Исроил ва Ҳизбуллоҳ: Парда ортидаги қақшатқич уруш

Israel and Hezbollah exchanged fire near the southern Lebanese town of Maroun al-Ras Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Исроил ва Ҳизбуллоҳ Ливан жанубидаги Марон ал Рос шаҳарчаси яқинида бир-бирига ўт очди

Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида куни кеча юз берган тўқнашув батамом ниҳоясига етган ёки етмаган бўлиши мумкин. Бироқ ҳар икки томонни ҳолдан тойдирувчи қақшатқич инқироз ҳали олдинда бўлиши мумкин. Аломатлар шундан дарак бермоқда.

Исроил ҳам, Ҳизбуллоҳ ҳам икки ўртада ҳақиқий уруш бошланиб кетишини истамайди.

Исроил Ҳизбуллоҳнинг Ливан пойтахти Бейрутда жойлашган саноат мавзесини нишонга олган эди. Бунга Ҳизбуллоҳ Исроил ҳудудини танкка қарши ракеталар билан ўққа тутиш орқали жавоб қайтарди.

Исроил Бейрутга 2006 йилда Ҳизбуллоҳ билан юзага келган урушдан бери ҳужум қилмаган эди. Ўтган вақт ичида Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида бевосита тўқнашув нисбатан кам кузатилган.

Исроил бу сафар Бейрутда Ҳизбуллоҳнинг ракеталар учун ҳаракатлантирувчи қисмлар ишлаб чиқарадиган саноат марказини ўққа тутганига ишонилади. Эрон Ҳизбуллоҳ ихтиёрида мавжуд ракеталарнинг нишонга аниқ етиб бориши ва узоқроқ масофага учишини таъминлаш учун ушбу марказни яратиш ортида тургани айтилади.

Исроил ҳужумдан сўнг Ҳизбуллоҳнинг жавоб қайтаришини яхши билган ва бунга тайёргарлик кўрган: у ўз артиллериясини Ливан билан чегара томон яқинлаштирган, режалаштирилган ҳарбий ўқув машғулотини бекор қилган ва чегарани қўриқлаётган хизматчилар сонини қисқартирган.

Ҳизбуллоҳ эса жавоб ҳужумини пайсалга солиб ўтирмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Исроил артиллерияси эса тутун чиқарувчи снарядларни улоқтиришдан нарига ўтмади.

У бир неча танкка қарши ракеталарни Исроил позицияси томон отди. Натижада, Исроилга тегишли саноқли транспорт воситалари йўқ қилинди.

Ҳизбуллоҳ ҳужум муваффақиятли якунланганини шу заҳоти иддао этиб чиқди. Гуруҳ тарқатган маълумотларда таъкидланишича, ҳарбий транспортлардан бирининг ичида бўлган Исроил Мудофаа Кучлари хизматчилари ҳалок бўлган.

Бироқ Исроил бирор ҳарбий хизматчисига зарар етганини тан олмади. Шунга қарамай, Исроилнинг чегарага яқин ҳудудида фавқулодда эвакуация ишлари бошлангани кўзга ташланди.

Исроил Ҳизбуллоҳга чекланган жавоб қайтарди, холос. Унга тегишли тикучар ракеталар отилган тахминий ҳудудни нишонга олди, Исроил артиллерияси эса тутун чиқарувчи снарядларни улоқтиришдан нарига ўтмади.

Бунинг сабаби нимада? Ҳаммасининг жавобини, албатта, вақт беради, аммо ҳозир на Исроил, на Ҳизбуллоҳ зиддиятнинг янада таранглашидан манфаатдор эмаслиги аниқ.

Хўш, Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўз мақсадимга эришдим, деб ўйлаяптими ёки унинг юзага чиққан натижадан кўнгли тўлмадими? Буни ҳам вақт кўрсатади.

Исроилликлар Эрон дастагини олган Ҳизбуллоҳнинг Ливандаги ракета дастурига, имкон туғилиши билан, яна зарба берадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Исроил ҳужумидан сўнг экин далалари олов ичида қолган

Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида кечаётган ҳолат нафақат икки куч ўртасидаги тўқнашув, балки Исроил ва Ҳизбуллоҳнинг ҳомийси бўлмиш Эрон уруши ҳамдир.

Ливандан тортиб Сурияга қадар амалга оширилаётган Исроилнинг зарбалари - бу Эронга қарши йўналтирилган ҳужум. Исроил, ҳатто, Ироқдаги ҳудудларни ҳам нишонга олган.

Эроннинг Исроилга нисбатан минтақада уч асосий мақсади мавжуд. Биринчидан, у минтақадаги ўзининг иттифоқчиларига етказиб берилаётган ракеталар таъминоти йўлининг очиқ бўлишини истайди. Иккинчидан, у Ҳизбуллоҳ қўлида мавжуд ракеталар салоҳиятини янада кучайтириш ниятида. Ниҳоят, учинчидан, Эрон Суриядаги Ассад режимини қўллаш орқали эришган таъсир доираси ёрдамида Исроилга қарши янги фронт очиб, ўзини ҳарбий ўйинчи ўлароқ намоён этишни хоҳлайди.

Исроил ҳам жим тураётгани йўқ. У эронликларнинг минтақа бўйлаб фаолиятига тиш-тирноғи билан қаршилик қилиб келмоқда. Исроилнинг ҳарбий истиҳборот салоҳияти эса юқори даражага етиб улгурган.

У Эронга алоқадор конвойлар, қурол омборлари, дрон базалари ва саноат ҳудудларига мунтазам зарба бериб келмоқда.

Аммо булар тактик муваффақиятлар, холос. Стратегия нуқтаи назари билан қараганда, Исроил Эроннинг ҳаракатларини бироз секинлаштираётган бўлиши мумкин, лекин Теҳрон ўз олдига қўйган мақсадидан воз кечгани аломатлари ҳали кўзга ташланмаётир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption БМТнинг тинчликпарвар кучлари Исроил-Ливан чегараси ёнида навбатчилик қилмоқда

Ташқи ўйинчилар ҳам Эроннинг ўз йўналишидан четга оғдира олмаяпти. АҚШ Яқин Шарқдаги очиқ ўйинларга аралашишга рўйхушлик бермаётгани аллақачон маълум бўлган.

Сурияликларни Эрон ва унинг иттифоқчилари таъсирига тушиб қолмасликка кўндириш йўлида Москва берган ваъдалар эса ҳақиқатдан йироқ бўлиб чиқди.

Исроил, Россия ва АҚШ миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиларининг июнь ойидаги учрашуви ортидан Исроил ҳаво ҳужумларининг кучайиб кетгани бунинг исботидир.

Шу тариқа ушбу норасмий урушдаги энг янги тўқнашув ниҳоясига етган бўлиши мумкин, аммо умумий зиддиятнинг ўзи ҳали яна давом этажак. Йирик уруш таҳдиди эса яқинлашгандан яқинлашмоқда.

Бу худди кинолардаги машҳур бир ҳолатга ўхшайди: қаҳрамон машинага қўйиб кетилган бомбани сўнгги лаҳзаларда зарарсизлантиришга эришади. Ўхшаш тарзда, Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида ўрнатилган бомбанинг соат миллари тинмай чиқилламоқда.

Лекин у энг сўнгги онларда зарарсизлантириладими ёки йўқ - буни вақт кўрсатади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek