АҚШ "уйғурлар таҳқири" туфайли Хитой ташкилотларини қора рўйхатга солди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Шинжондаги лагерларда бир миллионча уйғур ва бошқа мусулмонлар ушлаб турилибди Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty
Image caption Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Шинжондаги лагерларда бир миллионча уйғур ва бошқа мусулмонлар ушлаб турилибди

АҚШ Шинжоннинг этник уйғурларига қарши таҳқирлардаги эҳтимолий иштироки учун 28 та Хитой компаниясини қора рўйхатга киритди.

Вашингтон Хитойнинг мусулмон аҳолисини репрессия қилишда гумонланган Хитой мулозимларига виза чекловини киритади.

Эндиликда Ташкилотлар Рўйхати аталмиш ушбу қора рўйхатдан жой олган компаниялар Вашингтоннинг рухсатисиз АҚШ компанияларидан маҳсулот сотиб ололмайди.

Рўйхатдагилар ичида ҳукумат агентликлари ва кузатув-назорат жиҳозлари ишлаб чиқарувчи технология компаниялари мавжуд.

Жорий йилнинг май ойида Президент Доналд Трамп маъмурияти хавфсизлик важлари асосида Хитойнинг йирик технология компанияси бўлмиш Huawei'ни айни шундай рўйхатга киритган эди.

АҚШ Савдо вазирлиги мазкур компаниялар "инсон ҳуқуқларини топташ ва таҳқирларга бош қўшгани" учун шундай жазоланганини маълум қилган.

АҚШ кимларни нишонга олди?

Шинжон Уйғуристонининг Оммавий Хавфсизлик Бюроси 19 та бошқа ҳукумат агентликлари билан биргаликда рўйхатдан жой эгаллаган.

Hikvision, Dahua Technology ва Megvii Technology дохил саккизта тижорий компания ҳам нишонга олинган бўлиб, уларнинг бари юзни танувчи технологияни яратиш билан шуғулланади.

Hikvision кузатув-назорат жиҳозлари ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компания ҳисобланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Hikvision кузатув жиҳозларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган

Хитой компанияларини нишонга олиш

АҚШнинг ушбу қадами, қисқа муддатга бўлса ҳам, Хитойнинг технология амбицияларига зарба беришига шубҳа йўқ.

АҚШ рўйхатига тушганлар - сунъий идрок соҳаси бўйича Хитойнинг энг йирик компаниялари.

Бироқ ҳозирда сунъий идрок алгоритмларида қўлланиладиган компонентлар фақат АҚШ фирмалари томонидан тайёрланади.

АҚШ эса ўз технологияларидан фойдаланишни Хитой компаниялари учун тобора чеклаб бормоқда.

Шу сабабдан Хитой ўз технологик салоҳиятини оширишга жиддий эътибор қаратган.

Масалан, шу йилда қора рўйхатга тиркалган Huawei Google каби компаниялар билан савдо алоқалари олиб бориши учун Вашингтоннинг экспорт бўйича лицензияси талаб этилади.

Бунга жавобан Хитойнинг технология гиганти ўз смартфонлари учун операцион тизим ишлаб чиқишини таъкидлаган.

Хитой ўзи учун тақиқланган бошқа Америка технологияларига муқобил маҳсулотлар яратишни ҳам бошлаб юборган.

Шинжонда вазият қандай?

Сўнгги йилларда Хитой ғарбий Шинжон Уйғуристонида кенг кўламли хавфсизлик амалиётларини ўтказиб келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва БМТ Пекиннинг бир миллиондан зиёд уйғур ҳамда бошқа этник озчиликларни ҳибсхона-жамлоқларда мажбуран тутиб тургани, уларни Исломдан воз кечиш, фақат хитой тилида сўзлаш ва коммунист режимга содиқ бўлишга зўрлаётганини таъкидлайди.

Пекин эса бу одамларнинг "қайта тайёрлов марказлари"да экани, бу эса уларнинг Хитой жамиятига қўшилишига замин яратишини иддао қилади.

АҚШ ва бошқа мамлакатлар Хитой ҳукуматининг Шинжондаги амалларини қоралашни кучайтирмоқда.

Ўтган ҳафта Ватиканда ташкилланган матбуот конференциясида АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео Хитой ўз фуқароларидан "Яратганга эмас, балки ҳукуматга сиғиниш"ни талаб қилаётганини даъво қилган.

Июль ойида 20 дан ортиқ мамлакат БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашида Хитойнинг уйғурлар ва бошқа мусулмонларга нисбатан муносабатини танқид этувчи қўшма мактубга имзо чеккан эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ