Дунёнинг ишлари: Африкада #SexForGrades ҳештеги оммалашмоқда

Жинсий тегажоғлик

Би-би-си бутун дунё бўйлаб аёлларга нисбатан жинсий тегажоғлик улкан муаммо эканини яхши англайди ва уни бартараф этишга кўмаклашиш, руҳий, жисмоний оқибатларидан тобора кўп оммани бохабар этиш мақсадида мақолалар, видео лавҳалар ва радио эшиттиришлар тайёрлаган.

Ана шу мақсаддаги журналистик суриштирувлардан бири Би-би-сининг BBC Africa Eye ижодий гуруҳи томонидан Ғарбий Африкада бир йил давомида ўтказилган.

Нигерия ва Гананинг нуфузли олий ўқув юртларида ўқитувчиларнинг талаба қизларга жинсий тегажоғлиги қуруқ гап эмас.

Би-би-сининг ушбу муаммо кўтарилган ҳужжатли фильми ижодкорларидан бири Кики Морди бунинг азобини ўз бошидан кечирган.

У 19 ёшида Нигериянинг энг нуфузли университети талабасига айланган.

"Мендан бахтли одам йўқ эди", дейди у.

Бироқ талабалик Кики тасаввур қилганидан буткул бошқа ҳаётга айланган.

Лекция ўқийдиган эркаклардан бири талаба қизнинг баҳосини ўзгартириш эвазига жинсий яқинлик талаб қилади.

Шу сабаб Кики ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлганини айтади.

BBC Africa Eye ижодий жамоаси вазият қандайлигини ўрганиш мақсадида ўнлаб талабалар, жинсий тегажоғлик қурбонига айланган қизлар билан суҳбатлашди.

Нигериядаги Лагос ёки UNILAG, Ганадаги Гана университетлари журналистик суриштирув объектлари сифатида танланди.

Талаба қизларни жинсий алоқага мажбурлайдиган ўқитувчилар ҳақидаги маълумотлар тўпланди.

Икки олий ўқув юртида гумон қилинган икки эркак ўқитувчи ёнига яширин журналистлар юборилди.

Ўзларини талаба ёки ўқишга кирмоқчи бўлаётган қиз деб таништирган журналистлар тегажоғ эркаклар билан учрашувларга баданида яширилган видео камералар билан боришди.

Суҳбатлар, ўқитувчиларнинг ўзларини тутишлари тасвирга туширилган видеолар ёзиб олинди.

Ниҳоят Би-би-си Лагос Университети, Гана Университети раҳбариятини ўзининг журналистик суриштируви натижаларидан бохабар этди ва тегажоғ эркакларга нисбатан муносабатини сўради.

Университетлар раҳбарияти жинсий тегажоғликка тоқат қилмасликлари ҳақида баёнотлар бердилар.

Би-би-сининг "Секс эвазига баҳо" ҳужжатли фильми намойишидан кейин Африкада #SexForGrades ҳештеги оммалашмоқда.

Твиттерда ушбу ҳештег остида жинсий тегажоғлик қаттиқ қораланмоқда, инсонлар ўз ҳаётида дуч келган ҳолатлар ҳақида ҳикоя қилмоқдалар.

Сиз яшаётган мамлакатда талаба қизларга нисбатан жинсий тегажоғлик ҳолатлари ҳақида эшитганмисиз?

Сиз таҳсил олаётган ўқув юртида бу қанчалар долзарб муаммо?

uzbek@bbc.co.ukэлектрон почтамизга мактуб ёзинг, Телеграм орқали хабар йўлланг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ