Нуқтаи назар - Саудия Арабистони: Хотин-қизлар эрксиз ва ҳуқуқсизми?

Ғарб матбуотида Саудия аёллари деганда асосан бошдан оёқ қоп-қора матога мажбуран чирмалган, тўрт девор ичига қамалган , ҳақ-ҳуқуқсиз эзилганлар тасаввур қилинади.

Баъзан бу каби мақолаларни ўқиб, худди Саудиядаги хотин-қизлар эркаклар қўлида жинсий эҳтиёжни қондирувчи бир матоҳ, деган хулосага келиш мумкин.

Албатта, бу каби хулоса соҳиблари аксарият ҳолатларда Саудияда яшамаган ёки Саудиядаги вазиятдан бохабар бўлмаганлардир.

Аслида Саудиядаги воқеилик... бу тасаввурларни чилпарчин қилиши мумкин бўлган томонларга ҳам эга.

Чунки одатда бу каби янглиш тасаввурдан қутилиш учун Исломни ва хусусан, Саудиянинг миллий маданиятини, урф-одатларини тушуниш керак.

Саудия Арабистонида опера санъати ривожлантирилади

Саудия Арабистонининг Ғарб учун аҳамияти беш нуқтага жамланди

Саудия Арабистони жинсий зўравонликни жиноят сифатида малакалашига эҳтиёж борми?

Эркак-аёл ажратилган жамият

Чунки ғарбликларга эрксизлик бўлиб кўринган нарса, аслида саудий аёллар учун аслида имконият манбаи ҳам бўлиши мумкин.

Бунга мисол қилиб оммавий жойларда бегона эркак-аёл ўртасидаги дахлсизликни олиш мумкин.

Дунёдаги энг консерватив дея қаралувчи бу жамиятда эркак-аёл ўзаро аралашмаслиги қатъий урф-одатлар ва диний эътиқоддан келиб чиққан.

Аксар оилалар қизини фақат қизлар ўқийдиган мактабда ўқитади, холос ва ишлатиш лозим бўлса, шундай шароит яратилган жойларда ишлашига рухсат беради.

Турли соҳаларда жамиятнинг аёл кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ҳамма соҳада аёлларга алоҳида шароит қилинган.

Давлат ташкилотлари ҳам аёллар ва эркакларга алоҳида ажратилган.

Хусусий ташкилотларда ҳам аёллар бўлмаси алоҳида.

Бўйдоқ эркакка осонми ёки ёлғиз аёлга?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Макка

Саудияда бўйдоқ эркак бўлишдан кўра ёлғиз аёл бўлиш осонроқ.

Чунки "фақат оилалар учун " деб ёзилган жойга бўйдоқ эркаклар киролмайди, аммо аёлларга бемалол.

Риёздаги Қирол Абдулазиз Олийгоҳининг тайёрлов курсида ўн мингдан ошиқ қизлар ўқийди.

Қизлар учун махсус қурилган Малика Нура Университети ҳудуди жиҳатидан дунёдаги энг катта олийгоҳ экани айтилади.

Чунки минглаб гектар жойни эгаллаган бу университет катталигидан ва барча шароитлар борлигидан шаҳар ичидаги шаҳарга ўхшайди.

Саудияда қизлар бошланғич мактабдан тортиб докторантурагача бепул таълим олиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Файзиддин Мўмин
Image caption Қирол Абдулазиз Университети, Жидда

Ўтмишда асосан тиббиёт ва таълим соҳасида аёл кадрлар етиштирилган бўлса, ҳозир ҳарбийлик истисно, қолган барча соҳаларда хотин-қизлар ҳам таълим олмоқда.

Қизлар таълими оммалашгани ҳамда камида бакалаврни битириш оддий ҳаётий эҳтиёж бўлиб қолгани учун турмушга чиқиш ёши ҳам ўзгарган.

Қизлар университетга кирганда 19 ёш бўлади.

Саудияда минимум турмуш ёши қонунда белгиланмаган бўлса ҳам 18дан кичиклар турмуш қуриши камдан кам учрайди.

Яна бир тушунмовчиликдан бири бу аёлларнинг машина ҳайдаши эди.

Биз турадиган уй эгаси саудий киши ва у тепамизда яшайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Файзиддин Мўмин
Image caption Макка

Кўришганда турли мавзуларда гаплашиб қоламиз .

Аёллар мошина минишига муносабатини сўраганимда у " ...бу давлатда эркаклар ҳайдаши салкам ўз жонига қасд қилишга тенг, сен аёлларни айтасан... Ўзи аслида рухсат берилгани билан аёллар мошина минишга ўлиб тургани йўқ. Бу нарса ўзи аёлнинг кароматига зид", дейди у.

Аёл каромати ўзбекча айтганда унинг ор-номуси, ҳурмати ва уни эъзозлаш, ҳимоя қилиш, ардоқлаш каби кенг маъноларни ичига оладиган бир ибора. Бундан ташқари аёлларга тааллуқли юз бераётган бошқа ўзгаришлар ҳақида ҳам гаплашдик.

Тўғри ҳамма жойда бўлганидек, оилавий зўравонлик, зулмлар ҳам учраб туради.

Лекин умуман олганда Саудий аёлининг қадри-қиммати жуда баланд, деган фикрдаман.

Уларга етишиш осон эмас. Ҳозирги бўлаётган баъзи ўзгаришлар ана шу иззат-икромга путур етказиб қўймасмикан деган хавотир билдирганди уйимиз эгаси.

Талоқ талаби аёлда ҳам бор!

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Макка шаҳри

Саудияда яна бир ғалати ҳолатлардан бири шуки, аёллар маҳкама орқали бемалол талоқ талаб қилиши мумкин. Ҳатто талоққа эришганда зиёфат қилиб бериш урф бўлган.

Ўзбекистонда бўлганидек талоққа исноддек қаралмайди. Олтмиш ёшли кампир ҳам ўз тенгини топиб тегиб кетаверади.

Аммо хорижликка теккан саудий аёлнинг эрига ва болаларига Саудия ватандошлиги берилмайди, саудий эркак хорижликка уйланса, унда унинг оиласига ҳам ватандошлик берилади.

Шу масалада тенгсизлик бор. Сўнгги уч йил давомида аёллар ишлаши кенг тарқалди. Энг малакали соҳалардан тортиб диплом ёки муайян малака талаб қилмайдиган хизмат кўрсатиш ва чакана савдо муассасаларида аёл ишчилар кўпайган.

Нуфузли халқаро ташкилотларда мутахассис бўлиб ишловчи, ўзи машина ҳайдаётган аёлларни ҳам учратсангиз ортиқ ҳайратланмайсиз...

Саудийларда оила харажатларини тўлиқ эркак кўтаради. Ишловчи аёл топгани эса ўзига. Шунинг учун аёллар ўз ота-онасига турмушга чиққандан кейин ҳам моддий ёрдам бериши оддий ҳол.

Саудияда кўпхотинлик қонуний бўлгани билан камдан кам одамлар уйланишга журъат қилади, чунки уйланиш ўта қиммат, яшаш ҳам қимматлашиб кетмоқда.

Давлат сув, электр, бензинга субсидияларни кесиб, қўшимча қиймат солиғи жорий қилгач нарх-наво кескин ошган.

Ҳамма саудийлар бойми?

Барча саудийлар бой деган янглиш тасаввур воқеъликдан узоқ. Аксари халқ амал-тақал кун кўради.

Аҳолинининг 70% ижарада яшайди.

Адлия тизимида қилинадиган ишлар кўп.

Қонун устуворлиги масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Аммо баъзи ўзгаришлар ҳам бўлмоқда. Масалан яқинда аёллар валий рухсатисиз сафар қилиши, ҳужжат ишларини мустақил бажариш ҳуқуқига эга бўлди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek