Россия Путини: Яккалаб қўйилган пошшодан Яқин Шарқ тақдирини ҳал қилувчи шахсга айланиш

Russian President Vladimir Putin arrives at the Gasr Al Watan Palace on October 15, 2019 in Abu Dhabi, United Arab Emirates Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Svetlov
Image caption Ўтаётган ҳафта Путин Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирлигига ташриф буюрди

Беш йиллик режалар ёдингизда борми? Бир вақтлар улар ҳамманинг оғзига тушган эди.

Коммунист Россия беш йил ичида иқтисодиётни буткул ўзгартириш мумкин, дея ҳисоблаган эди.

Владимир Путин Россияси эса бу ғояни янада такомилга етказди. Ўтган беш йил ичида Кремль нафақат иқтисодиёт, балки Москванинг геосиёсий таъсирини ҳам кенгайтиришга улгурди.

2014 йилга назар солсак.

Россиянинг Қримни аннекция қилиши ва Украина шарқига ҳарбий интервенция уюштириши ортидан Ғарб Москвага санкциялар билан зарба берди - оқибатда, Россия яккаланган, таҳқирланган давлатга айланиб қолди.

Ғарб етакчилари фикрини ўзгартиради, деган ишонч ила президент Путинни тинмай танқидга тутдилар, Москвага нисбатан босимни оширдилар. Президент Обама Россияни «минтақавий қудрат» дея атади. Яқин ўтмишда ўта қудратли бўлган давлат учун бу ҳақиқий хўрлик эди.

Энди 2019 йилга қайтсак.

Бугунги кунда Россия халқаро таъсир доирасини кенгайтиришга зўр бермоқда. У, Америка махфий хизматлари хулосасига кўра, АҚШдаги президент сайловларига аралаша олди; Африка ва Жанубий Америкадаги таъсирини оширишга уринмоқда; шунингдек, Европанинг ичидаги гуруҳбозликни кучайтиришга ҳам эътибор қаратган.

Яқин Шарқдаги ўртакаш

Москва Сурияда ҳарбий амалиёт бошлаганидан тўрт йил ўтиб, Россия минтақадаги ҳал қилувчи куч ва муҳим ўйинчи мақомини АҚШдан тортиб олмоқда.

Ўтган бир неча кун ичида Владимир Путин телефон орқали Туркия президенти билан суҳбатлашиб, уни Москвага таклиф қилди; Исроил Бош вазири билан телефонда «хавфсизлик масалалари»ни муҳокама қилди; Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига қадам ранжида этди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Путин 15 октябр куни Абу Дабига ташриф буюрган вақт учоқлар ҳавода Россия байроғини акс эттирди

Буларнинг бари Россиянинг Яқин Шарқдаги роли ортиб бораётганидан далолат беради.

Россиядаги машҳур Московский Комсомолец нашри бу ўзгаришларни қуйидагича тасвирлайди:

"Яқин Шарқдаги мавжуд ҳолат Генри Киссенжер даврида ва унинг «глобал шахмат тахтаси» ғояси бўйича тасаввур қилиб бўлмасдек туюлган бўлар эди. Америка аталмиш қудрати ортиб кетган полвон куппа-кундузи ўз йўлини йўқотиб қўйди… айни вақтда эса Россия дипломатияси ўйинда илдамлаб бормоқда

Россия универсал воситачи ва сиёсий ўртакаш ролини ўйнамоқда. Бирор минтақавий қудрат эса буни инкор қила олмайди".

Москвада Доналд Трампнинг АҚШ ҳарбийларини Сурия-Туркия чегарасидан олиб чиқиш режаси ташқи сиёсат бўйича экспертлар томонидан ҳайрат ила қабул қилинди.

«Америкаликлар ақлли эканига нисбатан чуқур ишонч мавжуд», дейди Кремлга яқин бўлган россиялик сиёсий таҳлилчи Фёдор Лукянов.

"Агар америкаликлар бирор аҳмоқона ишга қўл урса, бу уларнинг аҳмоқлигини англатмайди, балки биз уларнинг мислсиз режасини англай олмаган бўламиз. Аксар россияликлар учун америкаликлар қандайдир тентакнамо ишларни қилиши мумкинлигига ишониш қийин кечади. Бироқ улар шундай ҳам қилиб турар экан".

Сурия: Нега Россиянинг қўли баланд келмоқда?

Москва Сурия шимолий-шарқидаги ҳозирги ҳолатдан манфаат кўра оладиган бир неча йўллар мавжуд:

  • Россия президент Ассаднинг сиёсий ва ҳарбий томондан энг йирик дастакловчисидир. Дамашқ қанча ҳудуд бўйлаб назоратни қўлга киритса, Москва учун шунча яхши;
  • Курдларнинг ёлғиз ўзини қолдириб кетиш Американинг минтақадаги ишончли ҳамкор мақомига жиддий путур етказди. Бу Россияга ўзини - Яқин Шарқдаги барча томонлар олдида - ягона ҳал қилувчи ва тинчлик ўрнатувчи куч сифатида намоён қилишига замин яратади. Россия ҳарбий полицияси Сурия ва Туркия кучлари ўртасидаги ҳудудда аллақачон патруль ташкил этган. Бундан англанадиган нозик ишора шундай: агар Яқин Шарқда тинчлик бўлишини истасангиз, Россияга юзланинг;
  • Ўтган яқин йиллар ичида Москва, айниқса, Европа Иттифоқи ва НАТО аъзо давлатлари ўртасидаги низолардан фойдаланган ҳолда, ғарблик иттифоқчиларни ҳолдан тойдиришга уриниб келмоқда. Туркия ва НАТО аъзолари ўртасида Сурия масаласи туфайли юзага келган зиддият Россиянинг фойдасига ишлади; бир вақтнинг ўзида Москва НАТОни ичидан дарз кетдиришга интилмоқда. Россиянинг С-400 мудофаа тизимини сотиб олган Туркия ва АҚШ ўртасига эса аллақачон совуқчилик тушиб бўлган.

2015 йилда Сурияда ҳарбий амалиёт бошлаган Москва ўзининг асосий мақсади халқаро терроризмга зарба бериш эканини иддао қилган эди. Бироқ Россиянинг Яқин Шарқдаги таъсирини қайта шакллантириш ҳеч қачон назардан четда қолмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россия ҳарбийлари Тартусдаги ҳарбий базада суриялик аскарлар билан бирга

Тартусдаги денгиз базаси ёрдамида Россия Ўртаер ҳудуди бўйлаб ҳарбий кучларини ҳаракатлантира олади. Яқинда чиққан хабарлар эса Москва Латакия яқинидаги ҳарбий ҳаво базасини кенгайтираётганидан дарак бермоқда.

Қудрат ўзгариши мувозанати?

Россиянинг жаҳон саҳнидаги қатъиятининг ортиши Ғарбдаги сиёсий ўзгаришлар даврига тўғри келди.

«АҚШ ва Европа Иттифоқи бугун сўнгги икки йилга қараганда, ўз қобиғига ўралмоқда», сўзлайди Фёдор Лукянов.

«Биз Россиянинг рақиблари уни яккалаб, беқарорлик ҳолатига олиб келишга уринганининг гувоҳи бўлдик. Бироқ Россия ташқи босимга нисбатан юксак даражада матонат кўрсата олди, Яқин Шарқда ақлли қадамларга қўл урди».

Матонат ва ақлли қадамлар намойиши - шубҳасиз. Таъсир доирасининг ортиши - мутлақ ҳақиқат. Бироқ қайта оёққа тураётган Россияни бир қанча эҳтимолий хандаклар кутиб турмоқда.

Мамлакат иқтисодий жиҳатдан қудратли давлат эмас. Россия иқтисодиёти мўрт ва давомий турғунлик Москванинг халқаро амбицияларини чеклаб қўйиши мумкин.

Яқин Шарққа келсак, минтақа турли гуруҳлар томонидан тилкалаб ташланган, у ерда ишончсизлик ва нафрат ҳукмрон. Эҳтимол, Россия ҳал қилувчи ўртакаш даражасига эришгандир, аммо у тинчликни қайта тиклаш йўлида ўз таъсиридан фойдаланишга қарор қилса, у ҳолда кишини қўрқувга солувчи дипломатик қаршилик билан юзлашиши аниқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek