Россия: Ўйиндан ўқ чиқди - "Менга турмушга чиқмасанг, отаман!"

Сергей ва Анастасия
Image caption Яхшилик билан тугаган ҳамма нарса яхши...

Анастасия аэрпортда ўзини йигити Сергей кутиб олишидан умид қилиб, Санкт-Петербургга учиб келар эди. Бироқ у қўниши билан Сергейдан смс хабари олади. Хабарда йигит иши чиқиб қолгани ва Анастасияни дўсти кутиб олишини билдирган эди.

Анастасия буни одатий ҳолга йўйиб, ҳеч нарсадан шубҳаланмайди.

У йигитининг дўсти билан машинада ўз уйига яқинлашиб қолганда, тўсатдан ойналари қорайтирилган минибус йўлни тўсиб чиқиб, ғилдиракларини чийиллатганча тўхтайди. Юзига ниқоб тортган номаълум шахслар ҳайдовчини қўлини қайириб, ерга юзтубан ётқизади.

Махсус гуруҳ формасидаги эркаклар Анастасияни ҳам қўлга олиб, қизнинг машина юкхонасига ортилган нарсаларини титкилай бошлайдилар ва кийимлари орасидан оқ кукун солинган халтани топадилар.

Уларнинг бири қизга «Сиз тақиқланган модда ташишда гумонланмоқдасиз», дея қичқиради.

«Адашдингиз шекилли. Бу нарса меники эмас», асабий жилмайишга ҳаракат қилади Анастасия.

«Унда кимники? Ўйин ўйнашни бас қил!» ўшқиради эркак.

Улар қизни сўроқ қилишда давом этадилар. Шунда тергов қилаётган эркак пуштиранг қутича ҳам топиб олади.

«Буниси энди нима бўлди?» сўрайди у.

«Билмайман!» жавоб қайтаради Анастасия. Энди уни чиндан ҳам қўрқув босган эди.

Қўққис эркак тиззаси билан чўкка тушади ва юзидаги ниқобни юлиб ташлаб,овозини борича қичқиради: «Менга турмушга чиқ!»

Бу Сергей эди. У ниқобли эркаклар ичида ҳуқуқ-тартибот органларида ишлайдиган ягона одам бўлиб, унинг атрофидаги бошқа йигитлар сўнгги йилларда Россияда урфга айланаётган «қизнинг қўлини ҳаддан ташқари ноодатий усулда сўраш» хизмати иштирокчилари эди.

Image caption Яхшилик билан тугаган ҳамма нарса яхши...

Сергейнинг ҳайдовчи дўсти ҳам бошиданоқ ҳаммасидан хабардор эди. У ўзини қўрқиб кетганга солиб, шунчаки роль ўйнаган эди.

Қимматбаҳо томоша

Севгилисининг қўлини бундай усулда сўраш йигитлар учун арзонга тушмайди. «Хавфсизлик хизмати ходими» билан ярим соат давомида суратга тушиш 700 рубль ($10.50) туриши мумкин. Тўлақонли маски шоунинг баҳоси эса 60 минг рубль ($900)га қадар етиши мумкин.

Сергей томошани ташкиллашдан аввал ҳақиқатан ҳуқуқ-тартибот органларида хизмат қилувчи дўстлари ва ФСБ ходимларига мурожаат қилган. Бироқ улар йигитнинг илтимосини рад этган - Сергей улар рози бўлмаганидан ҳозир хурсанд.

Image caption Сергей Родкин собиқ махсус хизмат ходимларини ёллайди, аммо ходимларнинг ўтмишини сир тутади

«Ҳақиқий ходимлар чегарадан чиқиб кетиб, ниманидир вайрон қилиши мумкин: улар жуда қўрқинчли!»

Спецназ Шоуси асосчиси Сергей Родкиннинг сўзларига кўра, мижозларнинг истаги бўйича бундай томошалар нархи исталганча кўтарилиши мумкин.

36 яшар бизнесмен 2010 йилда дўстлари учун текин спецназ томошалари ташкиллаб берганини айтади.

«Ҳаммаси аста-секин жиддийлашиб кетди. Бир йилдан сўнг бу иш орқали пул топа бошладик,» сўзлайди у Би-би-си билан суҳбатда.

Қизнинг қўлини қўрқинчли усулда сўрашнинг биринчи тўлқини 2014 йилда бошланган. 2015 йилга келиб, Спецназ Шоунинг Россия бўйлаб бир қанча филиаллари очилган. Филиаллар сони, ҳозирда, 14 тага етган - рақобатчилар ҳам пайдо бўлган.

Реализм иштиёқи

Томошаларга реал тус бериш мақсадида актёрлар, асосан, собиқ ҳарбий ва полициячилар ичидан танланади.

Сергей мижозларининг томошаларнинг Анастасия билан бўлган ҳолатдаги каби «гиёҳванд модда билан қўлга олиш операцияси» кўринишида бўлишини кўпроқ исташини маълум қилади.

Психолог Полина Солдатова Спецназ Шоу сингари фавқулодда кўринишдаги қўлни сўраш томошалари Россия полициясининг кундалик фаолиятига ҳажвий тақлид эканини билдиради.

«Юмор ҳаётда бўлаётган асл вазиятга жамиятнинг ўз муносабатини билдириш усулидир,» дейди мутахассис Би-би-сига.

Гиёҳванд модда ташлаб қўйиш билан боғлиқ реал ҳолат яқинда россиялик таниқли журналист Иван Голунов билан бўлган эди. Ўшанда, полиция журналистга гиёҳванд модда ташлаб қўйиш билан уни айбдорга айлантирмоқчи бўлганига ишонилади. Бироқ етарли асос топилмаганидан журналист озод этилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Spetsnaz Show
Image caption Ноодатий қўл сўраш усули рязанлик Юлиянинг жаҳлини чиқарган - у куёв болани гулдаста билан солган

Анастасия Сергейнинг қилган ишидан хафа эмаслиги, лекин ўша кунги воқеадан чиндан ҳам юрак олдириб қўйганини айтади.

«Йигитим ҳақиқатан гиёҳванд модда билан қўлга тушсанг, неча йилга қамалишингни биласанми, деб сўради».

«Билмайман, дедим. 20 йилгача, жавоб қайтарди у», дея кулади қиз.

Ҳаётда ҳамма ҳам бундай томошаларни кулгили ҳисобламайди.

Пенза шаҳридан бўлган Александр қайлиғининг қўлини шундай усулда сўрагандан сўнг қиз уни қўрқувдан ўлдириб қўя ёзганликда айблагани ҳақида ҳикоя қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Spetsnaz Show
Image caption "Спецназ шоу" ҳатто болаларнинг туғилган кунида ҳам томошалар кўрсатади

Рязанлик Юлия эса туғилган кунида турмуш ўртоғи шундай «сюрприз» тайёрлаганда, эрини «энг ширин сўзлар билан сийлагани»ни кулиб айтади.

Психолог Полина Солдатова маски шоулардан уларни ташкиллаштирган шахсларгина завқ олиши мумкинлигини тушунтиради.

«Чунки улар полициячиларнинг ҳақиқий эмаслигини яхши билади,» дейди у.

Би-би-си Спецназ Шоунинг филиаллари томонидан уюштирилган бир неча томошанинг видеосини кўздан кечирди.

Уларда одамларнинг қўлига кишан солингани, ерга мажбуран ётқизилаётгани ва уларнинг кийимлари тинтилаётганини кўриш мумкин.

Солдатова бундай қўрқинчли ва таҳқирли йўл билан қўли сўралган инсонлар севгилиси таклифини рад этиши ҳам мумкинлигини билдиради.

Бироқ Сергей Родкин беш йиллик фаолияти давомида фақат бир қизнинггина шундай ишга қўл урганига гувоҳ бўлганини таъкидлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek