Дунё, Янгиликлар: Саудияда эр-хотин бўлмаган жуфтлар меҳмонхонада қолиши мумкин, Украинада намойиш

саудия Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Саудия Арабистони эр-хотин бўлмаган чет эллик жуфтларга меҳмонхонада хона олишга изн берди. Минглаб украиналиклар Президент Зеленский қароргоҳи қаршисида намойишга чиқди. Таиландда филчани қутқаришга ҳаракат қилган 5 фил ҳалок бўлди.

Саудия Арабистони эр-хотин бўлмаган чет эллик жуфтларга меҳмонхонада хона олишга изн берди

Бу тартиб янги эълон қилинган виза тизими билан бирга жорий қилинди. Энди меҳмонхонада аёллар ҳам ўзлари ёлғиз қолиши мумкин. Бунгача жуфтлар меҳмонхонага киришдан олдин ўзларининг қонуний эр-хотин эканликларини исботлаши керак бўларди.

Ушбу ўзгариш Саудия Арабистони туризм саноатини ривожлантиришга эътибрр қаратган бир манзарада рўй бермоқда.

Меҳмонхонага фақат эр-хотинларни киритиш тартиби Саудия фуқароларига сақланиб қолган.

Янги виза тартибига кўра, аёл сайёҳлардан бутунлай ўраниб олиш талаб қилинмайди. Аммо ҳамон ёпиқроқ кийиниш сўралади.

Спиртли ичимликларга бўлган тақиқ сақланиб қолган.

Минглаб украиналиклар Президент Зеленский қароргоҳи қаршисида намойишга чиқди

Киевдаги Майдонга бир неча минг одам Украина қабул қилган "Штайнмайер формуласи"га норозилик билдириб намойишга чиқди.

Майдондаги акциядан сўнг намойишчилар Президент қароргоҳига "Капитуляцияга йўқ", дея бақириб юриш қилди.

Украинанинг собиқ Президенти Петр Порошенко ўз рафиқаси билан намойишда иштирок этган.

Бу Владимир Зеленский Президент этиб сайланганидан сўнг илк йирик намойиш эканлиги айтилмоқда.

Намойишчилар Украинадан ажралиб чиқишга ҳаракат қилаётаган Донбасс "алоҳида мақом" берувчи ва ўртадаги чегара чизиғидан украин аскарларини орқага олишга қаратилган "Штайнмайер формуласи"га қарши чиқмоқда.

Таиландда бир бирини қутқаришга ҳаракат қилган 6 фил ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи KHAO YAI NATIONAL PARK

Филлар сувлоққа тиқилиб қолган филчани қутқариш учун бир-бирига ёрдам бераман деб ўлган. Маҳаллий ҳокимлик вакилининг айтишича, ҳодиса мамлакат жанубидаги Хао-Яй қўриқхонасида бўлган.

Филча шаршара қуйиладиган чуқурчага тушиб кетган. Қолган филлар уни чиқаришга ҳаракат қилган ва ҳаммаси чуқурликка йиқилган.

Ушбу шаршарада бу каби ҳодиса олдин ҳам бўлган. Маҳаллий аҳоли у ерни "Иблис дара", деб атайди.

1992 йили бу ерда 8 фил ҳалок бўлган.

Таиланд Қўриқхона ва табиатни муҳофаза қилиш вазирлигининг маълум қилишича, шанба куни эрталаб вазирлик ходимларига шаршара йўлини тўсиб қўйган филлар ҳақида хабар беришган.

Уч соатдан сўнг уч яшар филчанинг жасади шаршара тубида кўринган, унинг олдида йиқилиб тушган яна беш фил аниқланган.

Яна икки фил тоққа яқин жойда юрган. Ҳукумат аъзолари уларни у ердан ҳайдашга уринган.

Таиландда "Ёввойи ҳайвонларнинг дўстлари" жамғармаси асосчиси Эдвик Виек тўдадаги омон қолган филлар яшаб кетолмайди, демоқда.

Унга кўра, бу ҳайвонлар емак излашда ва йиртқичлардан ҳимояланишда бир-бирига қаттиқ боғланган. Яна филлар яқинларини йўқотганда ақаттиқ изтиробга тушиши ҳам маълум.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek