Киборлар дунёси: Янги малика Диана саҳнага чиқиб келмоқдами?

Separate photos of Meghan Markle and Diana, Princess of Wales Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шаҳзода Гарри сариқ матбуотнинг ўз рафиқасига нисбатан эътиборини онаси малика Диана тақдирига менгзаган. Малика Диананинг шахсий ҳаёти ва саховатпеша ишлари матбуот саҳифаларидан тушмас эди.

Шаҳзода Гарри ўзининг турмуш ўртоғи билан ҳам ушбу тарих такрорланаётганини маълум қилган.

«Онамдан айрилдим ва ҳозир рафиқам ҳам айни қудратли кучлар қурбонига айланаётганига гувоҳ бўляпман,» сўзлайди у.

Шаҳзоданинг бу иддаоси Mail on Sunday газетаси унинг рафиқаси Меганнинг ўз отаси Томас Марклга юборган мактубини эълон қилгани ортидан чиққан.

Хўш, малика Диананинг тақдири ҳақиқатан Меганда такрорланмоқдами?

«Дунёдаги энг машҳур шахс»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

«Диана ҳеч кимга ўхшамас қироллик тимсолига айланди. У халқаро миқёсда тан олинган машҳур шахс эди,» дейди журналист Кети Никол.

Қироллик оиласини кузтаиб борувчи журналист Жеймс Брукс Диананинг матбуот билан муносабатлари барқарор бўлмагани ҳақида сўзлайди.

«Айрим вақтларда Диана матбуот вакиллари билан яхши муносабатда бўлар эди. Бошқа пайтлари эса у матбуотни ўз ҳаётига аралашишга интилишда айбларди.»

Умрининг сўнгги йилларида Диана шахсий ҳаётида тўғрисида интервьюлар берган.

Ундан фарқли ўлароқ Меган қироллик оиласига келин бўлиб тушгандан сўнг матбуотдан ўзини торта бошлаган. Унинг аксар интервьюлари мавзуси ҳам хайрия фаолияти тўғрисида, холос.

Диананинг ўлими ва папаратси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Журналист Брукс шаҳзода Гаррининг матбуот борасидаги фикрлари малика Диана оламдан кўз юмган даврларда шаклланган.

Жаноб Брукс шаҳзодалар Гарри ва Уилям онасининг папаратсилар томонидан тинимсиз таъқиб этилгани туфайли матбуот ҳақида яхши фикрда эмаслигини айтади.

Малика Диана 1997 йил 31 август куни Париждаги тоннелда автоҳалокат оқибатида оламдан кўз юмган эди.

Ўшанда ҳайдовчи маст бўлган, машинани эса мототциклга ўтирган папаратсилар таъқиб этаётган бўлган.

Кейинроқ эълон қилинган текширув хулосасида малика Диана ҳайдовчи ва папаратсиларнинг «ҳаддан ошиқ бепарволиги» қурбонига айлангани таъкидланади.

2017 йилги Би-би-си ҳужжатли фильмида ҳам шаҳзода Гарри папаратсиларнинг онаси ўлимига алоқадорлиги борасида шундай сўзларни айтган:

"Онамни тоннелга қувиб кирган одамларнинг ўзи унинг орқа ўриндиқдаги жасадини суратга туширганлар."

Салбий ёритув

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бироқ Кети Никол Меганнинг "папаратсилар таъқибига учрамаётгани"га ишонади.

Журналист шаҳзода Гаррининг матбуот рафиқаси билан мавжуд масалаларни салбий талқин қилмоқда, дея ўйлашини айтади.

«Малика солиқ тўловчилар пулларини мақсадсиз совураётгани тўғрисида кўплаб мақолалар эълон қилинди.»

«Унинг қимматбаҳо либосларга юз минглаб фунт стерлинг сарфлаётгани масаласи ҳам ўртада турибди,» сўзлайди Кети Никол.

«У аввалдан жамоатчилик эътиборида бўлиб келган»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Айримлар Гаррига турмушга чиқишидан аввал машҳур шахс бўлган Меганнинг жамоатчилик эътиборида бўлиши табиий эканини айтади.

Бироқ Кети Никол малика дуч келаётган бундай эътибор унинг қироллик оиласига қўшилишидан олдинги ҳаётидаги каби кенг кўламли эмаслигини билдиради.

"Ҳа, у аввал ҳам машҳур шахс эди, лекин у Анжелина Жоли ёки Никол Кидман каби юлдуз эмас эди. У бунчалик даражадаги оммавий эътиборни ҳеч қачон бошидан ўтказмаган."

Кети Никол қироллик оиласига мансуб жуфтликка нисбатан одамларнинг қизиқиши юқори бўлиши одатий ҳол экани, аммо бу у қадар қўрқинчли ҳол эмаслигини таъкидлайди.

«Қироллик оиласи ҳаёти борасида хабарлар тарқатиш матбуотнинг вазифаси, аммо бу жараён холис ва адолатли кечиши зарур.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар