Дунё, уйдаги зўравонлик: Хотини ёки хушторини ўлдирадиган қотилларнинг қандай ҳаракатланиши маълум бўлди

Domestic violence, controlling and coercive behaviour Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзининг хотини ёки хушторини ўлдирадиган эркаклар қотилликни одатда бир хил услубда амалга оширишади ва воқеалар ривожи ҳам бир хил, дейишади таҳлилчилар. Бу 8 босқични билиш кўплаб жонларни сақлаб қолиши мумкин.

Глостершир Университети ўқитувчиси, криминалист Жейн Монктон Смит Британиядаги 372 та жуфтлик ичидаги шерикларнинг бири томонидан амалга оширилган қотиллик тарихини ўрганиб чиқди. Унинг сўзларига кўра, потенциал қотилнинг муносабатлари ва ҳатти-ҳаракатларининг жиноятга олиб келувчи саккиз босқичи мавжуд.

Жейн Смит жинсий ҳамроҳи қотилининг одатий ҳатти-ҳаракати моделини тақдим этди.

Таҳлилчининг сўзларига кўра, фожиавий якунга олиб келувчи барча муносабатлар - шеригини ўлдириш - шу аҳамиятли саккиз босқичдан ўтади.

Асосий ташвишлантирувчи вазият - жуфтлардан бирининг бошқасини бошқаришга интилиш, дейди Жейн Смит.

Таҳлилчига кўра, жуфтликлар ичидаги қотилликларнинг 80% ҳолатларида аёллар қурбонлардир ва деярли ҳамма вақт қотиллар - эркаклар. 2017 йилда дунёда 30 минг аёл ўзининг жуфти - ҳақиқий ёки собиқ эри, хуштори ёки жинсий шериги томонидан ўлдирилган.

Тадқиқотчи Counting Dead Women сайтига мурожаат қилиб, у ердан турли жинсли жуфтликлар билан бир қаторда бир жинслилар жуфтлиги қотилликларини тарихини ўрганган.

Деярли барча ўрганилган ҳолатларда қотилликлардан олдин саккизта «мажбурий» босқичларни ажратиш мумкин:

  • Олдинги муносабатларда қотил-шерик назорат ва зўравонликка мойиллигини кўрсатган
  • Муносабатлар тез суратлар билан ривожланади ва тезда жиддийлашиб кетади
  • Бу муносабатнинг асосий таркибий қисми қотил-шерик томонидан мажбурий назорат бўлади
  • Қотил-шерикни вазиятни бошқариш имкониятидан маҳрум қилишига сабаб бўладиган ҳар қандай воқеалар ривожи, масалан жабрланувчи шерикнинг ажралиш ҳақидаги қарори охирги нуқта бўлиши мумкин
  • Қотил-шерик томонидан назорат кучаймоқда - у тобора кўпроқ ваҳимали таҳдидларга ва қўрқитиш усулларига, ўз жонига қасд қилиш билан таҳдид қилишга ўтади
  • Охир оқибатда қотилга айланган шерик услубини ўзгартиради - таҳдид ўрнига қасос олишга қарор қилади, ҳамроҳини ўлдиришни ўйлайди
  • Режалаштириш - бу босқичда қотил-шерик қурол сотиб олиши мумкин, қурбони билан ёлғиз қолиш имкониятини излайди
  • Назорат қилишга мойил шерик ўз ҳамроҳини ўлдиради. Шу билан бирга бу ҳолатда бошқа одамлар, масалан қурбоннинг фарзандлари ҳам жабрланиши мумкин

Тадқиқот давомида босқичлардан бири «ўтказиб юборилган» биргина мисол топилди. Бу биринчи босқич эди, дейди Жайн Монктон Смит. Аммо унинг сўзларига кўра, бу тушунарли - боиси бу воқеа қаҳрамонлари бир бирлари билан танишгунича бошқа муносабатлари бўлмаган.

«Биз кўпинча жиноятни иштиёқ, вақтинчалик бепарволик билан тушунтирамиз, аммо бу ҳақиқий ҳолатга мос келмайди. Агар сиз бу воқеаларга назар ташласангиз, уларда режалаштиришни, қатъиятлилик, мажбурий назоратни кўрасиз», - дейди таҳлилчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Family photo
Image caption 24 ёшли Элис Рагглс 2016 йили собиқ йигити томонидан ўлдирилди

24 ёшли Элис Рагглсни собиқ йигити - ҳарбий хизматчи Тримаан Диллон ажрашишганидан кейин таъқиб қилган.

Диллон собиқ маъшуқасини 2016 йилда Гейтсхед шаҳридаги қизнинг уйида ўлдирган. Йигит собиқ севгилисини таъқиб ва унга таҳдид қилаётгани полицияга маълум эди. Жиноят содир бўлишидан салгина олдин полиция Диллон билан боғланди ва ундан Элисни таъқиб қилишни тўхтатишини талаб қилди.

Шу билан бирга Диллон хизматни ўтаётган армияга ҳам унинг собиқ қизларини ажрашгунча таъқиб ва таҳдид қилиши, ҳақоратлаши маълум бўлган. Суд қотилни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Қизнинг отаси Клайв Рагглс «агар полиция потенциал қотил ва унинг қурбони ўтадиган шу саккиз босқичдан хабардор бўлганида ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди», дейди.

Рагглсга кўра, "Уларнинг муносабатларида у таъқиб ва назорат қилиш усули билан ажралиб турарди, яъни муҳим ҳавотирли белгилари бор эди»

Диллоннинг ҳавотирли ҳатти-ҳаракатини билган хизматдошлари ва армия раҳбарияти бу ҳақда полицияга хабар беришмаган.

"Бу ҳақда полиция билмаган, Элис билмаган, биз ҳам ҳеч нимадан шубҳаланмаганмиз", - дейди Рагглс.

Диллон Элисни таъқиб қила бошлаганида ҳамда унга таҳдид қилганида на қиз ва на унинг оиласи Элис қанчалик хавфли вазиятга тушиб қолганини англаган.

"Агар полиция Жейн Смит тасвирлаган босқичларни билганида, улар бу шубҳали ҳатти-харакатлар, таҳдидлар ёзилган чеки йўқ хабарлар ва электрон хатлар - бу аллақачон жиноят йўлидаги бешинчи босқичдан дарак бераётганини тушунишар эди, - дейди Элиснинг отаси Клайв Рагглс.

"Умид қиламизки, бу босқичлар ва бундай ҳатти-харакатлар тамойили ҳақида кўпроқ одамлар билади ва улар керакли чора-тадбирларни кўрадилар. Бу эса ўз навбатида инсонлар ҳаётини сақлаб қолади», - дейди қурбоннинг отаси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jane Monckton Smith
Image caption Джейн Монктон Смит потенциал қотилларнинг ҳатти-ҳаракатлари моделини тушуниш ҳаётларни сақлаб қолади, дейди

Жейн Монктон Смит потенциал қотилларга хос бу ҳатти-харакат модели ҳақида адвокатлар, психологлар, полиция ва шартлига ҳукм қилинганларни қўриқлаш хизмати инспекторларига гапириб бермоқда.

У Violence Against Women Journal журналида чоп этилган тадқиқотлар натижалари ҳақида дунё бўйича жуда кўплаб инсонлар билишига умид қилмоқди.

"Бу тизим уларнинг кўз ўнгида бўлганида, потенциал қурбон ёки профессионал «Ё Худо! Мен учинчи босқичдаман» ёки «Менинг муносабатим аллақачон бешинчи босқичда» дейишлари мумкин, - дейди таҳлилчи.

"Полициячилар улар ишлашига тўғри келган ҳолатларда босқичларни жуда очиқ ва тезда аниқлашади, чунки бу уларнинг иш тажрибаси билан мос тушади ва уларга оиладаги зўравонлик, мажбурий назорат, таъқиб ва тазйиқ ҳолатларидаги тартибсизликни ҳал қилишга ёрдам беради", - қўшимча қилади криминалист.

Агар полиция саккиз босқич ҳақида билса, потенциал қотилни кузатиши осонроқ кечади. Потенциал қурбон эса саккиз босқични билган ҳолда, муносабатлари қайси вазиятдалигини ажрата олади ва содир бўлаётганлардан полицияни ўз вақтида хабардор қилади, - деб ишонади эксперт.

Жейн Смитнинг сўзларига кўра, жабрланувчи қандай қилиб фожеали якунларга олиб келиши мумкин бўлган носоғлом муносабатлардан хавфсиз тарзда чиқиб кетиши мумкинлигини тадқиқ қилиш лозим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek