Дин ва дунё: Бин Лодинни тутишда АҚШга кўмаклашган покистонлик: Хоинми ё қаҳрамон?

Shakil Afridi Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШга дунёнинг биринчи рақамли террорчиси бўлмиш Осама Бин Лодинни топишда ёрдам берган покистонлик шифокор ўзига нисбатан қўлланган қамоқ жазосидан шикоят қилмоқда.

Бу Шакил Африди ишининг илк очиқ судда кўриб чиқилишидир. Прокурорлар сўрови билан маҳкама 22 октябрга қолдирилган.

У Бин Лодинга қарши 2011 йилда амалга оширилган «ов»даги иштироки учун ҳеч қачон расман айбдорликка тортилмаган.

Шифокор Шакил Афридининг Бин Лодинни қўлга олишга қўшган ҳиссаси Покистон учун улкан шармандагарчилик эди. Унинг ўзи асоссиз равишда қамоққа ташланганини таъкидлайди.

Пешовор Олий суди шифокорни озодликдан маҳрум этиши ортидан АҚШ Покистонга бериб келинган федерал кўмак миқдорини $33 миллионга қисқартирган - жаноб Афридининг қамоқда ўтадиган ҳар бир йили учун $1 миллиондан.

Шакил Африди АҚШда қаҳрамон ҳисобланса, Покистоннинг ўзида кўпчилик томонидан мамлакатга иснод келтирган сотқин ўлароқ кўрилади - АҚШ ҳарбийлари 2011 йилда Покистон ҳудудига кириб келган, террорчилар етакчисини ўлдириб, унинг жасади билан бирор қаршиликсиз яна чиқиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу ҳолат Покистон ҳарбийларининг асл салоҳияти, айниқса, мамлакат хавфсизлик хизмати Бин Лодиннинг ўз ҳудудида эканидан хабардор бўлгани ёки йўқлиги борасида кўплаб ноўнғай саволларни юзага келтирган.

Шакил Африди ким ўзи?

Доктор Африди Ҳайбар қабила ҳудудида юқори лавозимли шифокор бўлган ва соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи сифатида АҚШ томонидан молияланган эмлаш дастурларида иштирок этган.

У ҳукумат хизматчиси ўлароқ Бин Лодин яшириниб келган Абботобод шаҳарчасида гепатит Бга қарши эмлаш ишларини олиб борган.

АҚШ истихборотининг режаси Абботободнинг одамлардан узилган бир ҳудудидаги болалардан бирининг қон намунасини олиш ва ДНК тестлари орқали унинг Бин Лодинга қариндошлигини аниқлаш эди.

Доктор Афридининг ходимларидан бири ҳудудга ташриф буюриб, қон намуналарини олади - бироқ бу ташриф Американинг ўз нишони яшириниб ётган жойни аниқлашда ҳал қилувчи бўлганми ёки йўқ - номаълум.

Доктор Африди 2011 йил 23 майда - Бин Лодин ўлдирилганидан 20 кун ўтиб қўлга олинади. Унинг ёши ўша вақтда қирқларда бўлгани тахмин қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оддий оиладан чиққани ва 1990 йилда Ҳайбар тиббиёт коллежини тамомлаганидан бошқа доктор Афридининг шахсий ҳаёти борасида маълумот мавжуд эмас. У қўлга олинганидан кейин унинг оиласи жангарилар ҳужумидан қўрқиб, яширинишга мажбур бўлиб келмоқда.

Унинг рафиқаси - турмуш ўртоғи ҳибсга олинишидан аввал - Абботободдаги мактаблардан бирида директор бўлиб ишлаган. Жуфтликнинг уч нафар фарзанди борлиги маълум.

2012 йил январида АҚШ доктор Афридининг Америка истихборот хизматларига ишлаганини расман тан олган.

Аммо Покистон томони олиб борган тергов хулосаларига кўра, доктор Африди Марказий Истихборот Агентлиги уни ёллаган вақт махсус амалиёт нишони аслида Бин Лодин бўлганини билмаган.

У нимада айбланган?

Аввалига давлатга хиёнатда айбланган доктор Африди 2012 йил май ойида Лашкари Ислом жангари гуруҳини молиялаб келишда айбдор, деб топилган.

У 33 йилга озодликдан маҳрум этилган, кейинроқ бу муддат 23 йилга туширилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Доктор Африди, шунингдек, Лашкари Ислом жангариларига тиббий ёрдам кўрсатиш ва ўзи бошчилик қилган касалхона биносида гуруҳ мажлисларини ўтказишга имкон яратиб беришда ҳам айбланган.

Аммо унинг оиласи бу айбловларни рад этиб, Лашкари Ислом докторни 2008 йилда ўғирлаб кетганда, товон пули сифатида 1 миллион Покистон рупийси ($6,375)дан бошқа пул гуруҳга берилмаганини даъво қилган.

2013 йилда қамоқхонадан яширинча чиқарилган мактубда шифокор адолатсиз жазога тортилганини таъкидлаган.

Нега у АҚШга ёрдам беришда айбланмаган?

Бунинг сабаблари аниқ эмас.

Бироқ Бин Лодин можароси Покистон учун жиддий синов эди.

Покистон расмийлари АҚШнинг ҳаракатларини суверенитетга дахл қилиш ўлароқ кўрган бўлсада, мамлакат истихборот хизматлари ал-Қоида етакчисининг йиллар давомида Абботободдаги уч қаватли бинода яшириниб келганидан бехабар бўлганини очиқ тан олган.

Бироқ ўша вақтларда Вашингтон сиёсий доиралари "Бин Лодиннинг Покистонда бирор кўмак олмагани ақлга сиғмаслиги"ни таъкидлаган. Бу даъво эса расмий Исломобод томонидан қатъиян рад этилган.

Аниғи шуки, доктор Афридини АҚШ ўтказган амалиётдаги иштироки учун жазога тортиб Покистонни янада қийин вазиятга солиб қўйган бўлар эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek