибон келишди - энди нима бўлади?

Дунё, янгиликлар: Гей бўлиш генга боғлиқ эмасми?

Дунё, янгиликлар: Президент президентнинг рафиқасини хафа қилса...

Роберт Мугабе шу йил апрель ойидан буён Сингапурда даволанаётган эди.

Унинг ўлимини Би-би-си га оиласи тасдиқлаган.

Роберт Мугабе Зимбабвени жаъми 37 йил бошқарган.

Ҳарбийларнинг 2017 йилги давлат тўнтариши ортидан, қудратдан четлатилган.

Бошқарувининг илк йилларида маҳаллий аҳолига кўрсатган эътибори билан тилга тушган.

Уларнинг тиббий хизмат ва таълим олишларига катта имкониятлар яратган.

Аммо сўнггига келиб, Зимбабведа коррупция жуда кучайиб кетган.

Инсон ҳуқуқлари кенг ва қўпол равишда бузилгани кузатилган.

Зимбабвенинг амалдаги президенти Эммерсон Мнангагва Роберт Мугабени "Эркинлик тимсоли", деб атаган.

Собиқ биринчи хоним қамоққа ташланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Маълум бўлишича, Гондураснинг собиқ биринчи хоними давлатнинг пулига ўзи учун қимматбаҳо тақинчоқлар сотиб олган.

Гондурас маҳкамаси Роза Елена Бонилани 58 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

52 ёшли собиқ биринчи хоним эри қудратда бўлган пайтда бу ишга қўл урган.

Хабарларга кўра, у бор-йўғи тўрт йилнинг ичида Гондурасга халқаро кўмак тариқасида берилган $779,000 (£635,000) доллар пулни ўзлаштириб юборган.

Бунча пулга қимматбаҳо тақинчоқлар олган, қолганини тиббий муолажаси ва болаларининг репетиторига харжлаган.

Адвокати мижозининг айбсиз эканини айтиб, шикоят аризаси билан чиқажакларини билдирган.

2018 йилда Гондурасда ночор болалар учун оёқ кийими олишга мўлжаллангани дохил, катта миқдордаги давлат пулларининг қаерга кетганига оид тергов ишлари бошланган.

Роза Елена Бонила худди ўша йили ҳибсга олинган.

73 ёшлик она

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ҳиндистоннинг жанубий Андра Прадеш штатилик аёл 73 ёшда илк бор она бўлган.

Мангаямма Ярамати эгизак қизалоқларни дунёга келтирган.

У бу ёшда сунъий уруғлантириш йўли билан ҳомиладор бўлишга муваффақ бўлган.

Доктор Ума Шанкарнинг Би-би-си га айтишича, "ҳам она ва ҳам эгизакларнинг аҳволлари яхши".

Онахонга кўра, ҳозир 82 ёшда бўлган турмуш ўртоғи билан доимо фарзанд кўришни орзу қилишган.

Аммо шу пайтгача бу истаклари ҳеч амалга ошмай келган.

Эгизак қизалоқлари дунёга келиши ортидан, эри қувончларининг чеки йўқлигини айтмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek