Ўзбекистон: Депутат прописка масаласини кўтарди, аммо бекор қилишга чақирмади

Расул Кушербаев

Сурат манбаси, Press Klub

Сурат тагсўзи,

Кушербаев бундан аввал Тошкент пропискасини "адолатли тизим деб бўлмаслиги"ни айтганди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Расул Кушербаев Тошкентда амал қиладиган вақтинча прописка тизимини танқид қилди.

Унга кўра, мавжуд тизим вилоятлардан келганларнинг пул топишини қийинлаштирмоқда.

Депутат бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сессияси чоғида гапирган.

"Тошкент шаҳрида қанчадан-қанча фуқароларимиз вилоятлардан келиб қурилишда, бошқа соҳаларда ишлаяпти. Улар вақтинча пропискага туриб, ишлаши керак, деган талаб бор. Биз ўтган йили Меҳнат кодексидан олиб ташладик, ишга киришда прописка талаб қилинмайдиган бўлди. Лекин амалдаги тартибда қоляпти прописканинг талаблари умумий қоидалар сифатида", деб айтган Кушербаев

Депутат вақтинча рўйхатга туришни осонлаштиришни таклиф қилди.

Аммо Тошкент пропискаси тизимини бекор қилишга чақирмади.

Бундан аввал Кушербаев пропискани "адолатли тизим деб бўлмаслиги"ни айтганди.

Конституцияга зид, лекин қонуний

Ўзбекистон Конституцияси фуқароларнинг эркин ҳаракатланишини кафолатлайди.

Аммо шунга қарамай, расмийлар Тошкент пропискасининг "қонуний" эканини таъкидлашади.

"Прописка бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган. Бу қонун Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланаган, Сенат томонидан тасдиқланган. Шунинг учун формал нуқтаи назардан, конституцион ҳуқуқ нуқтаи назаридан юз фоиз ўзимга амин бўлиб айтишим мумкинки, бу ҳолатда конституциянинг талаби бажарилган", деб айтган аввалроқ Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов.

Сурат манбаси, Social Media

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 22 йил январдаги фармони билан тасдиқланган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 2018 йил 20 мартига қадар «Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш» кўрсатмаси берилган эди.

Бироқ дастурнинг бу банди амалга оширилмай, унинг ўрнига 2018 йилнинг кузидан Тошкент шаҳрида қурилганига уч йилдан ошмаган турар-жой сотиб олган вилоятлик фуқароларга пойтахтнинг доимий пропискасига эга бўлиш ҳуқуқи берилган.

Қонундан ташқаридаги ишчи кучи

Ҳар куни ўн минглаб вилоятликлар Тошкентда иш излашади.

Аммо пойтахтдаги бу арзон ишчи кучи ноқонунийдир.

Таҳлилчиларга кўра, "мардикорлар" ички ишлар ходимлари учун "осон ўлжа".

Сурат тагсўзи,

Ҳар куни ўн минглаб вилоятликлар Тошкентда иш излашади

"Бу ҳаммаси Конституцияга зид нормалар", - дейди иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров.

Унинг фикрича, Тошкент прорпискаси мамлакат иқтисодининг ўсишига тўсқинлик қилмоқда.

"Иқтисодий зарари шунда-ки, меҳнат ресурсларининг бир минтақадан иккинчисига эркин ўтишига сунъий тўсиқ бўлади. Иккинчи томондан, қишлоқдан шаҳарга ахоли кўчишига тўсиқ. Тошкентга ишчи кучи норасмий тарзда келади. Бу эса ички ишлар органларидаги коррупция билан боғлиқ ҳолат", дейди Абдулла Абдуқодиров.

Аммо ҳукумат ҳозирча бу тўсиқни олиб ташлашга шошилмаяпти.

Прописка масаласи шу йил декабридаги парламент сайловларида қатнашаётган биронта ҳам сиёсий партиянинг сайловолди дастурида йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek