Дунё ва Ўзбекистон: Саудия маликаси устидан ҳукм ва Google харитасидан топилган ўлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи SIPA/SHUTTERSTOCK

Тянанмэн қирғинини тарихга муҳрлаган сураткаш вафот этди

1989 йилда Хитойнинг Тянанмэн майдонидаги намойишлар чоғида устига танклар колоннаси юриб бораётган одамни суратга туширганлардан бири Чарли Коул вафот этган.

Унинг 64 ёшда Индонезиянинг Бали оролида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинмоқда.

У олган сурат Хитойда талабалар намойишининг бостирилиши рамзига айланганди.

Ҳодисаларда юзлаб, балка минглаб инсон ҳалок бўлган.

Ўзбекистон, Саид-Абдулазиз Юсупов: 'Ҳеч бўлмаса, боламнинг овозини эшитиб қолдимʼ

Ўзбекистон Португалиядан кўп электр истеъмол қилади, бироқ…

Ўзбекистон: Миллий тикланиш партияси раҳбари Регистондаги зиёфатни қоралади

Қурбонлар борасида расмий маълумот йўқ, Хитой расмийлари қонли воқеаларни тилга олишни ҳам тақиқлаган.

Коул ушбу сурати учун 1990 йилда World Press Photo мукофотини қўлга киритганди.

У эпизодни суратга туширишга муваффақ бўлган тўрт сураткашдан бири эди.

Коул танклар колоннасини меҳмонхона айвонидан суратга туширган.

У танклар қаршисида турган эркак ҳалок бўлади деб ўйлагани учун ҳам уни суратга тушириш бурчи бўлганини айтган.

Аммо номаълум намойишчини икки киши ушлаб олиб кетади ва унинг шундан кейинги тақдири номаълумлигича қолади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/GETTY
Image caption Чилангар билан ҳодиса Париж марказидан Фош авенюда юз берган

Саудия маликасига 10 ой қамоқ жазоси

Саудия маликаси Хосса бинт Салмон ўзининг Париждаги ҳашаматли уйида чилангарнинг таҳқирлагани учун 10 ойлик шартли қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Париж суди маликани ўз қўриқчисига унинг рухсатисиз хонадонида бир нечта сурат олган чилангарни уришга буйруқ берганликда айбдор деб топган.

Хосса бинт Салмон Саудия Арабистони подшоси Салмоннинг қизи ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Саломннинг синглисидир.

Суд терговида маълум бўлишича, қўриқчи маликанинг буйруғи билан чилангар Ашраф Эиднинг қўлини боғлаб қўйиб, дўппослаган. Шундан кейин ўзи рухсатсиз телефонига суратга туширган маликанинг оёғини ўпишга мажбурлаган.

Халқаро қидирувга берилган ва сиртдан ҳукм қилинган Саудия маликаси 10 минг евро миқдорида жаримага ҳам тортилган. У айбларни рад этган.

Маликанинг тансоқчиси Рани Саидига эса 8 ойлик шартли қамоқ жазоси ва 5 минг евро жарима тайинланган.

Саудия матбуоти малика Хоссанинг хайрия фаолияти ва хотин-қизлар ҳуқуқлари учун курашини мақтаб келади.

Чилангар билан юз берган ҳодисадан кўп ўтмай, у Парижни тарк этган ва сиртдан олиб борилган терговда айбини рад этиб келган.

2018 йил мартида Франция суди уни ҳибсга олиш учун халқаро ордер чиқарган.

Шундан буён малика Саудия Арабистони ҳудудини тарк этмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NATIONAL MISSING AND UNIDENTIFIED PERSONS SYSTEM
Image caption 40 ёшли Уилям Молдт 1997 йил 7 ноябрда бедарак кетган

20 йил олдин йўқолган одам Google харитасидан топилди

Бундан 20 йил муқаддам Флоридада бедарак кетган эркакнинг жасад қолдиқлари Google харитасида кўрсатилган чўкиб кетган автоуловдан топилган.

40 ёшли Уилям Молдт 1997 йил 7 ноябрда изсиз йўқолган.

У тунги клубдан уйига қайтмаган.

Полиция тергови ҳеч қандай натижа бермаган.

Шу йил август ойи охирида полицияга Флориданинг Веллингтон шаҳарчаси яқинидаги ҳовузда автоулов топилгани хабар қилинган.

Машина сувдан чиқарилган пайт унда инсон скелети топилган.

Бир ҳафта ўтиб, жасад қолдиқлари Уилям Молдтга тегишли экани аниқланган.

Машинани ўша ҳудуддаги кўчмас мулкни кўздан кечираётган шахс Google Earth да аниқлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AA

Ўзбекистон Туркий Кенгашга қўшилади

Ўзбекистон туркий тилли давлатлар кенгашига аъзолик учун керакли ҳужжатларни тақдим этган.

Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли Анқарадаги йиғинда маълум қилган.

"Гўзал бир хабарим бор. Ўзбекистон ҳам Турк Кенгашига қўшилишга қарор қилди. Расман Турк Кенгаши котиибиятига мурожаат қилдилар", дея Човушўғлидан иқтибос келтирмоқда Туркиянинг Онадўлу (АА) хабар агентлиги.

Туркий тилли давлатлардан ташкил топган Турк Кенгашига 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахчиван шаҳрида асос солинган.

Ўтмишда Туркия томони Ўзбекистонни айни Кенгаш аъзолари орасида кўриш истагини билдириб келган.

Тошкент ва Анқара муносабатлари Ислом Каримовнинг вафоти ортидан илиқлаша бошлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek