Би-би-си суриштируви: Ироқдаги муллалар бокира қизларни сотмоқда - видео

A girl being proffered several wedding rings

Ироқдаги руҳонийлар ёш қизларни секс қилишга ундаб, қўшмачилик билан шуғулланмоқда. Бу Би-би-си Араб Хизматининг шиалар қўллайдиган мута (сийқа) никоҳ амалиётини ўрганиши чоғида аниқланган.

((Би-би-сининг махфий текшируви Ироқдаги айрим шиа муллари томонидан ёш қиз болалар ва ёш қизлар жинсий тобеликка мажбурланаётганини фош этди. Бу лавҳада болаларга нисбатан шаҳвоний зўравонлик ҳақида ҳам сўз боради ва айни ҳолат кўнгилни хира қилиши мумкин.)

Ироқнинг муҳим масжидларига яқин муллалар томонидан очилган никоҳ хизматлари бўйича ўтказилган яширин текширув фаолияти ўрганилганди.

Уларнинг аксарияти мижозлар секс билан шуғулланиши йўлида жуда қисқа муддатга, баъзида, бир соатга сийқа (мута) никоҳ ташкил этишга тайёр эканини фош этган. Айрим диндорлар, ҳатто, тўққиз яшар қизларни ҳам никоҳлаб қўйиши маълум бўлган.

Шунингдек, муллалар сийқа (мута) никоҳ учун мижозларга аёллар ва балоғатга етмаган қизларни таклиф этган.

Мазкур текширув натижасидан руҳонийларнинг қўшмачилик қилаётгани ва ўзининг диний марҳаматидан болаларни жинсий тажовузга дучор этиш йўлида фойдаланаётгани тахмин этилади.

Сийқа (мута) никоҳ

Сийқа (мута) никоҳ - шиа мусулмонлари томонидан қўлланиладиган мубоҳасали диний амалиёт бўлиб, унда вақтинчалик никоҳ учун аёлларга маълум ҳақ тўланади. Сунний кўпчилик истиқомат қилувчи мамлакатларда "мисяр" никоҳ ўхшаш вазифани бажаради.

У аввалдан эркакнинг саёҳат давомида уйланишига имкон берган, аммо бугунги кунда у эркак ва аёл қисқа вақтга жинсий алоқага киришига имконият яратиш учун қўлланилади. Мусулмон олимлари ушбу амалиёт юзасидан иккига бўлинган: бир томон у фоҳишабозликни қонунийлаштиради, деса; вақтинчалик никоҳ аслида қандай бўлиши борасида баҳслар ҳануз тинмаган.

Би-би-сининг Ироқ ва Британия жамоаси 11 ой давомида текширув олиб бориб, муллаларни яширинча суратга олди ва жинсий эксплуатация қилинган аёллар, жумладан, «вақтинчалик келинлар»ни топиб бериши учун руҳонийларга пул тўлаган эркаклар билан боғланди.

15 йиллик урушдан сўнг бир миллион ироқлик аёл бевага айлангани ва ўз яшаш жойини ташлаб чиққани тахмин қилинади. Би-би-си жамоаси қашшоқлик ортидан кўплаб аёллар ва қизлар мута (сийқа) никоҳни қабул қилишга рози эканини аниқлади.

Image caption Вояга етмаган қиз Би-би-сига мулла қўшмачилик қилганини айтмоқда

Кенг тарқалган амалиёт

Текширувни олиб борган жамоа Ироқнинг икки муқаддас ибодатхонаси ҳудудида сийқа (мута) никоҳ амалиёти кенг тарқалганидан воқиф бўлди.

Мисол учун, жамоа аъзолари Бағдоддаги энг муҳим шиа масжидларидан бири бўлмиш Хадимиядаги 10 нафар руҳонийга юзланди. Уларнинг саккиз нафари мута никоҳ ўқиб қўя олиши; ярми эса бундай никоҳ учун 12 ёки 13 яшар қизларни топиб бера олишини маълум қилди.

Шунингдек, жамоа дунёдаги энг йирик шиа зиёратгоҳи ҳисобланмиш Карбалодаги тўрт нафар мулла билан суҳбатлашди. Уларнинг иккиси ёш қизларни вақтинчалик никоҳлаб қўйишга розилик билдирди.

Тўрт нафар мулла билан суҳбат яширинча суратга туширилди. Уч руҳоний аёллар топиб беришини айтган бўлса, уларнинг иккиси ёш қизлар билан никоҳ ўқишга рози бўлди.

Бағдодлик руҳоний Саййид Раъд мижоз кўринишида келган Би-би-си мухбирига шариат мута никоҳнинг муддатига ҳеч қандай чеклов қўймаганини билдирди: «Эркак ўзи истаганча аёл билан никоҳга кириши мумкин. Бир қиз билан ярим соат никоҳда бўлишингиз, иш пишиши билан бошқасига уйланишингиз мумкин».

"Тўққиз ёшдан ўтса, бўлди..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Шиа мусулмонлари

Мухбир Саййид Раъддан болалар билан ҳам сийқа (мута) никоҳга киришиш мумкинми ёки йўқ, дея сўраганда, мулла шундай жавоб берди: «Унинг қизлигини олиб қўймасангиз бас».

«У билан ўйнашишингиз, бирга ётишингиз, танасига, кўкракларига тегинишингиз мумкин… фақат олд томонидан яқинлик қила олмайсиз. Орқасига яқинлик қилсангиз бўлади», қўшимча қилди у.

Руҳонийдан бундай қилиш қизга азоб бермайдими, деб сўралганда, у шунчаки елкасини қисди.

«Қиз азоб тортадими ёки йўқ - бу сиз ва унинг ўртасидаги масала».

Яширин камера тақиб олган мухбир Карбалода хизмат қилувчи мулла Шайх Салавийдан 12 яшар қиз мута никоҳ учун тайёр бўладими, деб сўраб кўрди.

«Ҳа, тўққиз ёшдан ошган бўлса, бўлди - ҳеч қандай муаммо йўқ. Шариатга кўра, ҳеч қандай муаммо йўқ,» жавоб қайтарди у.

Худди Саййид Раъд сингари у ҳам асосий муаммо қизнинг бокира ёки бокира эмаслигида эканлигини билдирди. Қиз билан жинсий ўйинлар ва агар у розилик билдирса, орқага яқинлик қилишга рухсат берилганини ҳам қўшимча қилди: «Истаган ишингизни қилаверинг.»

Телефон орқали никоҳ

Ёш бола билан мута никоҳ қандай ўтишини ўрганиш мақсадида мухбир Саййид Раъдга шахси тўқиб чиқилган "Шайма" исмли 13 яшар қиз билан ўзини никоҳлаб сўради. "Шайма" ролини, аслида, Би-би-си мухбирларидан бири ўйнади.

Саййид Раъд қиз билан учрашиш ёки унинг ота-онаси билан гаплашиш истагини билдирмади. Мижоз кўринишидаги мухбир билан таксида ўтирганча, у никоҳни телефон орқали ўқиб қўйишга рози бўлди.

"Шайма, бу йигитга никоҳланишга ва у бир кун учун 150 минг динор тўлашига розимисан?" деб сўради у.

"Энди сизлар никоҳландинглар ва бирга бўлишингиз ҳалолдир," дея маросимни тугатди.

Руҳоний бир неча дақиқа давом этган маросим учун мухбирдан $200 ҳақ сўради ва 13 яшар қизнинг келгуси тақдирига ҳеч қандай қизиқиш билдирмади.

Диний дастак

Руҳонийлар кўмагида сийқа (мута) никоҳ орқали секс билан шуғулланиб келувчи оилали эркак Би-би-сига шундай дейди: "Ҳали «тоза» бўлганидан, 12 яшар қизнинг нархи баланд. У қиммат туради - $500 , $700, $800 - ва бу шунчаки руҳонийлар ишлайдиган ҳақ."

У ўзининг бундай ишлари дин томонидан дастакланишига ишонади: «Агар руҳоний сизга мута никоҳ ҳалол, деса, у ҳолда, бу гуноҳ саналмайди».

Image caption Кўплаб аёл ва қизлар фақирликдан мута никоҳига рози бўлишга мажбур бўлади

Ироқлик аёллар ҳуқуқлари фаоли Янар Муҳаммад қизларга инсон эмас, балки «товар» сифатида муносабат кўрсатилаётганини таъкидлайди.

«Товардан хос йўлларда фойдаланишга изн берилган. Бироқ бокиралик келажакда бўлувчи катта савдо учун сақлаб қўйилади,» сўзлайди у. «Катта савдо» ҳақиқий турмуш қуришни англатади.

Қиз бокиралигидан айрилса, у турмуш қура олмайди ва, ҳатто, иснод келтиргани учун ўз оиласи томонидан ўлдирилиш хавфи билан ҳам юзланиши мумкин.

«Хато учун ҳақни доимо аёллар ва қизлар тўлаб келганлар,» дейди фаол.

Қўшмачилик

Текширувни олиб борган мухбирлар ёш қизларни топиб беришга рози бўлган муллалар билан суҳбатларни яширинча суратга туширганлар.

Улар, шунингдек, руҳоний қўшмачилигига учраганини иддао қилган ёш қизнинг кўрсатмасини ҳам олганлар ва бу кўрсатмани бошқа гувоҳлар тасдиқлаган.

Жамоа мижоз кўринишидаги мухбирга ёш аёлни 24 соатлик мута никоҳ учун таклиф қилган руҳонийни яширин тасвирга олган. Моҳиятан, руҳонийнинг амали қўшмачиликка тенг эди.

Мухбир мута никоҳ таклифига рад жавобини берганда, руҳоний балки унга ўспирин ёшдаги қиз кераклигини билдириб, шундай қиз топиб бериш таклифини ўртага ташлаган.

Қоралов

Image caption Шиаларнинг муқаддас шаҳридаги Карбало масжиди

Гаит Тамими бир вақтлар Ироқда юқори мартабали шиа руҳонийси бўлган. У фундаментализм тўғрисида айтганлари ортидан, ҳозирда, Лондонда сургунда яшайди.

Тамими мута никоҳдан аёллар, айниқса, ёш қизларни жинсий эксплуатация қилиш йўлида фойдаланаётган руҳонийларни қаттиқ қоралайди: «Улар айтаётган нарса қонун билан жазога тортилиши шарт бўлган жиноятдир.»

Айрим шиа диний муллалари исломий қонунлар болалар билан жинсий алоқага киришишга рухсат беришини ёзган. Тамими шиа раҳнамоларини бундай амалларни қоралашга чақиради.

Би-би-си Араб Хизмати томонидан яширин суратга олинган руҳонийлардан иккиси ўзларини Шиа мазҳабидаги энг муҳим шахслардан бири бўлмиш Оятуллоҳ Систоний издошлари ўлароқ тасвирлайди.

Бироқ Би-би-сига йўллаган баёнотида Оятуллоҳнинг ўзи шундай дейди: "Агар бу амалиётлар сиз айтаётган шаклда юз бераётган бўлса, у ҳолда, биз уларни мутлақо қоралаймиз. Вақтинчалик никоҳдан аёлларнинг инсонийлиги ва қадрини ерга урувчи сексни сотиш воситаси сифатида фойдаланишга изн берилмайди."

Ироқ ҳукумати сўзчиси Би-би-си Араб Хизматига шундай дейди: «Агар аёллар руҳонийлар устидан арз қилиб, полицияга бормаса, ҳукуматнинг чора кўриши мушкуллашади.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek