Дин ва дунё: Мадраса талабаси ўлимида айбдор 16 киши осишга ҳукм қилинди - Бангладеш

Нусрат Жаҳон рофий Фото муаллифлик ҳуқуқи family handout
Image caption Нусрат ўқиган мадраса томида унинг устига керосин қуйиб, ёқиб юборишганди

Бангладешда 19 ёшли мадраса толибаси Нусрат Жаҳон Рофийнинг вафотида айбдор деб топилган 16 киши ўлим жазосига ҳукм қилинди. У мадраса директори устидан жинсий тегажоқлик ҳақида шикоят ёзгани учун ёқиб юборилганди. Ўлимга ҳукм қилинганлар орасида мадраса директори ҳам бор.

Шунингдек, Нусратнинг икки синфдоши ва амалдаги партиянинг маҳаллий бўлими 2 раҳбари ҳам олий жазога ҳукм қилинган.

Шу йилнинг апрел ойида Нусратнинг устига керосин сепиб, мадраса томи устида ёқиб юборишганди.

Қотилликдан бир неча кун олдин у мадраса директори томонидан тегажоқликка учрагани тўғрисида полицияга ариза ёзган.

Пойтахт Даккадан 160 чақирим узоқликдаги Фени шаҳарчасида содир бўлган ҳодиса бутун мамлакатни оёққа тургизганди. Бангладеш бўйлаб адолатли суд талаб қилиб намойишлар ўтди.

16 айбланувчи устидан суд жараёни одатдагидан тезроқ суратда ўтди. Прокурор Ҳофиз Аҳмад буни Бангладешда "қотилликка тоқат қилинмаслигидан" дарак беришини айтди.

Жазога тортилганларнинг адвокатлари ҳукмдан норози бўлиб апелляция ёзишини билдирди.

Нусрат Жаҳон Рофий иши бўйича тергов жараёни унинг синфдошларидан тортиб, бир неча қудратли эркаклар тил бириктирган фитнани фош қилди.

Уларнинг мақсади Нусратнинг оғзини ёпиш эди.

Image caption Суд биноси полиция томонидан ўраб олинди

Мадраса директори Сирож Уд Дула, мадрасанинг яна икки ўқитувчиси ва қудратдаги "Авом лигаси" партияси маҳаллий бўлимининг икки раҳбари қотилликда айбдор, деб топилди.

Полициянинг таъкидлашича, Нусратнинг аризасидан сўнг қўлга олинган мадраса директори турмадан ўқувчисининг адабини бериш тўғрисида буйруқ беради.

Маълум бўлишича, бир неча полиция ходимлари ҳам бу одамлар билан ҳамкорлик қилган ва уларга Нусрат ўлдирилмаган, балки жонига қасд қилган деган ёлғон хабарни тарқатишда ёрдамлашган. Судланувилар ёнида бу полиция ходимлари йўқ эди.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Нусратнинг оиласи полиция ҳимоясида қолмоқда. У март ойида директор томонидан бўлаётган тегажоқлик ҳақида айтганида, оиласидагилар унинг полицияга ариза бериш қарорини қўллаб-қувватлаган эди.

Нусратнинг қариндошлари суд ҳукмини яхши қаршилашди ва уни тезроқ амалга оширишни сўрашди.

Бангладешда ўлим жазоси осиш орқали амалга оширилади.

Адоват, кўз ёши ва адолат учун кураш

Акбар Ҳуссайн, Би-би-си Бенгал хизмати мухбири, Фени

Судя ҳукмни эълон қилганидан сўнг бир неча судланувчилар ўкириб йиғлаб юборишди. Бошқалар эса залга қараб: "Бизни ноҳақ судлашди, бу адолатдан эмас", дея бақиришди.

Бироқ Бангладешда айнан Нусрат каби аёл ва қизлар ҳуқуқ тартибот органларини томонидан адолатсизликка кўпроқ дуч келади.

Ўқув муассасаларида ва ҳатто диний мадрасаларда жинсий тажовуз кенг тарқалган. Бу ҳақда очиқ гапиришга журъат қилганлар эса бадалини оғир тўлашига тўғри келади.

Мадраса талабасига нима бўлганди?

2019 йилнинг 6 апрелида Нусратни мактаб томига чиқишга ундашади. Бундан 11 кун олдин Нусрат уни хонасига чақириб баданига ножоиз ҳолатда тегинган мадраса директорининг ҳатти-ҳаракатлари устидан полицияга ариза ёзиб берганди.

Мактаб томида уни бурқага ўранган 4-5 киши ўраб олади. Улар 19 ёшли қиздан полицияга ёзган аризасини қайтариб олишни талаб қилади.

Нусрат бу талабни рад этганидан сўнг тўпланганлар унинг устига керосин қуйиб, ёқиб юборишади.

Тергов маълумотларига кўра, улар бу нарса суиқасддек кўринишидан умид қилишган. Бироқ Нусрат уларнинг қўлидан қочишнинг ва ҳатто уйигача етиб олишнинг уддасидан чиқади.

Image caption Ҳукм ўқиладиган кун аёллар суд биноси ёнида намойиш ўтказди

Ўлиб қолиши мумкинлигига кўзи етган Нусрат акасидан нима бўлганини мобил телефонга ёзиб олишни сўрайди.

"Устоз менга тегинди. Бу каби жиноятлар билан сўнгги нафасим қолгунича курашаман", деган ва унга мактаб томида ҳужум қилганларнинг исмларини айтган.

Нусрат баданининг 80 фоизи куйиб кетган эди. Воқеадан тўрт кун ўтиб, 10 апрелда унинг жони узилди.

Ислом давлатида тегажоғлик

Жинсий тегажоғлик ҳақидаги хабар Бангладешда ҳеч кимни ҳайратга солмайди. ActionAid инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, мамлакат иқтисодининг етакчи соҳаси бўлмиш тўқимачилик саноатида ишлайдиган 80 % аёл иш вақтида жинсий зўравонликка дуч келган ёки гувоҳи бўлган.

Бироқ ҳаёт учун хавфли бўлгани учун бу ҳақда очиқ гапирилмайди.

Жинсий зўравонлик ва тегажоқлик қурбонлари кўп ҳолларда қораланади ва ўз жамоатидан ажратиб қўйилади, интернет ва реал ҳаётда таъқиб қилинади. Кўп ҳолларда дўппосланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Нусратнинг ўлимидан сўнг аёлларни ҳимоя қилиш мақсадида Бангладеш пойтахти Даккада намойишлар бошланиб кетди

Нусратнинг ҳаракатлари ноодатий эди - у полицияга борди. Полиция идорасида унинг аризасини мобил телефонга ёзиб олишади ва тасвирлар матбуотга сиздирилади.

Нусратнинг ўлимидан сўнг апрел ойида қотиллик ва тегажоқликда айбланаётган мадраса директорининг тарафдорлари кўчаларга намойиш қилиб чиқди.

Улар Сирож Дулуни озод қилишни талаб қилишди.

Нусратнинг оиласи ўз хавфсизлигини ўйлаб қўрқа бошлади.

Жамият ва ҳукумат қотилликка қандай муносабат билдирди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бангладеш бўйлаб оммавий намойишлар бошланиб кетди.

Тажовуз ва жинсий тегажоқлик қурбонларининг ҳимоясизлигига янги кучлар қўшилди.

Фаоллар ва асосан аёллардан ташкил топган намойишчилар жинсий жиноятларнинг жазосиз қолдираётган маданиятга қарши кўчаларга чиқишди.

Бангладеш Бош вазири Шайх Хасина "бирорта ҳам жиноятчи жиноий жавобгарликдан қочиб қутулолмайди" дея ваъда берди.

Фитна иштирокчилари бўлган 16 кишига бир ой ўтиб, майда айблов эълон қилинди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek