Афғонистон: Нега уруш бунча узоқ вақтга чўзилиб кетди?

US Marines in Herati, Afghanistan in 2009 Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон ва Толибон энди тил топишай деганда, тинчлик музокараларини бекор қилди. Бироқ АҚШ Афғонистонда нега уруш олиб бормоқда ва бу уруш нима учун шунчалик чўзилиб кетди, деган савол ҳамон кўпчиликни қизиқтирмоқда.

11 сентябрь воқеалари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

2001 йил 11 сентябрь куни Америкада юз берган теракт оқибатида 3 мингга яқин инсон қурбон бўлди. Ушбу хунрезлик учун масъулият зум ўтмай, ал-Қоида террорчи гуруҳи раҳбари Усама бин Лодин бўйнига юкланди.

Ўша вақтлар Афғонистонда ўз назоратини ўрнатган Толибон гуруҳи бен Ладенни ҳимоя қилиб, уни топширишдан бош тортди.

11 сентябрдан бир ой ўтиб, АҚШ Афғонистонда ҳаво ҳужумлари амалиётини бошлаб юборди.

Халқаро коалиция кучи билан Толибон қудратдан кетказилди. Бироқ Толибон шунчаки парчалаб ташланмаган эди - гуруҳ қайта куч тўплай бошлади.

Ҳозирга қадар АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистон расмий ҳукуматини инқирозга юз тутишдан сақлашга уриниб келади. Толибон эса қонли ҳужумларни бир он ҳам тўхтатмаётир.

Усама бин Лодин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШнинг ўша йиллардаги президенти Жорж Буш янги очилган урушни "Афғонистондан террорчилар базаси сифатида фойдаланишга чек қўйиш ва Толибон ҳарбий салоҳиятига зарба бериш миссияси", дея атаган эди.

Аммо орадан 18 йил ўтибди ҳамки, АҚШ бу мақсадни амалга ошира олмай келаётир - агар тинчлик музокаралари муваффақиятли якунланса, Толибон Афғонистонда ҳукм сиёсий доирага яна қайтиши мумкин.

2001 йилда бошланган АҚШ ҳужуми ортидан Толибон қудрати заволга юз тутиб, жангариларнинг аксар қисми қўшни Покистонга қочиб кетган эди.

2004 йилда эса АҚШ дастагини олган янги Афғон ҳукумати ҳокимиятга келади. Бироқ гиёҳванд моддалар савдоси, кончилик ва солиқлардан юз миллионлаб доллар фойда кўраётган Толибон Покистон билан чегара ҳудудларда қайта куч йиға бошлайди.

2014 йилга келиб, НАТОнинг халқаро кучлари мамлакатдан чиқиб кетади ва афғон армияси Толибон билан ёлғиз кураш олиб боришга мажбур бўлади.

Вазиятдан фойдаланган Толибон мамлакатнинг сезиларли қисмини эгаллаб олади ва ҳукумат ҳамда тинч аҳолига қарши ҳужумларни кучайтира бошлайди.

Ўтган йили Би-би-си Толибоннинг Афғонистоннинг 70 фоиз ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракат қилишини аниқлаган эди.

Толибон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ босқинига қадар Афғонистонда 20 йиллик уруш бир зум тўхтамай, давом этаётган эди.

1979 йилда коммунист ҳукуматни сақлаб қолиш мақсадида мамлакатга Совет армияси бостириб киради.

Оқибатда, советларга қарши АҚШ, Покистон, Хитой ва Саудия Арабистони қўлловини олган мужоҳиддин ҳаракати шаклланади.

1989 йилда советларнинг чиқиб кетиши ҳам Афғонистондаги фуқаролар урушига чек қўймайди. Бундай бошбошдоқлик фонида Толибон (паштун тилида «талабалар» маъносини англатади) майдонга чиқади.

Бу вақтга келиб, афғонларнинг аксарияти фуқаролик урушидан чарчаган эди.

Толибон коррупцияга қарши аёвсиз курашиш ва хавфсизликни таъминлашни ваъда қилади.

Гуруҳ 1990 йиллар ўртасига келиб, мамлакатнинг катта қисмини назорат қила бошлайди.

Толибоннинг илк жангарилари Исломнинг мутаассиб кўриниши ўқитилган диний мактабларда таълим олгани ва бу мактаблар, асосан, Саудия Арабистони томонидан молиялаштирилганига ишонилади.

Ҳокимиятни эгаллаган Толибон қаттиққўл шариат тартибини ўрнатади ва тартибларни бузганларга қарши қонли жазоларни жорий этади.

Толибон телевидение, мусиқа ва кинони тақиқлайди ҳамда хотин-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини инкор этади.

Уруш нега чўзилиб кетди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бунинг сабаблари кўп, аммо Толибоннинг мислсиз қаршилиги, Афғон ҳукумати ва армиясининг ожизлиги, халқаро коалициянинг ўз қўшинларини Афғонистонда узоқроқ сақлаб туришга ҳафсаласизлик қилганини асосий омиллар ўлароқ келтириш мумкин.

Бунинг ортидан Толибон ўйин саҳнасига қайтишга муваффақ бўлди.

Би-би-си Жаҳон Хизмати мухбири Довуд Аъзамийуруш нега ҳали ҳам давом этаётганинг асосий сабабларини қуйидаги тасвирлайди:

•АҚШ босқинидан бери мавжуд сиёсий аниқликнинг етишмаслиги ва ўтган 18 йил давомида АҚШ стратегияси самарадорлиги юзасидан пайдо бўлган саволлар;

•АҚШ ва Толибон тинчлик музокараларида бир-бирига ён беришни истамаётганлиги;

•Афғонистонда пайдо бўлган Исломий Давлат зўравонлигини кучайиши

Қўшни Покистоннинг ҳам бу ерда роли катта.

АҚШ босқинидан сўнг Толибон Покистонда ўз кучини қайта тиклагани сир эмас. Бироқ Покистон гуруҳга кўмак бергани ёки уни ҳимоя қилганини рад этади.

Толибон қандай қилиб ўз кучини сақлаб қолди?

Гуруҳнинг йиллик даромади $1.5 миллиард эканига ишонилади. Бу маблағнинг бир қисмини героин савдоси ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, Толибон ўзи назорат этувчи ҳудудлардаги аҳолини солиққа тортиш, кончилик, телекоммуникация ва электр энергияси каби бизнеслардан ҳам фойда кўради.

Хорижий давлатлар, жумладан, Покистон ва Эрон гуруҳга молиявий кўмак кўрсатишини тан олмасада, бу мамлакатларнинг бой фуқаролари Толибонга ҳомийлик қилишига тахмин қилинади.

Уруш нархи қанчага тушган?

Буни аниқ ҳисоблашнинг имкони йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

2019 йил январида Афғонистон президенти Ашраф Ғани 2014 йилдан буён афғон армиясининг 45 минг хизматчиси ҳалок бўлганини маълум қилган. Бироқ бу борадаги аниқ рақамни аниқлаш мушкул.

2001 йилдан бери ўтган вақт ичида халқаро коалициянинг 3,5 минг аъзоси ва АҚШнинг 2,3 минг аскари уруш қурбонига айланган.

Бундан ташқари 32 минг тинч аҳоли, мухолиф кучларнинг 42 минг жангариси ҳалок бўлгани тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд.

Браун Университети қошидаги Уотсон Институти Ироқ, Афғонистон, Сурия ва Покистон инқирозлари 2001 йилдан бери АҚШ учун $5.9 триллионга тушганини айтади.

Доналд Трамп Толибонга қарши ҳаво ҳужумларини олиб бораётган учинчи АҚШ президентига айланган, аммо у 2020 йил ўтувчи президентлик сайлови олдидан Афғонистондаги америкалик аскарлар сонини қисқартириш истагини билдирган.

Вашингтон ва дунёнинг бошқа қудратли мамлакатлари сиёсий доиралари АҚШ қўшинларининг Афғонистондан бутунлай олиб чиқиб кетилиши ортидан вакуум ҳосил бўлиши ва бу бўшлиқни Ғарбга хуруж қилишни режалаштираётган жангари гуруҳлар тўлдиришидан хавотирда.

Бир вақтнинг ўзида эса афғонлар адоқсиз ва қонли уруш азиятини гарданига олишга мажбурлигича қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek